Қаршида 10 йилдан буён ичимлик суви йўқ маҳаллалар бор
Қарши шаҳрида сўнгги йилларда кўп ишлар амалга оширилди. Лекин бу барча муаммолар ҳал бўлди дегани эмас.
Мана улардан бири:
Қаршидаги Отчопар маҳалласида асосий масала ичимлик суви, суғориш тизимининг яхши йўлга қўйилмаган ва ички йўлларнинг абгор ҳолатга келиб қолган. Айниқса, Тенглик кўчасида яшовчилар 34 йилдан бери ҳудудда бирор бир ўзгариш қилинмаганини айтишмоқда.
— Ўн йилдан буён ичимлик суви йўқ. Ҳали у ташкилот, ҳали бу ташкилот келиб, кўчани қазиб кетади. Сўрасак, сув қувури ўтказамиз, электр линия тортамиз, деб жавоб беришади, — дейди шу маҳаллада яшовчи Сожида Салоҳиддинова. — Натижада кўча яроқсиз ҳолга келиб қолди. Сув эса яқинда тармоққа уланди. Ҳафтада икки марта чиқаришяпти. Маҳаллага дарахтлар, гуллар қуриб кетаётгани ҳақида мурожаат қилган эдик. Яна кўчани ковлашиб, суғориш тизимини йўлга қўйишди. Лекин ҳали сув келгани йўқ. Кўчамиз абгор ҳолатга келиб қолди. Қурилиш ташкилоти қувурларни тортиб, устини махсус қопламалар билан ёпмасдан кетди.
Отчопар маҳалласида 44 та кўча бор. 9,5 километрлик ички йўллар эса таъмирталаб аҳволда. “Очиқ бюджет”нинг 3-босқичида маҳалла 3 та лойиҳа билан иштирок этган ва 2 тасида ғолиб бўлган. Натижада 5,2 километрлик ички йўллар таъмирланади. Бироқ маҳалла раиси Зилола Хуррамованинг айтишича, улар орасида Тенглик кўчаси йўқ. Бу кўча 3-лойиҳага киритилган ва аҳоли ташаббус кўрсатмагани учун 65 та овоз билан ғолиб лойиҳалар қаторига кира олмаган.
— “Отчопар” маҳалласига 2023-2024 йиллар давомида давлат дастури асосида 5,5 километр ичимлик суви қувурлари тортилди. Хусусан, Тенглик кўчасида ҳам марказлашган ичимлик суви қувурлари ўтказилган. Лекин сувнинг босими пастлиги сабабли “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида 800 миллион сўм маблағ сарфланиб, суғориш тизимлари ҳам тортилди. Бироқ, қазиш ишлари натижасида кўчанинг асфальт қопламасига зарар етказилган. Биз ҳали қурилишни қабул қилиб олганимиз йўқ. Қувур тортган қурилиш ташкилоти кўчанинг яроқсиз ҳолга келиб қолган қисмини ҳозирча асфальт қопламаси билан таъмирламаган. Суғориш учун сув ҳам ҳали келгани йўқ. Шу каби қатор камчиликлар аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари билан боғландик. Уларнинг маълум қилишича, қурилиш ташкилоти йиғилиб қолган барча муаммоларни шартномада белгиланганидек ниҳоясига етказади. Тенглик кўчасида яқин вақтлар ичида йўл ва сув билан боғлиқ масалалар тўлиқ ечимини топади. Вақт — югурик. Ваъда қилинган вақт ҳам етиб келади. Тенглик кўчасидагиларнинг муаммоси назоратимизда ва биз мавзуга яна қайтамиз.
Баҳодир ҲАЛИМОВ,
“Ishonch”
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0