Дайди итлар муаммоси: Янгийўлда қачон аҳвол яхшиланади?
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида бир ёш болани итлар галаси тишлаганлиги тўғрисида хабар тарқалди. Айни пайтда бола Янгийўл шаҳар марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимида ва унинг аҳволи оғирилигича сақланиб турибди. Яқинлари унинг соғлигидан, бундан кейинги руҳий ҳолатидан ташвишда.
Ижтимоий тармоқларда бош ва танасининг бир нечта қисми жиддий жароҳатланган бола 11 ёшда ва у Янгийўл шаҳрининг Олмос МФЙда яшайди. У мактабдан қайтаётиб, яқинроқ ичкари йўлдан юрган ва итлар тўдасига дуч келган. Итлар унга ташланган. Ўзини боланинг қўшниси диб таништирган гувоҳнинг айтишича, у бу воқеани кўриб қолган ва дарҳол ёрдамга ошиқиб, болани шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимига олиб боришган. Унинг қўшимча қилишича, уйларининг орқа томонида чиқиндилар уюми бор. У ер кўплаб дайди ит ва мушуклар маконига айланган.
– Хонадонида боқаётган итлари болаласа, чиқиндига олиб бориб ташлашади, – дейди исми сир қолишини истаган фуқаро. – Натижада итлар ўша ерда катта бўлиб, макон тутишади. Қўшнимизнинг боласи билан бўлган шу аянчли ҳолатдан кейингина дайди итларни овлашга ҳаракат кучайди. Неча йиллардан бери назорат учун келмаётган ветеринарлар ҳам уйимизга келиб, ҳайвонлар ҳақида суриштириб кетишди...
Олмос МФЙ раиси Гулчеҳра Намозованинг билдиришича, улар ушбу муаммо бўйича бир неча бор масъулларга мурожаат қилишган.
– Дайди итлар тишлаши ва ҳужуми билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар тушади, – дейди Янгийўл шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Андрей Кагей. – Деярли ҳар куни уларни шу ерга тутиб келтирамиз. Айни пайтда манзилда 40 дан ортиқ итлар бор. Энг катта муаммо уларни қаерга жойлаштириш масаласи. Бопшпаналар тўлиб кетган. У ерда 7-8 мингга яқин итлар бор ва улар ҳам қабул қилмаяпти. Бу масала яқин вақтларда ҳал бўлиши кутиляпти. Яна бир муаммо – ўша жойга аҳолининг чиқинди ташлашида. Бу албатта уерда дайди ит ва мушукларнинг кўпайишига шароит яратади.
Аслида дайди итлар мавзуси кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Ҳар бир ҳудудда ҳатто марказларда ҳам бемалол кўчаларда сайр қилиб юрган итлар тўдасини учратиш мумкин. Турган гапки, улар ҳар қандай кишида ваҳима уйғотади. Айниқса, Янгийўл шаҳрида бу мавзу тез-тез кўтарилади. Аҳолининг билдиришича, ҳозирда шаҳарнинг Файзобод, Ойбек, Мевазор, Фаровон, Мустақиллик, Файзли, Бахт каби маҳаллаларида айни пайтда дайди итлар жуда кўпайиб кетгани одамларни жиддий ташвишга солмоқда.
Холида Эгамбердиева,
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0