Азизбек Тохтабаев: «Халқаро молия бозорида ўз ўрнимни яратмоқчиман»
Бугунги кунда глобал молия бозорида ўз ўрнини топаётган ёшлар орасида ўзбекистонлик мутахассисларнинг сони ортиб бормоқда. Ана шундай эътиборга лойиқ номлардан бири — халқаро молиявий таҳлилчи Азизбек Тохтабаев. Унинг стартаплардаги амалий натижалари, илмий изланишлари, халқаро эътирофлари ва CFA йўлида олиб бораётган изчил меҳнати ёшлар учун ибрат, бизнес муҳити учун эса сигналдир. Негаки, Ўзбекистон мутахассислари энди жаҳон молия харитасида.
Суҳбат давомида қаҳрамонимиз билан халқаро молия сари босиб ўтган йўли, амалий тажрибалари, илмий ишлари ва келажак режалари ҳақида сўз юритдик.
— Азизбек, аввало, ўзингиз ҳақингизда қисқача. Касбий йўлингиз қаердан бошланди?
— Мен халқаро Westminster университетининг «Иқтисодиёт ва молия» йўналишини тамомлаганман. Карьерам 2019 йилда «Туронбанк»да бошланди. Банкда кредит портфелларини таҳлил қилиш, рискларни баҳолаш ва инвестицион стратегиялар ишлаб чиқишга масъул эдим. Бир йил давомида мижозларга мослаштирилган ечимлар ишлаб чиқдим, улар учун инвестицион йўналишларни шакллантирдим. Айнан шу давр менда молиявий таҳлил мактабининг пойдеворини яратди десам, янглишмаган бўламан.
— Лондондаги «Cloud Kitchens»даги фаолиятингиз сизни кенг халқаро тажрибага олиб чиққани аниқ. Ўша босқич сизга нима берди?
— 2021–2023 йилларда Лондонда жойлашган «Cloud Kitchens» стартапида молиявий таҳлилчи бўлиб ишладим. Менинг вазифаларим бюджетни режалаштириш, молиявий прогнозлар, харажатларни оптималлаштириш ва пул оқимларини бошқаришдан иборат эди.
Жорий қилган таҳлилий услубларимиз натижасида компанияда:
–қарздорлик даражаси 17 фоизга қисқарди;
–тўловлар йиғими тезлашди;
–прогноз аниқлиги ошди;
–ликвидлик кўрсаткичлари яхшиланди.
Бу жараёнда Англия, Франция, Италия бозорларида, кейинчалик эса Қувайт, БАА ва Саудия Арабистони йўналишларида ишладим. Айнан халқаро бозорлар билан ишлаш мен учун молиявий интизом, тезкор таҳлил ва рақамлар асосида қарор қабул қилиш кўникмаларини мустаҳкамлади.
— Илмий фаолиятингиз ҳам эътиборга молик. Бу борада нималар дея оласиз?
— Илмий изланишларимни одатда амалий ишлар билан параллел давом эттираман. Хусусан, Ўзбекистон олимлари билан ҳамкорликда корпоратив молия бўйича «Strategic Corporate Finance and Investment Banking with Integrated Risk and Portfolio Management» номли қўлланма яратганмиз. Шунингдек, фискал барқарорлик, инвестицион стратегиялар, риск менеджменти бўйича ўнга яқин мақолам чоп этилган. Улардан бири — «Financial Analysis of Revenue Concentration and Fiscal Sustainability in Uzbekistan» халқаро даражада катта эътибор қозонди ва «Best Publication» мукофотига лойиқ кўрилди. Ушбу ютуғимдан жуда фахрланаман.
— Бугунги фаолиятингиз ва келгусидаги режаларингизга ҳам тўхталиб ўтсак.
— Ҳозирда АҚШда, Golden Gate University’да CFA дастурига асосланган магистратурада таҳсил олмоқдаман. CFA бу нафақат диплом, балки мутлақо бошқа менталитет, янгича ёндашув ва халқаро бозорлар тили ҳамдир. Келгусида йирик инвестицион компанияларда халқаро лойиҳалар устида ишлаш, сўнгра ўз тажрибамни Ўзбекистон молия тизимини такомиллаштиришга йўналтирмоқчиман. Айниқса, мен учун «Ўзбекистон–2030» стратегиясидаги иқтисодий мақсадлар жуда муҳим. Бу жараёнда мен илмий ишларда илгари сурган фискал барқарорлик ва диверсификация бўйича ечимлар амалиётда қўл келишига ишонаман. Сабаби айни пайтда ўзимга бўлган ишончим анча юқори, халқаро таниқли мутахассислардан изланишларим ҳақида илиқ фикрлар олмоқдаман. Масалан, Буюк Британиядаги CSSCK UK Ltd раҳбари Қазим Сумар мени «Халқаро молия соҳасида энг яхши ёш мутахассислар қаторига кирувчи, таҳлилий ёндашуви билан ажралиб турадиган эксперт» дея эътироф этган. Албатта, бундай фикрлар ёқимли, бироқ айни пайтда кишига катта масъулият ҳам юклайди.
— Суҳбат якунида, сиз каби чет элда таълим олишга интилаётган ёшларга нимани маслаҳат берасиз?
— Уч нарсани айтган бўлардим:
– Билимга сармоя киритинг — хорижий тиллар ва халқаро сертификатлар сизни бутунлай бошқа даражага олиб чиқади. Шахсий ривожланишингизга пулни аяманг.
– Тажриба — энг катта актив. Бошланишида маош эмас, ўсиш муҳим. Маоши кам бўлса-да тажриба тўплаш имконияти бўлган ҳар қандай иш таклифини асло қўлдан чиқарманг.
– Ўзингизга ишонишни ўрганинг — сиз хоҳлаган ишингизни уддалай оласиз, фақат мақсад сари охиригача бориш керак. Бошқаларда нимадир ўхшамаса, сизда ҳам шундай бўлади дегани эмас.
«Ҳар бир имконият эшик кабидир. Сизга эшик очишлари учун аввал уни тақиллатишингиз керак», — дея суҳбатга якун ясайди Азизбек.
Азизбек Тохтабаев — халқаро тажриба, илмий қараш ва аниқ мақсадга эга янги авлод молиячиларидан. Унинг йўли шуни кўрсатадики, режа, меҳнат ва қатъият бўлса, ўзбекистонлик мутахассис учун глобал молия бозорини забт этиш муаммо эмас.
Адҳамжон Қодиров суҳбатлашди




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0