Ўша пулларни эслайсизми? Сўмимиз аждоди – сўм-купонга 30 йил тўлди
Мустақилликнинг илк йиллари эсингиздами? Қатор сиёсий чақириқлар, бўшаб қолган пештахталар, шиддат билан ошиб бораётган нархлар ва деярли ҳамма ўзини савдога ураётган бир давр эди. Ўша пайтларнинг яна бир ўзига хос тимсоли бўларди – сўм-купон. 1993 йилнинг 15 ноябрида муомалага чиқарилган сўм-купон бир йил ҳам амалда бўлмаганига қарамай, кўпчиликнинг эсида қолган.
Расмга изоҳ: Сўм-купон қадрсизланиб кетган йиллари кўпчилик бу пулларни оддий босмахоналарда ёки компьютер принтерлари ёрдамида ҳам босиб чиқаришяпти, деган миш-мишларга ишонарди. Аслида сўм-купонлар Англянинг «Harrison & Sons Ltd» босмахонасида чоп этилган.
Сўм-купонни муомалага киритиш мақсадларидан бири, ўша шиддатли инфляция даврида янги валютани дарҳол мураккаб ҳолатга туширмаслик, ўзига хос ўтиш даврини таъминлаш эди. Яъни, сўм-купон аввал миллий валюта ўрнида ишлаб беради ва инфляция юкини зиммасига олади. Кейинчалик эса ҳақиқий валюта – сўм муомалага чиқарилади.
Сўм муомалага чиқди. Мана, 30 йилдирки ишлатиб келинмоқда. Унинг қай даражада қадрсизлангани иқтисодчилар учун тадқиқотлар манбаи. Аммо бир нарса аниқ – дастлаб сўм чиқарилган пайтда 100 сўмлик энг йирик ва ниҳоятда қувватли банкнота эди. Бугуннинг энг йирик пули – 200 000 сўмлик купюра эса енгил, ҳатто бир бозорлик қилишга ҳам етмайди. Сўм-купоннинг энг йирик купюраси 10 000 талик ҳам сўмимизнинг чангида қолиб кетди. Айни пайтдаги энг йирик купюра илк сўм-купонникидан 20 марта, сўмдан эса 2000 марта катта.
Хўш, бу омиллар сўмни деноминация қилишга асос бўладими?
Ҳукуматнинг ёки Марказий банкнинг миллий валютамиз деноминацияси (оддийроқ тилда алмаштириш, ортиқча «нол»ларни олиб ташлаш) бўйича бирор қарори эълон қилинмаган. Яқин келажакда бундай режа борлигидан ҳам бехабармиз. Аксинча, Марказий банк бундай хабарларни мунтазам равишда рад этиб келади. Мақоламиз сўм ва унинг аждоди бўлган сўм-купоннинг харид қувватларини ва инфляция бизда ҳамда бошқаларда қай даражада эканлигини солиштиришдан иборат.
Келинг, яқин ўтмишимизга қайта назар ташлаймиз. Иттифоқ тарқалиб, мустақилликка энди эришган йилларимизда ҳали миллий валютамиз муомалага киритилмаган, амалда рубллардан фойдаланардик. Бу иқтисодиётга хавф туғдирарди. Шунда ҳукуматимиз четдан кириб келувчи ортиқча рублдан ҳимояланиш мақсадида сўм-купонни жорий қилди. Бу биз яхши билган сўм-купонлардан фарқ қиларди — ёши каттароқ юртдошларимиз рублга қўшиб қирқиб бериладиган карточкаларни яхши эслашади. 1992 йилдан бошлаб рубль ва сўм-купонни биргаликда ишлатганимиздан сўнг, доимий ишловчи миллий валютадан олдин, 1993 йил 15 ноябрда ҳақиқий сўм-купон амалга киритилди. Шу йилнинг 22 ноябрида сўм-купон карточкалари бекор қилинди. Сўм-купонлар 1994 йилнинг 1 августига қадар амалда бўлди.
Иқтисодчи Отабек Бакиров шундай ёзади:
– Сўм-купон билан бир кунда 1993 йил 15 ноябрдан қўшни қардош Қозоғистонда тенге ҳам муомалага чиқарилган.
Тарих учун эслаб ўтиш керакки, Россия МДҲда ҳеч кимни огоҳлантирмасдан 1993 йил августдан ўзининг рублини жорий этиб, қийматини йўқотган совет рубллари билан бошқа собиқ иттифоқ республикалари иқтисодиётини пароканда этиш ҳаракатларини бошлагач, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўзаро биргаликдаги умумий валютасини жорий қилиш режаларини ишлаб чиққан. Бу ҳақда Президент Ислом Каримов 1993 йил ноябрь бошида Олий Кенгаш сессиясида ҳам тўхталганди. Минг афсуски, минтақамизда интеграциямизни бошлаб бериши мумкин бўлган бу улуғ қадам турли провокация ва синовлар туфайли босилмай қолиб кетган...
Энди бевосита мавзуга қайтамиз. Сўм-купон умрининг охирги ойларида биз одатда бутун бозорга баҳо беришда индикатор сифатида ишлатувчи гўштнинг қиймати 20-25 минг сўм-купон, пул деноминацияси эълон қилинганидан кейин 30-33 минг сўм-купонга чиққанди (қизиғи, деноминация 1000:1 қийматда ўтказилган бўлса-да, ундан сўнг гўштнинг баҳоси 25-35 сўм бўлмай, 12-15 сўмга тушганди). Шакарнинг баҳоси 3-4 минг сўм-купон, шаҳар транспорти 1000 сўм-купон атрофида эди.
Лекин автомобиль, уй-жой, квартираларнинг баҳосини ҳозирги кун билан солиштириб бўлмайди. Чунки битта “Жигули” автомобилининг пулига вилоятлар марказидан 3 та квартира харид қилиш мумкин бўлган. Шунингдек, нархлар ҳам шу қадар турли-туман эдики, ҳар бир вилоятнинг ўзида асосий истеъмол маҳсулотлари турли бозорларда турлича сотиларди. (Одамлар ёппасига савдо билан шуғулланиб кетгани бежизга эмас-да).
Сўм-купон негадир ўта қадрсиз валюта сифатида ёдда қолган. Ўша пайт буни таърифлаганлардан бири шундай деганди: “Битта дафтар 250 сўм. 250 та битталик сўм-купонни йиғиб чиқсанг битта дафтардан қалинроқ бўлади. Бу пулимиз қоғоздан ҳам қадрсиз дегани”. У одам балки ҳақ бўлгандир. Аммо бугунги сўмимиз билан солиштирганда сўм-купон у қадар беқадр бўлмаганини билиб оламиз.
Ҳозирда гўштнинг ўртача баҳоси 70-90 минг сўм атрофида («гўшт 60 минг» деган пештахтани кўрсатиб, тортишишга уринманг), шакарнинг арзони 15000 сўмдан сотиляпти, шаҳар транспортида 2000 сўмдан камига юролмайсиз. Хўш, бу сўмимизни енгиллаштириб, ҳаммага қулай қилиб олиш вақти келганини англатадими?
Бизнингча йўқ.
Сабаблари:
- Аввало бу анча мураккаб ва қиммат жараён, барча пулларни алмаштириш кўп маблағ талаб қилади;
- Сўмимизга ўрганиб қолдик, олдинги алмашинувлар бизда ёқимли таассурот қолдирмаган;
- Ҳукумат катта ҳажмда пул кўтариб юришнинг олдини олиш чораларини кўрди – 100 мингталик, 200 мингталиклар муомалар киритилди;
- Энгмуҳими, миллий валюта қадрини оширишга фақат деноминация орқали эришилмайди.
Баъзан бу усул умуман самара бермаслиги ҳам мумкин. Пул қадри иқтисодий ислоҳотлар самараси ўлароқ оширилади.
Пулимизнинг жуда қадрсизланиб кетганини таъкидлайдиганлар мақоламизнинг давомини ўқишсин.
Ноллардан «воз кечиш» тарихи
Бу жараён жуда кўп давлатларда амалга оширилган. Масалан, Туркия 2005 йили биратўла олтита нолдан воз кечган, 1 000 000:1 қийматда деноминация ўтказган. Аммо бугун ҳам бу давлатда инфляция ва девальвация жуда юқори. Россия 1998 йили 1000:1 деноминация қилган.Аҳолида олдинги алмашувлар, хусусан, 1991 йили 50-100 рубллик пулларни уч кун ичида алмаштириш зарурати катта норозиликлар келтириб чиқарган, шу боис ҳукумат эски пулларни 2003 йилга қадар ҳам қабул қилаверганди. 1995 йили Польшатўртта, 1996 йили Грузия олтита, 2005 йили Руминия тўртта нолдан воз кечган.
Тарихдаги энг катта инфляция Германияда ёки Зимбабведа бўлган, деб ҳисобловчилар адашадилар. Германияда қадрсизланишнинг олдини олиш учун маош бир кунда икки марта берилгани қайд этилган. Зимбабведа эса 100 триллион таликлар амалга киритилгандан кейин ҳам фойдаси бўлмагач, АҚШ долларига ўтиб қўяқолишган.
Тарихда қайд этилган энг кучли гиперинфляция 1946 йили Венгрияда қайдэтилган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин бу давлатнинг валютаси — пенге бир суткада 400 фоизга қадрсизлана бошлади ва тез орада секстиллион купюралик (секстиллион – 1 рақамиортидан 21 та ноль) пуллар муомалага киритилди. Лекин бу ҳам фойда бермади ва ҳукумат 100 секстиллионлик чиқариш устида ўйлай бошлади. Шунда пенгедан бутунлай воз кечишга қарор қилинди ва 400 октиллионга 1 қийматда янги пул — форинтга ўтилди (октиллион — 1 дан кейин 27 ноль!).
Албатта, сўмимизниҳам, иқтисодиётимизни ҳам у давлатлар билан солиштириб бўлмайди. Қолаверса, гиперинфляция юз берган ёки бераётган давлатларни мисол келтириб, масалани хаспўшлашни ятимиз ҳам йўқ. Мақсадимиз мавзуга оид маълумотлар билан бўлишиш, сўмимиз аждоди бўлган сўм-купонни хотирлаш холос.
Аброр ЗОҲИДОВ
Mақолага баҳо беринг
5/52
0
0