Ҳалол ҳақимни сўраяпман, бой ота!
Ёхуд МИБ нега суд қарори ижросини чўзаяпти?
Сарлавҳани ўқиб беихтиёр Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссаси асосида тасвирга олинган бадиий фильм ёдингизга тушган бўлса, ажаб эмас. Болакайнинг кўзлари мўлтираб, тирикчилик ташвишидан ғамга чўмиб ўз ҳақини сўрагани, жамоатчилик, кайвони отахонларнинг аралашуви билан “хом-пишиқ” аралаш олма олганини ҳамма билади. Эҳтимол, ўша замоннинг зайли шу бўлгандир: бой ишчисини истаган ноғорасига ўйнатгандир. Лекин бугунги кунда ҳам атрофимизда иш ҳақини ундиролмаётган, Қоравойнинг таъбири билан айтганда, ҳалол меҳнат билан топган ҳақини ололмаётган кишилар учраб турибди.
2024 йил, май. Қашқадарё вилояти Қарши туманида яшовчи фуқаро Отабек Бўриев “Қарши ёғ-экстракция” аксиядорлик жамиятидан ишдан бўшатилади. Ишчининг ўз аризасига биноан меҳнат шартномаси бекор қилинади ва у билан ойлик иш ҳақи ҳамда бошқа тўловларни ҳисоб-китоб қилиш белгиланади. Ҳисоб-китобларга кўра, Отабек Бўриевга тўланмаган иш ҳақи 22 миллион 246 минг 548 сўм ва фойдаланилмаган меҳнат таътили учун конпенсация пули 2 миллион 475 минг 937 сўм, жами 24 миллион 722 минг 485 сўмни ташкил этади. Бундан, албатта, Отабек Бўриевнинг руҳи кўтарилади. 31 йил давомида меҳнат қилган корхонасидан миннатдор бўлади. Олинадиган пулдан самарали фойланиш мақсадида режалар тузади ва маблағ пластик картасига ўтказилишини кута бошлайди. Лекин орадан уч ой ўтса ҳамки, тўловдан дарак бўлмайди. Бир-икки оғзаки мурожаатидан натижа чиқмагач, Ўзбекистон касаба уюшмалари Қашқадарё вилояти кенгаши раисига ариза билан мурожаат қилади. Вилоят кенгаши мурожаат юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига даъво аризаси киритади. Суд “Қарши ёғ-экстракция” акциядорлик жамиятидан Отабек Бўриев фойдасига 24 миллион 722 минг 485 сўм миқдоридаги қарздорликни ундириш бўйича қарор чиқаради. Бундан миннатдор бўлган Отабек Бўриев яна кунни ҳафтага, ҳафталарни эса ойларга улаб, иш ҳақини кута бошлади. Бироқ...
Ҳалигача пулимни ололганим йўқ, – дейди у. – Касаба уюшмалари ваколати доирасида ёрдам берди, суд қарори ҳам чиқди. Лекин Мажбурий ижро бюроси ҳамон тўланмай қолган ойлик иш ҳақимни ундириб бергани йўқ. Бир ойча аввал бюро ижрочисига учрашганимда корхона раҳбариятига қўнғироқ қилиб гаплашди. Улар “ўн кун ичида тўлаб берамиз”, дейишди. Лекин сўзларида туришмади. Кейинги сафар ҳам қуруқ ваъда беришдан нарига ўтишмади.
Ўз-ўзидан савол туғилади: суд 2024 йил 26 сентябрда бўлиб ўтган бўлса, Мажбурий ижро бюроси ўтган давр мобайнида фақат қўнғироқ қилиш билан шуғулланганини қандай изоҳлаш мумкин ёки улар фақат ўртада воситачилик қилишадими? Ижро иши муддати белгиланиб, ундирув қарздорнинг мол-мулкига қаратилмайдими? Суд қарорлари ижроси бажарилмай муддати чўзилаверадими?
Хуллас, бу ўринда Мажбурий ижро бюросининг ходимларидан кўра “Шум бола”даги каби кайвони отахонларга эҳтиёж борга ўхшайди. Зора, жамоатчилик йиғилиб, корхона раҳбариятини инсофга, диёнатга чақирса. Шунда қарздор инсофга келиб, тўланмай қолган иш ҳақлари ундириб берилса, ажаб эмас.
Баҳодир ҲАЛИМОВ
“ISHONCH”
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0