Японияда сакура фестивали
Сакура фестивали – бу ҳаётда ҳеч бўлмаганда бир марта кўриш керак бўлган воқеа. 1000 йилдан ортиқ вақт олдин пайдо бўлган байрам оммавий маданият ва туризмнинг ривожланиши туфайли йилдан-йилга оммалашиб бормоқда.
Ҳар йили баҳор фасли Японияда сакура гуллаши билан бошланади. Бу ҳодиса нафақат табиатнинг гўзал бир мўъжизаси, балки Япония маданиятининг ажралмас қисми ҳамдир. Сакура гуллашини томоша қилиш ва у билан боғлиқ анъаналар япон халқининг ҳаётида муҳим ўрин тутади. Ушбу мақолада биз сакура гуллашининг вақтлари, жараёни, кимлар бу гўзалликни кўриш учун ташриф буюриши, мазали таомлар ҳамда анъаналар ҳақида сўз юритамиз.

Сакура гуллаш даври
Японияда сакура март ойининг охирларидан апрель ойининг ўрталарига қадар гуллайди. Гуллаш даври ҳар йили об-ҳаво шароитига боғлиқ бўлиб, жанубий Окинава оролларида март ойининг бошида бошланса, шимолий Ҳоккайдо оролида апрелm ойининг охири ёки май ойининг бошларида кеч кузатилади. Япониянинг метеорология агентлиги гуллашни кузатиб бориб, махсус сакура прогнозларини эълон қилади, бу эса саёҳатчилар ва маҳаллий аҳоли учун жуда муҳимдир.
Сакура дарахти гуллаш жараёни бир неча босқичга бўлинади:
1. Тсубоми (ғунча) – гуллаш олдидан куртаклар пайдо бўлиши.
2. Каика (биринчи гуллар) – дастлабки гул очилиши.
3. Манкаи (тўлиқ гуллаш) – дарахтларнинг бутунлай гуллар билан қопланиши.
4. Сакурафубуки (гул баргларининг тўкилиши) – шамолда сакура барглари ерга ёғилаётган гўзал манзара.

Ханами тарихи
Японияда сакурани томоша қилиш анъанаси бундан 1000 йил аввал, Нара даврида (710-784 йиллар) пайдо бўлган. Ўша пайтда императорлар нуфузли меҳмонларни гуллаётган дарахтлар остида пик-никка таклиф этишарди. Эдо даврида (1603-1868 йиллар) ханами байрами бутун халқ байрамига айланди.
Бугунги кунгача аҳолининг ҳар баҳорда боғ ва хиёбонларда тўпланиб, очилган гулларни томоша қилиш одати сақланиб қолган. Бундан ташқари, XIX асрнинг иккинчи ярмигача Японияда Янги йил баҳорда нишонлангани боис, мамлакатда сакуранинг гуллаши ҳамон ҳаётнинг янги босқичи бошланиши билан боғланади.
Сакуранинг энг қадимги дарахти Яматака Жиндаи Закура 1800 ёшдан 2000 ёшгача. Яманаси префектурасидаги Япониянинг Жиссoжи ибодатхонаси ҳудудида ўсади.
Сакуранинг нозик барглари жуда тез тўкилади – дарахтлар ўзининг бутун рангида атиги бир ҳафта туради. Агар ёмғир ёғса ёки кучли шамол эсса, гуллаш бошланиши биланоқ тугаши мумкин.

Саёҳатчилар оқими кескин ортади
Сакура гуллаши пайтида нафақат японлар, балки дунёнинг турли бурчакларидан сайёҳлар Японияга ташриф буюради. Токиодаги Уено боғи, Киотодаги Маруяма боғи, Осакадаги Осака қалъаси ва Фужи тоғи яқинидаги Чуреито пагодаси энг машҳур масканлардан ҳисобланади. Айниқса, оилалар, дўстлар ва ҳамкасблар йиғилиб, "Ханами" деб номланувчи сакура томоша қилиш маросимини ўтказишади.
Ҳар йили Япония сакура мавсумида миллионлаб сайёҳларни қабул қилади. Статистик маълумотларга кўра, ҳар йили мавсумнинг ўзида Япония тахминан 5 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳларни қабул қилади. Бу туризм соҳаси учун катта иқтисодий даромад манбаи ҳисобланади. Меҳмонхоналар, ресторанлар, сувенир дўконлари ва транспорт тизими ушбу даврда сезиларли даромад кўради. Туризм саноати учун бу мавсумда тушум миллиардлаб АҚШ долларини ташкил этади ва мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига катта ҳисса қўшади.
Миллий таомлар фестивали
Бу даврда махсус сакура мавсумий таомлари тайёрланади:
• Сакура мочи – ширин гуручли пирожное, сакура барги билан ўралган.
• Ҳанами данго – рангли ширин гуруч шарчалари.
• Сакура ча (сакура чойи) – қуритилган сакура баргларидан тайёрланган чой.
• Сакура темпура – сакура гулларининг қовурилган варианти.
• Сакура латте ва ширинликлар – қаҳвахоналарда мавсумий менюда учрайдиган ичимликлар.
Японияда сакура гуллаши фақат табиий ҳодиса эмас, балки инсонлар ҳаётига қувонч, илҳом ва қадрият ҳиссини олиб келадиган муҳим маданий воқеадир. Ушбу гўзал давр одамларга табиат билан уйғунликда яшашни, қисқа фурсатда ҳам ҳаёт гўзаллигидан завқланишни эслатади. Агар сиз баҳор фаслида Японияга бориш имкониятига эга бўлсангиз, албатта, сакура гуллашини томоша қилиш ва ханами тадбирларида иштирок этишни режалаштиринг!

2025 йилда сакура қачон гуллайди?
Японияда сакура баҳорнинг бошида гуллай бошлайди. Кўпинча дарахтларда пушти ёки оқ тўпгуллар очилади, лекин қизил, сариқ ва майин яшил рангдаги гуллар ҳам бўлади. Гуллаш даври икки ҳафтадан ошмайди. Об-ҳаво ёмон бўлса, гулбарглар бир ҳафтага бормай сочилиб кетади.
Анъанага кўра, гуллашнинг бошланиши Токиодаги қадимги Ясукуни буддистлар ибодатхонасида ўсадиган Сомеи Ёсино сакурасида биринчи гулларнинг пайдо бўлиши ҳисобланади. Ғунчалардан гуллар кўриниши биланоқ, метеорологлар гуллаш бошланганини эълон қиладилар.
2025 йилда 24 март куни ибодатхона дарахтидаги биринчи гуллар очилди. Япония метеорология агентлиги (Japan Meteorological Agency, JMA) ўша куниёқ унда бештадан ортиқ гул пайдо бўлганини маълум қилди. Бу Япония пойтахтида мавсум очилишини расман эълон қилиш учун зарур бўлган минимал миқдор. Воқеа бир йил олдингига қараганда беш кун олдин содир бўлган. 2024 йилда сакура 29 мартда гуллаган эди.
Феруза Раҳимова
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0