Инсультдан қандай ҳимояланиш мумкин?
29 октябрь -халқаро инсультга қарши кураш куни. ЖССТга кўра, ўлим даражаси бўйича юрак-қон томир касалликлари юқори ўринда туради.
2030 йилга келиб, ушбу касалликдан ўлим ҳолатлари икки баробар ортиши мумкин. Хитой олимлари "Global Health Data Exchange" маълумотларини таҳлил қилиш асносида шундай хулосага келган.
Вазиятнинг бундай ёмонлашувига чекиш, тўйиб овқатланмаслик, буйраклар фаолияти бузилиши, семириш, юқори қон босими, қонда холестерин ва глюкоза миқдори ортиши, сайёрамиз аҳолиси сони кўпайиши каби омиллар сабаб бўлади.
Инсульт — қон айланишининг ўткир бузилиши оқибатида келиб чиқувчи хавфли касаллик. Амалиётда хасталикнинг геморрагик ва ишемик турлари фарқланади. Улар орасида ишемик инсульт 2-3 баробар кўпроқ учрайди.
Геморрагик инсульт – мия тўқимасига, тўр ости бўшлиғига ёки мия қоринчаларига қон қуйилиши билан кечадиган миядаги қон айланишининг ўткир бузилишидир. Хасталикнинг бу турида барча белгилар ишемик инсультдагига қараганда анча яққол намоён бўлади.
Бундан ташқари, инсультнинг бу турида бемор қусади, юзи қизаради, уйқучан бўлиб, энса мушакларида спазм ҳосил бўлади ва кўз тўр пардасига қон қуйилади. Геморрагик инсульт тўсатдан бошланиб, жуда тез ривожланади.
Ишемик инсультда бош мияни озуқа билан таъминловчи асосий қон-томирлар тромбозга учрайди, яъни беркилиб қолади ёки майда томир тармоқларида спазм ривожланади.
Мия қон айланишининг бузилиш нуқсонлари инсонда бир неча ой, ҳатто йиллар давомида пайдо бўлади. Улар инсульт белгиларига ўхшайди, бироқ бир неча дақиқада, камдан-кам ҳолларда бир неча соат мобайнида давом этиши билан фарқ қилади. Кўпинча бу аломатлар тезда ўтиб кетади ва мия фаолияти тикланади.
Лекин бундай тикланишларга ишонмаслик керак, ишемик касаллик йиллар давомида сурункали равишда мия тўқималарини емириб боради.
Инсультга олиб келувчи омилларнинг деярли барчасининг олдини олиш мумкин. Бу омиллар: қонда холестерин миқдорининг ошиб кетиши, алкогол маҳсулотларини истеъмол қилиш ва тамаки чекиш, камҳаракатлик, руҳий зўриқишлар, атеросклероз, артериал гипертония, қандли диабет ва юрак аритмияси кабилардир.
Чекиш инсульт ривожланишини деярли 2 баробарга оширади. Бу иллат қон ивишини кучайтириб, тромблар ҳосил бўлишини тезлаштиради ва томирнинг ички деворини зарарлайди, томир торайиб, унда қон айланиши сустлашиб боради.
Бундан ташқари, спиртли ичимликлар истеъмоли ҳам инсультнинг ривожланиш хавфини бир неча баробарга ошириши исботланган. Шу боис касалликнинг олдини олиш учун албатта тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзига риоя қилиш зарур.
Аминокислоталар ва витаминларга бой бўлган мева-сабзавотларни етарли миқдорда истеъмол қилиш мия инсультига олиб келувчи хатарли омилларни камайтиради.
Айниқса, таркибида аскорбин кислотаси, токоферол ацетат, цианокобаламин, никотин кислотаси, бета-каротин каби витаминлар қон-томир деворлари учун ўта муҳим озуқадир.
Таркиби калийга бой бўлган қуруқ меваларни истеъмол қилиш ҳам томирларда атеросклеротик пиликчалар ривожланишининг олдини олади, томир деворини шикастланишдан асрайди, томирнинг ички деворида холестерин тўпланишини пасайтиради, демак тромблар пайдо бўлишига тўсқинлик қилади.
Балиқ гўштини истеъмол қилиб туриш ҳам юрак мушакларида моддалар алмашинувини яхшилаб, қонда холестерин миқдорининг пасайишига ёрдам беради.
Инсультнинг олдини олишда жисмоний фаолликнинг, жумладан пиёда юришнинг аҳамияти катта. Мунтазам пиёда юриш — қон босимини меъёрлаштиради, кайфиятни ва организмнинг умумий ҳолатини яхшилайди, қонда холестерин миқдорини меъёрлаштириб, атеросклероз ривожланиш хавфининг олдини олади.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0