Кувайтлик журналистлар «ishonch» да
Яқинда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан “Халқаро меҳнат стандартларини илгари суришда касаба уюшмаларининг роли: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” деб номланган халқаро конференция бўлиб ўтган эди. Унда 30 дан ортиқ давлатларнинг касаба уюшмалари ва меҳнат муносабатларига масъул вакиллари иштирок этди.
Меҳмонлар орасида Кувайт касаба уюшмасига қарашли «Ал Амел» – «Ишчи» журналининг бош муҳаррири Абдул Ал-Азиз Ал Азмий ва унинг ўринбосари Абдулраҳмон Ал-Аружлар ҳам бор эди.
Ташрифдан фойдаланиб, кеча «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари таҳририяти жамоасида кувайтлик меҳмонлар билан ижодий учрашув ташкил этилди ва икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Дастлаб меҳмонларга «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари таҳририяти бош муҳаррири, сенатор Ҳусан Эрматов Ўзбекистон касаба уюшмаларининг фаолияти, юртимизда меҳнат муносабатлари соҳасида кечаётган янгиликлар, шу билан бирга, «Ishonch» газетаси ва «Ватан» журнали мазмун-мундарижаси, ташкилий ишлар ҳақида гапириб берди.
Шундан сўнг кувайтлик ҳамкасблар ҳам ўз мамлакатидаги касаба уюшмалари, ўзлари меҳнат қилаётган ва бутун мамлакат бўйлаб электрон обунасига эга бўлган «Ишчи» журналига тўхталди.
– Кувайт Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 1967 йилда ташкил этилган бўлиб, араб давлатлари ичида энг биринчилардан бўлиб юзага келганлиги билан ажралиб туради, – дейди Абдул Ал-Азиз Ал Азмий. – Шунинг учун кўплаб қўшни араб давлатлари Кувайт касаба уюшмаси билан ҳамкорлик қилади. Унинг 17 та тармоғи бўлиб, давлат муассасалари ва нефт корхоналари, таълим ва соғлиқни сақлаш ходимлари каби тармоқлар шулар жумласидандир. Уларнинг ҳар бири 3–4 мингдан ошиқ аъзога эга. Ходимлар ойлик маошига қараб 2 динордан 5 диноргача аъзолик бадали тўлашади.
Журналимизга келсак, у 1967 йилдан бошлаб нашр этилади. Дастлаб чиқа бошлаган йиллари босма шаклда бўлган, аммо кейинчалик электрон усулга ўтган. Ҳозирда журнали 90–99 фоизи электрон кўринишда бўлиб, нафақат касаба уюшмалари фаолиятини, балки мамлакатда юз бераётган муҳим янгилик ва воқеликларни ҳам қамраб олади. Ахборотлар кун давомида юз бераётган янгиликлар мазмунидан келиб чиқиб янгиланиб туради.
Шундан сўнг таҳририят ходимлари ва меҳмонлар ўртасида савол-жавоб бўлиб ўтди. Ҳамкасбларимиз Кувайтдаги босма нашрлар, уларда кечаётган тенденциялар билан боғлиқ маълумотларга эга бўлишди.
Тадбирнинг якуний қисмида иккала таҳририят раҳбарлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга бағишланган Меморандум имзоланди.
Томонлар бундан кейин ҳам ижодий учрашувларни давом эттиришга ва ўзаро тажриба алмашишга келишиб олдилар.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0