Ички туризмни рақамлаштиришга нима халақит беряпти?
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Туризм соҳасида йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоби” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда 2023 йилда туризм соҳасида амалга оширилган ўзгаришлар ҳамда 2024 йилда режалаштирилаётган ислоҳотлар ҳақида қисқача маълумот берилди.
Матбуот анжуманида иштирок этган ishonch.uz сайти мухбири мутасаддиларга айни пайтда ички туризмдаги муаммолар – туризм объектларига бориш, топиш ва улар ҳақида маълумот олишга доир хизматлар рақамлаштирилмагани, бу учун соҳа масъулларига нима халақит бераётгани ҳақидаги савол билан юзланди.
– Туризм қўмитаси томонидан ички саёҳатларни жалб қилиш мақсадида “Табаррук зиёрат” туризм платформаси ишга туширилган. Унда туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларда зиёрат туризми объектлари ҳақида тўлиқ маълумот бериш, аҳолининг қизиқишини ошириш, сайёҳларнинг ушбу объектларга ва умуман мамлакатга ташриф буюриши, объектлар тўғрисидаги маълумотларни мунтазам равишда жойлаштириш ва янгилаш, сайёҳларнинг шарҳлари, улар учун тавсиялар, жойларни онлайн кўриш учун медиа кутубхонани янгилаш мақсад қилинган. Шунингдек, Қўмитанинг расмий сайтларида Ўзбекистондаги барча зиёратгоҳлар, маданий мерос объектлари ҳақида маълумотлар жойлаштирилиб борилади. Бутунжаҳон туризм ташкилотининг статистикасига кўра, ички туризм статистикасини юритишнинг аниқ методи йўқ. Яъни, сиз саёҳатга неча марта чиққанингиз бўйича аниқлаб берадиган механизм йўқ. Биз фақат кузатувлар орқали, шунингдек, маданий мерос обидалар ва оммавий тадбирлар ташкил этилган саёҳатчилар орқали билиб оламиз, – дейди Туризм қўмитаси ички зиёрат туризми ва барқарор туризмни ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Бекзод Муродиллаев.
Мутахассис Қўмита веб-саҳифасида саволда назарда тутилган маълумотлар борлигини такидлаган бўлсада, айни пайтда ташкилот рақамли платформасида Ўзбекистоннинг 73 та моддий-маданий мерос объектлари ҳақидагина маълумотлар мавжуд. Туркий давлатлар ташкилотига аъзо қолган олти давлатнинг тегишли бўлимларида эса маълумотлар умуман йўқ.
Ваҳоланки, Президентнинг 2022 йил 29 июлдаги ПҚ – 338-сон қарорида Қўмитага қатор вазифалар, жумладан, ТДТга аъзо давлатларнинг моддий-маданий мерос объектлари ҳақида маълумотларни жойлаштириш мажбурияти юклатилган.
Шунингдек, сайт маълумотлари фақат ўзбек, инглиз ва рус тилларида тақдим этилган. “Табаррук зиёрат” платформасига бир йил давомида фақат бешта янгилик жойлаштирилган. Юқоридаги қарорга кўра, ТДТга аъзо давлатларнинг атоқли мутафаккирлари ҳақида маълумотлар веб-сайтда жойлаштирилиши керак эди, бироқ платформада улар ҳақида ҳам бирор маълумот учрамайди.
Бизнингча, туризм соҳасида камчиликлар ҳали талайгина...
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0