Калтакланаётган ўқитувчилар: Жамият устоздек буюк мақомни йўқотмоқда…
– Энди синфда “герой” мен эмасман, oпа. (Футболда икки марта гол ургандан кейин “герой” бўлганидан хабардор эдим)
– Нега?
– Энди “герой” Салоҳиддин! Ўтган ҳафта физика устозимиз ҳамманинг олдида ундан кечирим сўради.
– Нега? (Бу галги сўровда ҳайрат бор эди)
– Салоҳиддинни дарсимга ҳалал бердинг, деб изза қилгани учун дадаси келиб узр сўратиб кетди. Шунга ҳамма энди уни “герой” деб чақиряпти. Опа, мениям қайсидир устоз шундай уришса, дадам кечирим сўратиб бера олармикин?
Сўнгги вақтда ижтимоий тармоқларда ўқувчи ва уларнинг ота-онаси томонидан калтакланган ўқитувчилар тасвири ёки умуман олганда, устоз мақоми доирасида айланган ҳар қандай шов-шувли хабарлар шу даражада кўп чиққанлиги боис ортиқ ҳайрат билан қарши олинмай қўйди. Жамият устоздек буюк мақомга эга касб эгасининг эзғиланишига қай бир маънода ўрганди.
Келажак ҳақида қисқача:
Олтинчи синфда ўқийдиган укам бор. У баъзан ўзи билмаган ҳолда менга мактабида муҳит қай даражада эканини англатиб қўяди:
– Энди синфда “герой” мен эмасман, oпа. (Футболда икки марта гол ургандан кейин “герой” бўлганидан хабардор эдим)
– Нега?
– Энди “герой” Салоҳиддин! Ўтган ҳафта физика устозимиз ҳамманинг олдида ундан кечирим сўради.
– Нега? (Бу галги сўровда ҳайрат бор эди)
– Салоҳиддинни дарсимга ҳалал бердинг, деб изза қилгани учун дадаси келиб узр сўратиб кетди. Шунга ҳамма энди уни “герой” деб чақиряпти. Опа, мениям қайсидир устоз шундай уришса, дадам кечирим сўратиб бера олармикин?
Нима деб жавоб беришни, ким ҳақида ўйлашни билмай жим қолдим. Ўқувчиларининг олдида қадр-қиммати бир пул бўлган физика устозиними ўйласам, қаҳрамонлигидан фахрланиб юрган “герой”ними ўйласам? Ёки унга ҳавас қилаётган укам ва унинг каби тенгдошларини ўйласамми? Ачинарлиси бу эмас. Жамиятда шу каби вазиятларнинг ҳаддан зиёд кўплигидир. Устозини ўзига эгилтирганидан мағрурланаётган ўн уч яшар ўсмирнинг келажагини қандай тасаввур этасиз? Унга ўхшаш илинжидаги болакайларнинг эртасини-чи? Бу воқеаларни кузатиб турган аълочи ўқувчилардан қайси бирининг дилида муаллимига ҳавас уйғонади-ю, қай бири келажакда устоз бўлади? Мана шундай вазиятлар ўқитувчилик касбининг бора-бора қадрсизланишига олиб келмоқда. Муаллимлик аввалгидек ҳурматга сазовор бўлмай қолгани, шарафли касбнинг шарафи жамиятдан суриб чиқарилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Педагогларнинг қачонлардир пахтага мажбуран сафарбар этилгани, сайловолди пайтлар уйма-уй кезиши, кам маош олиши, “Опен бюжет” учун овоз йиғиш мажбурияти–буларнинг ҳеч бири фожеа эмас. Аммо калтакланиши ёки ўз ўқувчиларидан ишини йўқотмаслик учун кечирим сўраши миллатнинг фожиаси эмасми?!
Ўқитувчиликни ҳавас қилардим, аммо…
Насиба Эргашалиева, Фарғона давлат университети талабаси:
– Болалигимдан устоз бўламан дердим. Ҳозирда эса мана шу йўналишда ўқийман. 3-курсимизда бизни амалиёт учун мактабларга юборишди. Ўзим ўқиган мактабга бордим. Ўша ерда ўзим ҳавас қилган касбнинг аслида бошқачалигини ҳис қилдим. Ўқитувчиларга бўлаётган муомала, уларга юклатилган вазифалар, ўқувчиларнинг хулқи сабаб бўлди-ю ўзим севган касбимдан қўрқиб қолдим. Ҳайратланарлиси, амалиёт таассуротларини гаплашганимизда кўп курсдошларим билан фикрларимиз ўхшаш эди.
Маъмура Тўрақулова, Ёзёвон тумани 36-ИДУМ ўқитувчиси
–Ўн тўрт йилдан бери бошланғич синфларга дарс бериб келаман. Турли муаммолар билан иш жойимни бир неча марта ўзгартирганман. Лекин қийинчиликларига қарамай касбимни яхши кўраман. Фақат охирги йиллар болаларнинг характери, ота-оналарнинг бизга бўладиган салбий муносабати, ўқувчи билан ўртамизга бўлар-бўлмасга аралашуви шахсан менга кўпинча оғирлик қилади.
Йигитали Эргашев,“Эверест” ўқув маркази ўқитувчиси
–Ўрта мактабда беш йил фаолият олиб борганман. Ҳужжат ишлари, доимий стресс етмаганидек, ўқувчиларнинг билимга лоқайдлиги сабаб мактабдан кетганман. Ҳозир ҳам инглиз тили фани ўқитувчисиман. Мактабда эмас, ўқув марказда. Бу ер маош жиҳатдан ҳам, муҳит жиҳатдан ҳам маъқул. Ўқувчиларимдан натижа бўлганини кўриб, севиниб ишлайман. Мактаб бундай кайфият бермасди.
Эмас осон бу майдон ичра турмоқ…
Бугуннинг ўқувчилари аввалги даврларникидан фарқли эканини ҳаммамиз яхшигина ҳис қиламиз. Яқин тарихнинг таълим таёғини бугунги кун қабул қила олмайди. Бизлар мактабга устозим ҳеч ким билмайдиган билимларни беради, деган ишонч билан борсак, ҳозирги авлоднинг кўпчилиги устознинг айтганларини интернетдан ҳам топа оламан, ўзимга керак фанни қўшимча курслардан ўрганиб ҳам талаба бўла оламан деб боради. Қай бир маънода улар ҳақ. Айни бу сабаб бугун ўқитувчиларга икки карра оғир. Ўқувчининг хаёлини бир жойга жамлаш, ўз фикрини ўтказа олиш, уларни ишонтириш, энг асосийси, ҳурмат қозониш энди аввалгидан кўра қийинроқ. Бу ўзгаришларга етишиб чиқаётган кадрлар руҳий жиҳатдан тайёрми? Эндиликда жамият ўзини, касбини ҳимоя қила оладиган, ҳар қандай вазиятда ҳам муаллимлик шаъни, қадр-қимматини оёқости қилдириб қўймайдиган ўқитувчиларни етиштириб чиқарувчи тизимга муҳтож. Бўлажак педагогларни ўқитадиган университетлар уларни биз юқорида санаб ўтган оғир вазиятларга, афсуски, тайёрлай олмаяпти. Мана шу соҳада таҳсил оладиган талабалар ўртасида социологик тадқиқот ўтказганимизда айрим олийгоҳларда (айнан педогогика йўналишида) педогогик маҳорат, психология каби зарур фанлар ўтилмаслиги маълум бўлди. Бу дарслар ўтиладиган университетлар ҳам бор ва у ердаги талабаларининг кўпчилиги бу дарсларни фақат назариядан иборатлиги сабаб қониқарли, келажакда асқотадиган деб баҳоламайди. Тўғри, касб университетда эмас, асосан, амалиётда ўрганилади. Аммо бўлажак ўқитувчиларни фақат билим томондан эмас, психологик жиҳатдан ҳам келажакка тайёрлаш тарафдориман. Ўқитувчиликка даъвогар талабаларга касб масъулиятини ҳис эттириш, болани севиб, уни тушунибгина касбда муваффақиятга эришиш мумкинлигини англатиш айниқса бугунги даврда жуда муҳим. Уларни ўзгартириш орқалигина мактаб таълим тизимини ўзгартира оламиз.
Бундан ташқари, мени яна бир жиҳат ўйлантиради. Ўқитувчи ва ўқувчи, ўқитувчи ва ота-она ўртасида бу қадар муаммолар юзага келгунга қадар мактаб психологи нима қилган? Йўқ, аслида бугун таълим муассасаларида психологлар қай даражада ишлайди? Уларнинг фақат ўз иши билан шуғулланишлари учун етарли шароит яратилганми?
Биз мана шу саволларга жавоб, бўшлиқларга ечим топишимиз керак. Ки бу юртда устознинг шаъни, обрўси яна тиклансин. Бу муаммо фақатгина муаллим, ота-она ёки ўқувчиники эмас. Ҳаммамизники! Келажакка таъсир ўтказадиган ҳар қандай оғриқ бутун бир миллатнинг ярасига айланади. Бунга малҳамни фақат ўзимиз топишимиз керак. Ўзбекистон – келажаги буюк давлат деб бонг урганимиз билан келажак яхшиланиб қолмайди. Зеро, муаллимлари эзғиланган миллатнинг келажаги буюк бўлишига ишониш қийин.
Муаттар Маматкаримова
ЎзМУ Журналистика факультети 3-босқич талабаси
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0