"Кўзимиз радарда бўлиб қолди, йўлгаям қарамаяпмиз" – ҳайдовчилар жарималар ҳақида
Йўлларда тартиб-қоидаларини кучайтириш ҳамда йўл транспорт ҳодисаларини камайтириш мақсадида қўйилаётган ва хусусий “тадбиркорлар” ҳисобига кундан-кун кўпайиб бораётган кузатув камералари, радарлар туфайли ҳайдовчиларнинг норозилиги ортиб бормоқда. Бу борада ижтимоий тармоқларда кўп эътирозлар билдирилаётган бўлсада, расмийлар ҳозирча жимлик позициясида.
Ҳайдовчилар ҳаммаси ҳам “шаффоф” ишламаётгани сабабли тадбиркорлар томонидан қўйилаётган кузатув камераларидан норози эканликликларини баён этишяпти.
ishonch.uz сайти бу масалада ҳайдовчиларга микрофон тутди.
Йўлларда қоидабузарликларни камайгани яхши, аммо айрим тадбиркорлар бундан инсофсизларча фойдаланиб, бошқаларни атайин қоида бузишга мажбур қилмоқда. Ўзи ҳайдовчиларнинг аксарияти сўнгги чора сифатида шу ишни бошини тутган. Аксариятининг кирадан бошқа тирикчилиги йўқ. Ҳайдовчилар суҳбат жараёнида муаммолар кузатув камераларисиз ҳам ошганини, шаҳар олдингидан анча тирбандлиги ҳисобига кўп даромад топа олмаётганини айтиб ўтишди.
Қолаверса, ижтимоий тармоқларда йўл четида атайин қоидабузарлик содир этилиши учун қўйилган машиналар, камералар ҳақида кўплаб видеолар жойланяпти. Ҳайдовчилар ҳамкасбларини огоҳлантирган тақдирда ҳам барибир жарима “қопқонига” тушиб қолаётганлар сони кўп.
Жамоатчилик, жумладан депутатлар ҳам бу борада ўз мулоҳазаларини билдирди. “Миллий тикланиш” партияси раиси, Алишер Қодиров мавзу доирасида шундай деган эди:
“Машиналарни орқасидан қуённи қувлаган овчидек қувлаб, йўқ чизиқни экранда чизиб жарима ясаб ёки чизиқни босишга мажбур сунъий тиқилма яратиб “тадбиркорликлар” билан одамларни миллионлаб жаримага тушуриш, тадбиркорликми ёки одамларни алдашми? Ёки одамларни алдаш тадбиркорликми?
Биз тезлик эмас, тартиб тарафдори бўлаяпмиз. Ҳамма қоидага риоя қилсин! Тезликни ўлчаш мосламалари белгиланган жойда, белгиланган тартибда турсин ва ишлатилсин, қоидадан мақсад – тезликни чеклаш, пул топиш эмас!
Тадбиркор тезюрар пуллик йўллар қурсин, йўл четида йўловчиларга қулайлик яратиб хизмат кўрсатсин, даромад қилсин, барака топсин, бой бўлсин!
Одамларимизни кўпида судда ҳақини тортишишга сабри ва билими етмайди, қарз бўлса ҳам эзилиб жарима тўлайди, лекин давлатдан норози бўлади!
Даромад учун ақлини ишлатиши жуда ҳам табиий бўлган тадбиркорни шу ишга жалб қилиб тўғри қилдикми, йўқми?”
Куни кеча вилоятдан Тошкентга зарурат юзасидан келиб-кетган қариндош бугун қўнғироқ қиляпти.
“Тошкентга бориб келгунимча, 7 та радарга тушибман. 3 млн. 600 жарима хати келди. Жарима қоғозларига қараб, қаерларда менга жарима ёзилганини кўрдим. 70 км/ тезликда битта жойда 71 тушибман, “шоввозлар” ҳатто шуни ҳам кўздан қочирмабди. Аксарият жойда қанча тезликда юриш керакли ҳақида йўл белгилари йўқ. Тошкент шаҳарнинг ўзида 2 та радар бор кўчада атайин чизиқни босиб ўтсин дегандек машина қўйилган экан. Иложсиз чизиқни босиб ҳаракатлангандим. Судга бермоқчи эдим, айнан шу видео топилмади. Аслида-ку, йўлларимиз талабга жавоб бермайди, аммо шунда ҳам йўл ахборот белгилари етарли жойлаштирилмаган. Фаолиятим юзасидан Қозоғистонга машинамда бориб тураман. Катта магистрал йўлларида ҳам қаердан қаергача неча тезлик аниқ ёзиб қўйилган. Жарималар отни калласидекми, демак йўлларни ҳам шунга монанд тайёрлаб қўйиш керак”.
Аслидаям, йўллардаги йўл транспорт ҳодисаларини камайтириш учун жарима сўнгги чора бўлмаслиги, аввало йўлнинг ўзи талабга жавоб бериши керак.
Хулосамиз шуки, кузатув камераларини, айниқса тадбиркорларнинг асоссиз жарималарини назоратга олиш ва бу ҳақидаги маълумотларни жамоатчиликка очиқ кўрсатиш зарур.
Журналист: Феруза РАҲИМОВА
Тасвир устаси ва монтаж: Қувонч ТЎРАЕВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0