Ишчилар билан қисқа муддатли меҳнат шартномаси тузишга рухсат берилади
Қурилиш, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарига ишчилар билан қисқа муддатли, соддалашган (кунбай, ишбай) меҳнат шартномасини тузишга рухсат берилади.
Бу ҳақда Президент иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди.
Шунингдек, савдо ва хизматлар соҳасидаги корхоналарга ижтимоий солиқ бўйича имтиёзлар яна 3 йилга узайтирилгани айтиб ўтилди.
“Икки йил олдин савдо ва хизматлар соҳасидаги корхоналарга ижтимоий солиқ 1 фоиз қилиб белгиланди. Ўтган даврда корхоналар сони 1,5 карра ошиб, улардаги ишчилар 220 мингга кўпайди.
Муҳими, кўп корхоналар “соя”дан чиқиб, ойликни тўғри кўрсатишга ўтгани ҳисобига, иш ҳақи 3,2 карра кўпайиб, қўшимча 2,1 триллион сўм солиқ тушди.
Шу боис кўп тадбиркорлар имтиёз муддатини яна уч йилга узайтиришни сўрамоқда. Бу таклиф маъқулланиб, эндиликда имтиёз сервис корхоналарининг камида 3 миллион сўм ойлик оладиган 30 ёшгача бўлган ишчиларига қўлланиши белгиланди”, – деди давлат раҳбари.
Ва аксинча, хуфиёна фаолият юритиб, “конвертда” ойлик тўлаётган тадбиркорлар устидан назорат кучайтирилиши таъкидланди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0