Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 694.9623.12

  • EUR

    13 508.7139.81

  • RUB

    134.660.02

+20C

+20C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+20c

  • Hozir

    +20 C

  • 11:00

    +22 C

  • 12:00

    +23 C

  • 13:00

    +24 C

  • 14:00

    +24 C

  • 15:00

    +25 C

  • 16:00

    +25 C

  • 17:00

    +24 C

  • 18:00

    +23 C

  • 19:00

    +21 C

  • 20:00

    +19 C

  • 21:00

    +18 C

  • 22:00

    +16 C

  • 23:00

    +15 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Payshanba, 18-April

+20C

  • Hozir

    +20 C

  • 11:00

    +22 C

  • 12:00

    +23 C

  • 13:00

    +24 C

  • 14:00

    +24 C

  • 15:00

    +25 C

  • 16:00

    +25 C

  • 17:00

    +24 C

  • 18:00

    +23 C

  • 19:00

    +21 C

  • 20:00

    +19 C

  • 21:00

    +18 C

  • 22:00

    +16 C

  • 23:00

    +15 C

  • Payshanba, 18

    +20 +20

  • Juma, 19

    +20 +20

  • Shanba, 20

    +22 +20

  • Yakshanba, 21

    +22 +20

  • Dushanba, 22

    +22 +20

  • Seshanba, 23

    +23 +20

  • Chorshanba, 24

    +23 +20

  • Payshanba, 25

    +24 +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Экилгани эмас, кўкаргани ҳисоб

Очиқ манбаларда юз минглаб, миллионлаб ниҳоллар ўтқазилгани ҳақидаги маълумотлар кўзга ташланади. Бироқ вазиятнинг умумий таҳлили ўзгача хулосаларга ундайдики, Андижон вилоятида салкам ўн йилдан буён яшил ҳудудларни кенгайтиришда, шаҳар ва туманларда катта-кичик кўчаларнинг икки четига кўчат экишда ранг-баранглик ва хилма-хилликка деярли эътибор қаратилмаяпти.
Жамият
223 11:04 | 02.04.2024 11:04

Жорий йилда Андижон вилоятининг шаҳар ва туманларида умумий майдони 37,7 гектарни ташкил этувчи 16 та боғ барпо этилади. Улар оилаларда фарзанд туғилганда унинг номига тамғаланган ҳолда дарахт кўчатлари экишга мўлжалланган «Янги авлод» боғлари деб аталади. Шунингдек, Андижон, Олтинкўл туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида узунлиги 22,5 километрдан иборат «яшил белбоғ»лар ташкил қилинади.


Бу ҳақда шу йил 25 март куни Андижон вилояти ҳокимининг тегишли қарори қабул қилинди. Бу режаларнинг рўёбга чиқиши «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган 100 мақсаднинг бири – экологик вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини кенгайтириш билан боғлиқ вазифаларнинг ижросига муносиб жавоб деган умид бор.


Сирасини айтганда, ғоя ҳам, режа ҳам жуда ўринли. Зотан, бугун энг долзарб масалалардан бирига айланган барқарор экологик муҳит яратишнинг асосий йўналишларидан бири яшил майдонларни кенгайтиришга боғлиқ. Қолаверса, айни пайтга қадар ҳам ҳар баҳор ва кузда жойларда кўчат экиш акциялари ўтказиляпти. Очиқ манбаларда юз минглаб, миллионлаб ниҳоллар ўтқазилгани ҳақидаги маълумотлар кўзга ташланади.


Бироқ вазиятнинг умумий таҳлили ўзгача хулосаларга ундайдики, Андижон вилоятида салкам ўн йилдан буён яшил ҳудудларни кенгайтиришда, шаҳар ва туманларда катта-кичик кўчаларнинг икки четига кўчат экишда ранг-баранглик ва хилма-хилликка деярли эътибор қаратилмаяпти. Бу борада ота-боболар яратган тажрибаларга суяниш ўрнига, маҳаллий иқлим шароитига мослиги тўлиқ ўрганилмаган, синовдан ўтмаган янгиликлар оммавий равишда қўлланилмоқда.


Андижонликлар яхши эслашади: 2014 йили хориждан ҳар бир донаси салкам 1 миллион 800 минг сўмга тенг бўлган 2 минг туп лола дарахти олиб келиниб, вилоят марказининг чинорлари кесилиб «чўл»га айлантирилган Навоий шоҳкўчаси ҳамда бошқа бир қатор кўчаларга экиб чиқилди. Бу ҳақда, ҳатто, айрим йирик нашрларда «Андижон тажрибаси» дея бонг урилди. Бироқ маҳаллий ҳокимлик топшириғига кўра, мутахассислар ва ободонлаштириш бошқармаси ходимларининг ҳар бир кўчат атрофида эртаю кеч парвона бўлишлари ҳам кор қилмади – дарахтлар илдиз отиб, кўкармади ҳисоби. Мана, орадан ўн йил ўтди, бироқ ҳудудда «шаҳарни бўстону гулистонга айлантириб юборади» қабилида қайта-қайта мақталган лола дарахтларидан яшаб қолганларини санаб чиқишга беш бармоқ ортиб қолади.


Бугун Андижон шаҳрида кейинги йилларда экилиб парваришланаётган дов-дарахтларга эътибор қилсангиз, биринчи галда павловния ҳамда арча кўчатларига нигоҳингиз тушади. Хусусан, баҳорда павловниянинг чиройли гуллари кўзни қувнатса, ундан таралаётган ажиб ҳид кишининг баҳри дилини очади. Қолаверса, бу турдаги дарахтлар тез ўсувчанлиги билан ҳудуддаги «чўллашиш» муаммосини андак бартараф этгандай бўлди. Шунинг учун ҳам ҳар кўчат экиш мавсумида масъулларда павловнияга интилиш кучайди, йўл бўйларига, турли майдонларга эса, арча экиш авж олди.


Бироқ боя таъкидлангани каби яшил ҳудуд дегани фақатгина арча ёки павловниядан иборат эмас-да.


Андижон шаҳридаги узунлиги 3 километрга яқин бўлган Университет кўчасининг икки четидаги юзлаб мажнунтоллар бундан 15 йиллар аввал ҳам саф тортиб турган аскар каби чиройли манзара касб этарди. Ўтган вақт ичида дарахткушлар мажнунтолларга қирғин келтиришди. Айтишларича, қарийб барчаси бешик яcовчи усталарга пулланган. Бугун шу кўчадан бир ўтиб кўринг: дарахтлар асосан яккам-дуккам арчалардан иборат, аввалги файзли манзарадан асар йўқ.


Вилоят марказидаги Ал-Бухорий номидаги маҳаллада истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси, табиат шайдоси Маҳмуджон ота Ҳожиматов 2009-2010 йилларда Андижон шаҳри Навоий шоҳкўчасининг бир тарафи – вилоят ҳокимлиги биноси олдидан собиқ «Лола» қўғирчоқ театригача бўлган оралиқда нақд 970 туп чинор дарахтини санаб чиққанини бот-бот таъкидлайди. Чиндан ҳам, ўша 2010 йилларга қадар ёзнинг жазирамасида ҳам ушбу кўчанинг икки четига тангадай қуёш тушмас, пиёдалар йўлакчасидан яёв юрган одамларнинг соя-салқинда тани яйрар эди. Ҳозир-чи? Саратонда автоуловингизни йўл бўйига 15 дақиқага қолдириб кетинг-а, нақ ҳаммом буғхонасининг ўзига айланади-қолади. Чунки жамоатчилик, айниқса, катта авлод вакиллари тез-тез эслаб тилга оладиган чинорлар аллақачон кесилиб кетган – ўрнида павловния, арча ва яна узунлиги одам бўйига етар-етмас турли буталар ўсяпти, холос.


Яшил майдонларни кенгайтиришда кўчат етиштиришнинг аҳамияти катта. Афтидан, бугунга келиб вилоятда камёб бўлиб бораётган дарахтлар кўчатларини тайёрлайдиган идоралар мутахассислари ҳам қўлни ювиб, қўлтиққа уришган. Чунки ҳудудда баҳор-куз мавсумида чинор, мажнунтол, қайрағоч каби ноёблашиб бораётган дарахтларни экишга эътибор қаратилмаяпти.


Бир неча йил илгари ҳудуд манзарасига бефарқ бўлмаган ва Андижон шаҳрида ўзига хос ландшафт яратишга баҳоли қудрат ҳисса қўшиш пайида юрган ўрмончилик йўналишидаги фермер хўжалиги раҳбари Сайдилло Темиров яхши таклифни ўртага ташлаган эди. Яъни шаҳарнинг кичикроқ тўрт-бешта кўчасини танлаб, ҳар бирининг икки четига айнан бир турдаги дарахтлар экиш ва мутахассислар иштирокида жиддий парвариш қилиш масаласи кун тартибига қўйилган эди. Тасаввур қилинг, бир кўчанинг икки тарафи тўла мажнунтол, яна бирида қайрағоч. Бошқаси эса каштанзор кўчаси...


Бироқ ҳудудда яшаш даври капалак умрига тенг бўлган ва қайта-қайта экилаверадиган, саноғини ҳеч ким билмайдиган гулларга беҳисоб маблағлар ажратилаяпти-ю, негадир юқоридаги каби ғоялар қўллаб-қувватланмаяпти.


Шу ўринда яна бир гап. Айни кунларда яқин келажакда 400 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилиши режалаштирилаётган ҳамда шиддат билан барпо этиладиган Янги Андижон шаҳарчаси адирликларида урҳо-ур, сурҳо-сур билан кўчат экиш акциялари давом этмоқда. Бу яхши, албатта. Бироқ ўтган йили худди шу кезларда экилган кўчатларнинг неча фоизи кўкарди, қанчаси қуриб қолди, деган саволга жавоб берадиган пайт келгандай. Чунки қаровсизлик ортидан ўтган мавсумда ўтқазилган кўчатларнинг аксар қисми аллақачон қуриб-қақшаб бўлган. Ахир кўчатни экишдан аввал унинг доимий агротехникасига масъуллар тайин этилиши керак-ку. Аввалбошдан экилган дарахтларни ким чопади, ким суғоради, ким дорилайди, деган саволларга тайинли жавоб бўлмагач, кўчатлар қурийверади, шунча меҳнат, ресурс ҳавога учади.


«Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг ушбу масалага дахлдор бандида эндиликда «яшил белбоғ»ларни доимий равишда қўриқлаш ва парвариш қилиш ишларини ташкил этиш» масаласи алоҳида вазифа сифатида қайд этилган. Боиси, наинки Андижонда, балки мамлакатнинг бошқа кўплаб ҳудудларида ҳам айнан парвариш масаласида бошбошдоқлик бор.


Юқорида бир замонлар ота-боболар эккан ва яқин ўтмишда қирғин қилинган чинорлар ўрнини тўлдириш хусусида бежиз сўз юритилмади. Чунки вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман ҳокимликларининг бу йил янги авлод боғларини ташкил этишга оид қарорларида айнан қайси турдаги дарахтлар экилиши мўлжалланган режалар кўзга ташланмаяпти. Ҳозирги иш тутумидан келиб чиқилса, янги майдонларда ҳам павловния ҳамда арчадан нарига ўтилмайдигандай. Тўғри, биргина Балиқчи тумани ҳокимининг қарорида дарахт турларининг сони ва экиладиган майдонигача аниқ-тиниқ белгилаб қўйилибди. Унда каштан ва заранг ҳам, қайрағоч ва шумтол ҳам, павловния, терак, чинор ва яна бошқа мевали-манзарали дарахтлар ҳам бор. Бироқ яна ўша гап: экиладиган чинор миқдори янги ўтқазиладиган павловния кўчатлари умумий сонининг олтмишдан бир қисмини ҳам ташкил этмайди.


Қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ масалаларда энг режали ва ўзига яраша натижаларга эга бўлган тумандаги чинор етиштиришга эътибор шу қадар суст бўлса, бошқа ҳудудлардан нимани кутиш мумкин?


Шундай экан, юқоридаги фикримизни яна такрор айтишга тўғри келмоқда: экилгани эмас, кўкаргани ҳисоб.


Биз шу тамойилга амал қилмас эканмиз, эзгу ташаббусларимиз эккан кўчатларимиз каби куртак очмай қуриб кетиши мумкин.


Сиз нима дедингиз, азиз замондош?


Нурилло НЎЪМОНОВ


«ISHONCH»


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0