Суриштирув: Нега кўп жойларда таомлар бир хил, нархлар ҳар хил?
Бирор жойга овқатланиш учун кирганингизда, деярли ҳамма жойларда бир хил бўлган таомларнинг нархлари ҳар хиллигига эътибор берганмисиз? Айрим жойларда овқатлар нархи қиммат бўлгани етмагандек, яна официантларнинг хизмат ҳаққи учун олинадиган 20-25 фоизгача бўлган "ставка" сизни ҳайрон қолдирмайдими?
Бугун хўранда овқатланиш жойини ўз истаги ва имкониятига қараб танлайди. Аммо ҳар ернинг ўз тош-у тарозиси бўлганидек, уларнинг нархи, сифати ва ҳажмида ажабланарли даражада тафовут мавжуд. Масалан, бозордаги баҳоси унчалик фарқ қилмайдиган айнан бир хил масаллиқлардан пиширилган таом аксарият кафе-ошхоналарда турли нархларда сотилади. Бу эса кўпинча истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётир.
Биз ушбу муаммони энг кўп истеъмол қилинадиган севимли овқатларимиздан бири бўлмиш палов мисолида ўргандик. Уни тайёрлаш учун ишлатиладиган маҳсулотларнинг бозордаги нархидан тортиб кафе-ошхоналарда тайёр таом сифатида сотиладиган баҳосигача – барчасини атрофлича таҳлил қилдик.
Аниқлашимизча, пойтахтимиздаги оддий ош марказларида бу таомнинг бир порцияси 30-37 минг сўм, машҳур ош марказлари ва миллий ошхоналарда 35-38 минг сўм, кафе-ресторанларда 40 мингдан 80 минг сўмгача экан. Баъзи емакхоналарда 10 фоиздан 25 фоизгача миқдордаги хизмат ҳақи ҳам қўшилса, бу нархлар янада кўтарилади. Устама ҳақнинг ярми официантларга, ярми фаррошларга маош сифатида тарқатилади. Бироқ у нега хўрандалар ҳисобидан тўланишини бизга ҳеч ким рўй-рост тушунтириб бермади.
Тўғри, официант хўрандаларга хизмат қилади. Қолаверса, «чойчақа» бутун дунё тажрибасида бор. Уни истеъмолчи кўнглидан чиқариб бериши ҳам мумкин. Аммо айрим жойларда юқори даражада белгиланган хизмат ҳақи умумий ҳисоб анча қимматлашишига олиб келади.