Тошкентда “Инсон ҳуқуқлари уйи” очилди
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Инсон ҳуқуқлари уйи” ўз фаолиятини расман бошлади. Марказ АОКА ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Тақдимот маросимида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий нормаларни тарғиб қилишга дахлдор халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, ОАВ ходимлари давлат органлари мутахассислари, етакчи экспертлар, илм-фан ва жамоат арбоблари иштирок этишди.
– Китобда ажиб бир илоҳий куч бор, чунки сен уни очганинг сари у сени очади деган эди замондош адибимиз Чингиз Айтматов. Китоблар биз – инсонлар учун хаёлий дунёмиз билан ҳаётий дунёмиз ўртасидаги ишонч кўприги вазифасини ўтамоқда. Биз айнан китоблар ёрдамида орзуларимизни рўёбга чиқарамиз, онг-тафаккуримизни юксалтирамиз ва дунёқарашимизни кенгайтирамиз. “Инсон ҳуқуқлари уйи” нинг очилиши мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими тараққиёти йўлида муҳим қадам бўлишига ишонаман.
Маърифат маскани фаолиятини ташкил этишда яқиндан бизга ёрдам берган ҳамкорларимиз бор. Биз билан марказ очилишида елкама-елка бўлиб турган ташкилотларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Марказимиз совға қилинган китоблар эвазига катта кутубхонага айланди. Қимматли китоблар, сара адабиётларни кўриб, ўзимни ҳам кўзим қувнамоқда,–деди тантанада сўз олган инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази раҳбари Акмал Саидов.
Тадбирда сўзга чиққанлар юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан бунёд этилган “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг очилиши мамлакатимиз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими тараққиёти йўлида ғоят муҳим қадам эканлигини эътироф этишди. Ушбу тантанали тадбир 8 декабр – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллиги ва 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари халқаро куни тимсолидаги иккита муҳим санага бағишлангани бежиз эмаслиги таъкидланди.
Тадбирда халқаро ҳамкорлар ва дипломатик корпус вакилларига сўз навбати берилди.
БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси Сабина Маҳл, ЕХҲТ Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг собиқ директори, халқаро эксперт Маттео Мекаччи, Хитой Халқ республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Сзюн, Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси вакили Биляна Милошевич Ўзбекистон халқини “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг очилиши билан қутлар экан, ушбу маърифат маскани мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, маърифат ва маданият рамзи эканлигини қайд этдилар.
Ўз навбатида мамлакатимиз академик ҳамжамияти ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳам ўз мулоҳазалари билан чиқиш қилишди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори Муроджон Турғунов ва “Тараққиёт стратегияси” маркази директори Элдор Туляковлар ҳуқуқ борасида қўйилган муҳим қадамларнинг истиқболи хусусида ўз мулоҳазаларини ўртоқлашди.
Тантанали тадбир иштирокчилари ва меҳмонлар “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг фаолияти билан таништирилди. Бир пиёла чой устида инсон ҳуқуқлари бўйича янги маърифат масканининг моҳияти ва аҳамияти ҳақида самимий суҳбатлашилди.
Феруза Раҳимова,
Мирнодир Миракмалов,
Эъзоза Умрзоқова
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0