АСЛ ОТНИ АСЛ ЧАВАНДОЗ ЧОПТИРАДИ
Яқинда нуфузли бир идорадаги йиғилишга таклиф қилишди. Ташкилот раҳбари амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берар экан, айрим камчиликлар тўғрисида ҳам тўхталишга уринди. Шунда ходимлар нағма бошлаб қолишди. Ҳар бир танқидий фикр жиддий эътирозларга сабаб бўлди.
Айримлар ҳатто раҳбарга қаттиқ гапириб, ҳақоратомуз сўзларни ишлатишди. Йиғилиш эмас, нақ бозор. Айтишларича, кейинги пайтларда ушбу ташкилотдаги аксарият мажлислар ана шундай тартибcизлик билан ўтаётган экан. Хаёлимдан кўплаб фикрлар ўтди. Бу ҳолат раҳбарнинг бўш-баёвлиги сабаб юзага келдими ёки айрим ходимларнинг одобсизлиги оқибатидами? Бундай вазият юзага келмаслиги учун раҳбар қандай бўлиши керак?
Обрў қозонмасдан туриб, муваффақиятли раҳбарлик қилиб бўлмайди. Лекин у ўз-ўзидан келмайди. Хурматга куч, бақир-чақир, ҳақорат билан эмас, иш билан, билим ва кўникма, ташкилотчилик, гўзал одоб ва лутф орқали эришилади. Бошқарув қобилиятига эга бўлмаган раҳбар иш самарадорлигини таъминлай олмайди.
Ҳар кимга қобилиятига яраша иш буюриш ва манфаатли иш билан банд қилиш раҳбардан катта масъулият талаб қилади. Таҳлилларга кўра, раҳбар тўртта вазифани тўғри амалга ошириши керак: режалаштириш, ташкил қилиш, рағбатлантириш ва назорат қилиш. Буларнинг бари билимга таянилади. Кейинги йилларда раҳбарлар газета, китоб ўқишни хушламай қўйишгани оқибатида ўз лидерлик қобилиятларини намоён қила олмаётгандек. Ўтмишда жамиятда обрў қозонган, тарих саҳифаларига ўз исмларини муҳрлашга муваффақ бўлган раҳбарларнинг барчаси билими, китобхонлиги, нозиктаъблиги билан шуҳрат қозонган.
Шуниси ҳам борки, яхши мутахассис бу яхши раҳбар деганимас. Шу боис, баъзи бир ўз соҳасининг билимдонлари амал курсисига ўтиргач, довдираб қолишади. Hаҳбарлар доим эл кўзида ва оғзида бўлишини ҳам унутмаслик керак.
«Баъзида ўз оилангни бошқаришга қийналасан, бошлиқларга тўзим берсин» деган гапларни кўп эшитиб қоламиз. Тан олиш керак, ўтган йилларда раҳбарлик лавозимига тайинлашда, шахснинг салоҳиятига эмас, таржимаи ҳоли «тозалигига» кўпроқ эътибор қаратилди. «Тоза» бўлиш осонмас. Ишлаган хато қилади. Фақат юқоридан топшириқ кутиб ўтирадиган, ўз ғоясига эга бўлмаган шахслардан яхши раҳбар чиқиши қийин. Эскича фикрлашдан қутула олмаётган раҳбарнинг замони ўтди. Асл отни асл чавандоз бошқаради, дейдилар. Чавандоз моҳир бўлмаса, от йиғлар экан. Менимча, айрим мутасаддилар чавандоз бўлмагани ҳолда отга минганлиги боис давр шиддатига жавоб бера олишмаяпти.
Асл чавандоз бўлиш учун қанча фурсат зарур? Кўп машқ, кураш, чиниқишлардан сўнггина чавандоз асл чавандозга айланади. Бунинг учун қунт, билим ва тажриба керак бўлади. Неча марта отдан йиқилади, қоқилади. Синовлардан сўнггина ҳақиқий чавандозга айланади.
Муқаддас динимизда ҳам раҳбарлик масъулияти ҳақида қатор фикрлар билдирилган. Айтишларича, пайғамбаримиз (САВ) икки-уч киши бирга сафарга чиқса, улардан бири сафарга бошчилик қилишини топширган эканлар. Ўзлари бош бўлмаган ҳар бир ишга раҳбар тайинлаганликлари манбаларда келтирилган. Англашиладики, раҳбар инсонларни бир манфаат ва бир мақсад йўлида бирлаштирувчи шахс. Ўзгаларни эргаштиришниг эса ўзи бўлмайди. Агар ҳар ким ўз билганича иш қилавериши мумкин бўлганида давлат ва жамиятга, раҳнамо ва раҳбарларга эҳтиёж бўлмасди. Ҳар бир соҳа, ҳар бир тармоқ ва ҳудуд кучли раҳбар бошчилигида равнақ топади. Халқимиз бежизга «Ўн ишчидан бир бошчи афзал» демайди.
Тарихдан маълумки, аксарият подшоҳлар ёнида фозилу фузало инсонлар бўлган. Ҳукмдорлар бирон жиддий қарор қабул қилишдан олдин улар билан маслаҳатлашишган. Ушбу тажрибага бугун ҳам мамлакат миқёсида амал қилиняти. Бироқ ҳудудларда, ташкилотларда ҳам татбиқ этиляпти, деб айта оламизми?
Баъзи раҳбарлар қайсидир ходими ўзидан билимли ва кучли эканлигини сезиб қолса, уни йўқ қилиш пайига тушиши бор гап. Айримлар бошқариш осон бўлиши учун атайлаб жамоасида оғзи олачиликни юзага келтиради. «Олға, фақат орқамдан» қабилида иш кўриладиган бўлса, ҳақиқий иқтидорлар панада қолиб кетаверади. Шундай раҳбарлар борки, ўринбосарларидан қўрқишади. Имкон қадар ўрнига даво қилмайдиган инсонларни ўринбосарликка тайинлашади. Оқибатда ҳар иккала вазифани ўзи бажаришига тўғри келади. «Иш жуда кўп, улгуролмаяпман» деб нолийверадиганлар ишга чанқоқ, ғоялари кўп, билимдон ёшлар сафи кенгаяётганини, улар истаган пайтда ўрнига даъвогарлик қилиши мумкинлигини ҳар лаҳзада ёдда тутишлари керак бўлади.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0