«Яқин ўн йилда ўзбек тилида нота дафтари кўрмаганман»
– Нота дафтари керак экан, – деди Мадина биринчи машғулотдан келгач.
Собир ака аввал тумандаги, кейин вилоят марказидаги барча китоб ва канцелярия дўконларини айланиб чиқди. Ҳеч бирида нота дафтари йўқ.
– Хоразмдан тополмайсиз. Тошкентда танишларингиз бўлса, топиб жўнатишлари мумкин, – дейишди унга.
Собир ака университетда мусиқадан дарс берадиган оғайнисидан ёрдам сўради. Таниши унга қўлбола нота дафтари ясаб берди.
Ҳозир деярли кўпчилик шундай қиляпти. Ёш авлодга мусиқий таълим бериш масаласига давлат сиёсати даражасида қаралаётган бўлса-да, оддий нота дафтари йўқ, етишмайди. Ахир нота тўпламисиз қандай қилиб, мусиқий таълим бериш мумкин?..
Афсуски, ҳозир умумтаълим мактабларида умуман нота тўпламлари йўқ.
Тасаввур қилинг, фарзандингизни мактабга олиб бордингиз. У ўқиб-ёзишни ўрганиши керак, аммо алифбо китоби йўқ. У ўзидан ўзи хат-саводли бўлиб қоладими?
Бугунги кунда республикамизнинг ҳар бир туман марказида мусиқа ва санъатга ихтисослашган мактаблар бор. Уларда мусиқа йўналишида таҳсил оладиган ҳар бир ўқувчида нота дафтари бўлиши шарт. Собир акага қизининг ўқитувчиси яқин ўн йилда ўзбек тилида нота дафтари кўрмаганини айтибди. Мана сизга, муаммо!
Қизиқ, бундай шароитда ёшлар куй чалишни ҳаводан ўрганишяптими? Нота дафтарининг йўқлиги барча мусиқа мактаблари фаолияти ва мусиқа дарсларининг сифатини шубҳа остига қўймайдими?
Таъбир жоиз бўлса, бу ҳолат юз йиллар аввал юртимизга ёв бостириб кирганида, бизникилар кетмон кўтариб чиққанини ёдга солади. Балки, бу ўхшатиш кимгадир эриш туюлар, бироқ умрида нота дафтарини қўлига олмаган ёшлар миллий мусиқамиз ва миллий санъатимизни қандай ривожлантиради? Нота дафтарисиз машғулот ўтказиш қармоқсиз балиқ овига боришдек гап-ку, ахир. Бундай кўр-кўрона ёндашувлар қачон барҳам топаркин-а?
Ҳар йили давлат бюджетидан фалон миллиардлаб маблағ сарфланиб, халқаро мусиқа фестиваллари ўтказилади, хорижлик меҳмонларга ўзбек меҳмондўстлиги намойиш қилинади. Бу ёқда эса, мусиқачи бўлиш истагидаги болаларимиз оддийгина нота дафтари тополмай сарсон. Бу – боланинг кўзини боғлаб қўйиб, ундан китоб ўқишни талаб қилиш эмасми?
«Фестиваллар кўчани асфальтлашдан муҳим» дейди маданият вазири. Тўғри-да, ҳамма йўлини қилиб, қўлбола нота дафтари ясаб оляпти, шу ҳам муаммоми?! Мактабларда мусиқа асбоблари бор. Шаҳодатномага ўқувчининг қайси мусиқий асбобни чалишни билиши ёзилиши керак. Ўқувчи нотани билмаса-да, ниманидир тинғирлатса бўлди, шаҳодатномага «қайд этилади».
Қадимда мусиқа комил инсон ўрганиши шарт бўлган фанлардан бири бўлган. Биз – бу борада юзлаб буюклар етишиб чиққан халқмиз. Бу масалада дунё бизга етгунича ҳали анча бор. Биздан...
Уларни санаб, фахрланиб юраверамиз. Янги истеъдодлар, таълим сифати, мусиқий билим кимга керак? Нота ёзуви қорин тўйдирармиди? Нота бутун дунёда таржимонсиз тушуниладиган ягона ёзув бўлса, нима бўпти? Бизникилар нотани билиши шарт эмас. Ҳамма мусиқани тушунаверса, нотадан хабари йўқ, «қароқчи» қўшиқчиларни ким тўйга айтади?
Биз – томорқада етиштирилган маҳсулотининг энг сарасини бозорга чиқариб, бундайроғини боласига едирадиган қавммиз. Биз бутун умр топганимизни битта тўйга сарфлаймиз, аммо фарзандларимизга дарс қилиш, таълим олиш учун етарли шарт-шароит қилиб бермаймиз. Шундай экан, нота дафтари биз учун масала бўлибдими?!
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 февралдаги «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб таълим муассасаларида ўқувчи ва талабаларнинг мусиқий билим ва кўникмаларини ошириш, уларнинг қалбида миллий маданиятга бўлган муҳаббатни шакллантириш, ёш истеъдодларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор чора-тадбирларни амалга ошириш белгилаб қўйилган. Жумладан, қарорга кўра, ноталар тўпламлари ва махсус мусиқий адабиётлар билан таъминлаш умумтаълим мактабларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тизимига киритилиши кўзда тутилган.
Мана, орадан уч йил ўтибдики, қарор ижроси таъминланмаган ва бунга ҳечам ажабланмаса бўлади. Чунки ишга муносабат, ёндашув ўзгармас, майда бўлиб кўринган, аммо муҳим масалалар ечилмас экан, ҳаммаси бекор!
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
«ISHONCH»
Mақолага баҳо беринг
0/50
1
0
0
0