Ҳеч кимга фойда келтирмаган можаро: миллиондан ортиқ кишининг ёстиғини қуритган Ироқ-Эрон уруши
Аслида ҳар қандай уруш на уни бошлаган кучга, на бошқасига фойда келтиради. Бу муҳораба Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг даҳшатли воқеалардан бири эди. Ироқ раҳбари Саддам Ҳусайннинг амбициялари мамлакат бошига йирик кулфатни келтирди. Рақамларга кўра, саккиз йиллик жангларда миллиондан ошиқ кишининг ёстиғи қуриган. Амалда эса икки томон ҳам айтарли муваффақиятга эриша олмади. Чегаралар ўзгаришсиз қолди. Урушнинг ўзи эса оддий аҳоли қалбида оғир жароҳат қолдирди, холос.
1979 йилда Эронда инқилоб рўй берди. Мазкур инқилоб араб давлатларида хавотир уйғотди. Бу нарса биринчи навбатда Эрон билан катта чегарага эга бўлган Ироқни ҳам четлаб ўтмади…
Бу пайтда чекланмаган ҳокимиятга эга бўлган президент Саддам Ҳусайн кучли армияга эга эди. Пайтдан фойдаланиб, у Эрон билан чегарадаги ҳудудий низоларни уруш йўли билан ҳал қилиб олмоқчи бўлди. 1980 йил 22 сентябрда Ироқ армияси баҳсли ҳудуд бўлган Шатт ал-Араб дарёсидан ўтиб, Эронга бостириб кирди. XX асрнинг иккинчи ярмидаги йирик ва энг узоқ давом этган урушлардан бири бошланди. Саккиз йиллик қуролли тўқнашувлар давомида иккала давлат ҳам ўз аҳолисининг 1,3 фоизини йўқотди ва уларнинг иқтисодиёти катта зарар кўрди. Ироқ ва Эрон раҳбарлари Яқин Шарқнинг супер қудрати бўлиш учун курашда ўз халқига фақат азоб-уқубат олиб келди ва уларни оғир инқирозга солиб қўйди.
Уруш гарчи Ироқ раҳбариятининг босқини билан бошланган бўлса-да, унинг моҳиятида ҳар бир томоннинг Яқин Шарқда биринчи рақамли кучга айланиш истаги ётарди. Бундан ташқари, нефт ҳар икки давлат учун асосий даромад манбаи сифатида муҳим рол ўйнади. Ироқ Форс кўрфазидаги энг кучли армияга эга бўлиб, нефтга бой, араб миллатига мансуб аҳолиси кўп бўлган Хузистон вилояти устидан назорат ўрнатмоқчи эди ва давлатлар ўртасидаги чегараларни белгиловчи келишувларни ўз фойдасига қайта кўриб чиқмоқчи эди. |
Саддам Ҳусайн 1979 йилда Ироқ президенти лавозимига киришгач, Эрондан Абу Мусо, Кичик Тунб ва Катта Тунб оролларини БААга қайтаришни ва Эрон ҳудудида яшовчи балужлар, курдлар ва арабларга автоном ҳуқуқлар беришни талаб қилди. Ҳусайн Мисрнинг собиқ президенти Жамол Абдул Носирнинг муваффақиятларига даъво қилиб, Ироқнинг араб ва Учинчи дунёдаги махсус миссияси ҳақида гапирарди.
Эрон, ўз навбатида, Саддам режимини йўқ қилиш, Ироққа инқилобни экспорт қилиш ва узоқ муддатда шиалар етакчилигидаги давлатлар камарини яратиш мақсадини кўзлаганди: бу камар Ироқ - Сурия – Ливан кўринишида бўлиши лозим эди. 1980 йил 17 сентябрда Ироқ Эрон билан имзоланган 1975 йилдаги Жазоир шартномасини расман бекор қилди, бу шартнома Шатт ал-Араб дарёси бўйлаб сув йўлини чегараларди. Икки кундан кейин Саудия Арабистони, Қувайт, Баҳрайн, Қатар ва БАА Ироққа Эронга қарши ҳарбий амалиётини қўллаб-қувватлаш учун 14 миллиард доллар ажратишга келишиб олди.
Бу давлатлар Ироққа ўз ҳаво базалари ва тегишли инфратузилмаларидан фойдаланишга рухсат берди. Бағдодга ёрдам берган АҚШ ва СССР ҳам билвосита бу можарога тортилди. АҚШ Эрон режими билан очиқ душман эди, расмий Теҳрон коммунистик партияни тақиқлаб қўйгач советлар ҳам Саддам Ҳусайнга ёрдам бера бошлади.
Ҳужумнинг биринчи тўлқинида ироқликлар 100 мингга яқин аскар, 1600 танк ва 2000 зирҳли техникага эга эди. Эронликлар дастлаб 25 000 га яқин аскар, 800 та танк ва 600 та зирҳли техникани майдонга туширишди. Биринчи йирик тўқнашув 22 сентябрдан 23 сентябрга ўтар кечаси Қасри Ширин учун бўлган жанг бўлди. Кўча жанглари пайтида ироқликлардан артиллерия, авиация ва танкларнинг ёрдамига қарамай, 100 киши ҳалок бўлди ва 300 киши яраланди. Фронтнинг ушбу қисмида ироқликлар қаттиқ қаршиликка учраб, уч кун ичида Эрон ҳудудига 50 километр юришга муваффақ бўлишди.
Уруш бошида Ироқнинг муваффақиятли ҳужуми Форс кўрфази монархияларини Ҳусайннинг минтақадаги ўсиб бораётган мавқеидан хавотирланишга мажбур қилди. Аммо стратегик ташаббус тез орада Эронга ўта бошлади. Ироқнинг шиддати тугаб бораётганини англаган Саддам 28 сентябр куни душманга Шатт ал-Араб дарёси ва Ироқ босиб олган ҳудудларга бўлган даъволаридан воз кечиш шарти билан сулҳ таклиф қилди, шунингдек, 1 октябрдан бошлаб бир томонлама сулҳ эълон қилди. Бу уруш мақсадларига шубҳа билан қараган ироқлик аскарларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатди. 30 сентябр куни Эрон томони қарши талабларни илгари сурди: Ҳусайннинг истеъфоси, Ироқ товон пули тўлаши ва расмий узр сўраши, товон тўлаш вақтида Басрани Эрон назоратига ўтказиши ва Ироқ Курдистонининг мақоми бўйича референдум ўтказиш. Саддам Ҳусайн бу талабларда тоқат қила олмасди. Табиийки, мазкур талаблардан сўнг Бағдод ва Теҳрон ўртасидаги кейинги музокаралар имконсиз бўлиб қолди.
Тез орада Ироқ ҳужумининг иккинчи тўлқини бошланди. 14 октябрда ироқликлар Ободон шаҳрини қамал қилишни бошладилар. “Эрон Сталингради”даги оғир кўча жанглари пайтида улар 2000 аскарни йўқотдилар ва 6000 киши яраланди, Эрон томонида эса 1500 киши ҳалок бўлди. Оғир йўқотишлар Ироқ қўмондонлигини Ободонни эгаллашдан воз кечишга мажбур қилди.
Кампания умуман Ҳусайн ўйлагандек бўлмади. Ироқликлар нишонга олинган шаҳарларнинг бирортасини қўлга кирита олмади, Эрон эса 28-29 ноябрь кунлари Басра ҳудудида Ироқ иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган нефт терминалларини йўқ қилиш бўйича муваффақиятли операция ўтказди ва душман флотига катта зарар етказди. Бироқ 1981 йил бошида Эроннинг қарши ҳужумга уриниши муваффақиятсиз якунланди. Уруш у ёки бу томоннинг ўзгарувчан маҳаллий муваффақиятлари билан позицион хусусиятга эга бўлиб қолди. Шу билан бирга, Теҳрон ўз душманига ҳомийлик қилган араб давлатларидан “қасос олди”. 1981 йил октябр ойида Эрон ҳаво кучлари Қувайтдаги нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди. Баҳрайнда эса Эрон шиа тарафдори ташвиқотини кучайтириб, режимни ағдаришга уринишларга олиб келди. 1982 йил март ойида Ироқ Эроннинг Хузистон вилоятида илгари қўлга олинган Дезфул шаҳри устидан назоратни йўқотди.
1981 йил декабр ойида Қувайт ва Сурия ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва дипломатик келишувни фаоллаштиришни талаб қилди. Бироқ Ироқ Сурияни воситачи сифатида қабул қилишдан бош тортди, чунки у Эронни қўллаб-қувватлади, Саддам Ҳусайн ўз навбатида бу таклифни Ироқ армиясининг якуний мағлубиятини олдини олишга уриниш сифатида кўриб, рад этди.
“Эрон-Ироқ уруши Совуқ урушнинг сўнгги йирик можароси (бир миллиондан ортиқ ўлган) ва йигирманчи асрнинг иккинчи ярмидаги энг узоқ давом этган қуролли тўқнашувлардан бири бўлди. Ўзининг кўлами, давомийлиги ва қурбонлар сони бўйича у Корея ва Вьетнам урушлари билан бир қаторда йигирманчи асрнинг иккинчи ярмидаги учта энг йирик маҳаллий урушлардан биридир. “Эрон-Ироқ уруши” атамаси ташқи ва ички манбаларда кўпроқ учрайди, форслар эса бу урушни “Муқаддас мудофаа” деб аташади, чунки улар (шиалар) ўзларини суннийлар ҳужумидан ҳимоя қилганликларини иддао қиладилар”, дейди таҳлилчилар.
1988 йилгача чегара ҳудудида жанглар давом этди, чунки ҳеч бир томон ҳал қилувчи устунликка эриша олмади. Жабҳаларда тараққиёт йўқлиги сабабли томонлар “шаҳарлар уруши”га – аҳоли пунктларига, инфратузилма объектларига ва душман ҳудудидаги ҳарбий базаларга ракета ҳужумларига ўтишди. Ва айнан шу босқичда Саддам Ҳусайн ўзининг асосий ва ҳалокатли хатосига йўл қўйди. Узоқ давом этган “ҳандақ уруши” шароитида иккала давлат ҳам оммавий қурол турларини яратиш ҳақида ўйлай бошладилар. Эрон шоҳ даврида асос солинган ядро дастурини қайта бошлади, Бағдод эса кимёвий қуролга таянишни танлади. Ўша пайтда Эрон аҳолиси қарийб 50 миллион, Ироқники эса бор-йўғи 16 миллион атрофида эди. Резерв жиҳатдан хавотирга тушган Саддам Ҳусайн ҳукумати тақиқланган қуроллар устида ҳам бош қотира бошлади.
Кейинчалик АҚШ Саддам Ҳусайн режимини айнан кучли кимёвий қуроллар хавфи баҳонаси билан йўқ қилди. Аслида эса, Ироқда бундай қуроллар анча аввал йўқ қилингани маълум бўлди.
1988 йил 25 майда Ироқ Басра шарқида “Тавакална ала Аллоҳ” операциясини бошлади. Ироқда 150 000 га яқин аскар, 3 000 зирҳли техника ва 1 500 та қурол бор эди, Эрон эса фронтнинг бу қисмида 50 000 дан ортиқ аскар, 90 та танк ва 150 та қуролга эга эди. Ироқ ҳужуми тонгда бошланди. Кимёвий қуроллар (Табун ва VX) кўмагида Эрон мудофааси йўқ қилинди. 26 май куни эронликлар чегарага сиқиб чиқарилди. Басра вилоятидаги жангларда эронликлар 6000 га яқин одамини йўқотди. Эрон қўшинлари чекиниш чоғида катта миқдордаги қурол ва ўқ-дориларни ташлаб кетишди. 27 май куни ироқликлар Эрон ҳудудига киришди, аммо буйруқ бўлмагани учун улар олдинга силжишмади. |
Бир неча ой давом этган ва боши берк кўчага кирган музокаралардан сўнг, август ойида бориб, сулҳ кучга кирди. На Эрон, на Ироқ ўзи кўзлаган мақсадга эриша олди.
Ироқ учун 8 йиллик узлуксиз уруш узоқ давом этган молиявий ва ички сиёсий инқирозга олиб келди. Ҳарбий харажатлар мамлакат иқтисодиётига путур этказди. Саддам Ҳусайн ўзининг тажовузкор ташқи сиёсати билан Эрон, СССР ва араб дунёси билан доимий равишда можарога борди. Тинч аҳолига қарши репрессиялар мамлакатдаги ички сиёсий вазиятни анча кескинлаштирди. Молиявий инқирозни ҳал қилиш мақсадида ва халқаро қоралашдан қўрқмасдан Саддам Ҳусайн 1990 йилда нефтга бой Қувайтга бостириб кирди. Бироқ бу сафар халқаро ҳамжамият қараб турмади. НАТОнинг “Чўл бўрони” операцияси Ироқ армиясининг мағлубиятига олиб келди, шундан сўнг Ҳусайн режими бутунлай яккаланиб қолди.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0