Аттестациядан ўтолмаган ходим яна танловда иштирок этиши мумкинми?
— Ходим аттестациядан ўтолмади. Унинг эгаллаган лавозимига иш берувчи томонидан қайтадан танлов эълон қилинди. Ушбу ходим бу танловда иштирок этиши мумкинми?
Ушбу саволга меҳнат ҳуқуқлари бўйича эксперт Муҳаммадамин КАРИМЖОНОВ жавоб беради.
— Меҳнат кодексининг 4-моддасига биноан, ҳар бир шахс меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишда тенг имкониятларга эга. Бу норма меҳнат соҳасида камситишларнинг олдини олиш ва барча ходимларга тенг шароитларни таъминлашга қаратилган. Шу жумладан, бу ҳуқуқ аттестациядан йиқилиб, яна шу ишга қайта кирмоқчи бўлган шахслар учун ҳам тегишли.
Меҳнат кодексининг 5-моддаси эса меҳнат эркинлигини кафолатлайди. Унга кўра, ҳар ким ўз қобилиятларини намоён этиш, иш жойини, касбини ва мутахассисликни эркин танлаш ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқ ходимнинг танловда иштирок этиш имкониятини ҳам қамраб олади.
Юқоридаги нормалардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, агар ходим аттестациядан ўта олмаган бўлса ҳам, бу унинг танловда иштирок этиш ҳуқуқини бекор қилмайди. Эгаллаган лавозимига қайта эълон қилинган танловда қатнашиш учун ходим ҳеч қандай тўсиқларга дуч келмаслиги керак.
Иш берувчи қонуний асосда ходимга бошқа талабгорлар қатори тенг шароитларда танловда қатнашиш имкониятини яратиши лозим.
Бироқ Меҳнат кодексининг 2-моддасига асосан, иш берувчиларнинг кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш ва самарали меҳнат жараёнини ташкил этиш ҳуқуқи бор. Шу боис, иш берувчи танловда қатнашувчи ходимни фақат танлов шартлари ва натижаларига кўра ишга қабул қилиши мумкин.
Аммо унинг лавозимга қабул қилиниши танлов шартлари ва натижаларига боғлиқ бўлади.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0