Британияликлар онлайн ишлашни афзал кўрмоқда
Сўнгги йилларда дунё бўйлаб ишчи кучининг офисга қайтиши бўйича баҳслар авж олмоқда. CОВИД-19 пандемияси туфайли жорий этилган масофавий иш режими кўплаб мутахассислар учун қулайлик яратди. Британияда эса тўлиқ офисга қайтиш ҳақидаги талаблар баъзи ходимларни ишдан бўшашга мажбур қилмоқда.
Сўнгги тадқиқотларга кўра, Британиялик ишчиларнинг 42,6 фоизи агар иш берувчилари уларни тўлиқ офисда ишлашга мажбурласа, ишдан бўшашни кўриб чиқишини билдирган. Уларнинг 22,7 фоизи эса бундай шароитда ишдан кетишни қатъий ўйлаб кўришини таъкидлаган.
Масофавий ишлаш тарафдорлари бир нечта асосий сабабларни келтириб ўтишмоқда:
1. Транспорт ва вақт тежамкорлиги – Ишчиларнинг 22,5 фоизи офисга бориш транспорт ва тушлик харажатларини ошириши сабабли молиявий зарар кўришларини айтган.
2. Руҳий саломатлик ва стресс – 19,7 фоиз ходимлар офис муҳитида ишлаш руҳий босим ва стрессни оширишини таъкидлаган. Бундан ташқари, 17,4 фоиз респондентлар офисда ишлаш ҳаёт-муҳит балансига салбий таъсир кўрсатишини билдирган.
3. Соғлиқ ва турмуш тарзи – 19,5 фоиз ишчилар офисда ишлаш уларнинг овқатланиш одатларини ёмонлаштиришини айтган, 16,1 фоиз эса жисмоний фаоллик камайишини таъкидлаган.
Барча йирик компаниялар ҳам ходимларни тўлиқ офисга қайтариш сиёсатини жорий этишга шошилаётгани йўқ. Кўплаб иш берувчилар ҳозирча гибрид иш моделини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Сабаби, ходимларнинг мажбурий офисга қайтиши меҳнат бозорида малакали кадрлар миграциясига олиб келиши мумкин.
Шундай қилиб, Британияда ишчиларнинг кўпчилиги ҳали ҳам масофавий ёки гибрид иш форматини афзал кўрмоқда. Агар компаниялар қатъий офисга қайтиш сиёсатини давом эттирса, улар малакали кадрларни йўқотиш хавфи остида қолиши мумкин.
Кўплаб компаниялар ишчиларни тўлиқ офисга қайтариш орқали жамоавий ҳамкорлик ва иш самарадорлигини оширишни мақсад қилмоқда. Айниқса, йирик корпорациялар, жумладан, банк ва технологик компаниялар ишчиларнинг офисда бўлишини муҳим деб билади.
Меҳнат бозори келажакда
Британия меҳнат бозорида масофавий ва гибрид иш услуби сақланиб қолиши кутилмоқда. Ишчиларнинг катта қисми мослашувчан иш шароитларини талаб қилаётган бир пайтда, иш берувчилар ҳам бундай талабларни ҳисобга олишга мажбур бўлмоқда. Агарда компаниялар қатъий сиёсат олиб бораверса, малакали ходимларнинг ишдан бўшаши ҳамда рақобатчи ташкилотларга ўтиши кузатилиши мумкин.
Феруза Раҳимова,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0