Хусусий нотариуслар ҳам "декрет пули" тўлайдими?
Ассалому алайкум, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусда ишлайман. Яқинда декретга чиқаман, менга ҳам декрет пули тўланадими?
Саволга эксперт, Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси Муҳаммадамин Каримжонов ушбу саволга жавоб берди.
Албатта тўланади, буни қуйида асослаб берамиз.
МК 237-моддаси 2-қисмига кўра, ходимларга ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ижтимоий таътилларни бериш ходимнинг меҳнат стажига, у бажарадиган ишнинг жойи ва хусусиятига, иш берувчининг ташкилий-ҳуқуқий шаклига боғлиқ эмас.
МК 19-моддасига кўра, жисмоний шахслар қуйидаги ҳолларда иш берувчилар бўлиши мумкин:
… агар қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда уларнинг касбий фаолияти рўйхатдан ўтказилиши ва (ёки) лицензияланиши лозим бўлса ҳамда улар мазкур фаолиятни амалга ошириш мақсадида ходимлар билан меҳнатга оид муносабатларга киришган бўлса.
МК 404-моддасига кўра, аёлга туғруққача етмиш календар кун ҳамда туғруқдан кейин эллик олти календар кун (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда етмиш календар кун) ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилиб, қонунчиликда белгиланган, лекин ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаган миқдорда нафақа тўланади.
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили аёлга жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқарилиб, туғруққача ҳақиқатда фойдаланилган кунлар сонидан қатъи назар, тўлиқ берилади.
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 31-майдаги 314-сон қарорига 1-илова вақтинчалик меҳнатга лаёқацизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга нафақани (кейинги ўринларда — нафақа) тайинлаш ҳамда тўлаш тартибини белгилайди.
Юқоридагилардан хулоса қилсак, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус ҳам ўз ходимларига қонунчиликда белгиланган тартибда “декрет пули”ни тўлаши шарт.
Диққат! Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 49-3-моддасига кўра, вақтинча меҳнатга қобилияцизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини қонунчиликда белгиланган миқдорларда тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0