Муносабат: оилавий ажримларга нима сабаб бўляпти?
9 июнь санасида ishonch.uz телеграм каналида “Сиз нима дейсиз? – Оилавий ажримларга сабаб бўлаётган омиллар” сарлавҳаси остида мухбир Акмал Абдиевнинг мулоҳазалари эълон қилинган эди.
Каналимизнинг бир гуруҳ фаол кузатувчилари мазкур мақолага ўз муносабатларини билдиришди.
– Жуда долзарб мавзу кўтарилибди. Дарҳақиқат, кейинги вақтларда ажримлар нега кўпаймоқда? Бу масалада қайноналарга кўп нарса боғлиқ, деб ўйлайман.
Агар у бағрикенг, меҳрибон, самимий бўлмас экан, ушбу хонадонга тушган келин қийналади. Тўғри, бировга ҳеч ким ўз онасидек меҳр бера олмайди. Лекин баъзи қайноналарнинг келинга ўз онасидан ҳам кўпроқ меҳр бера олишини ҳам инкор этмайман. Бу қайнонанинг дунёқараши, фикрлаши, ҳар қандай вазиятда позитивлигига боғлиқ.
Баъзи бир қайноналар борки, келинини азобласа, маза қилади, атайлаб йўқ жойдан жанжал-тортишувларни юзага келтиради ва ўғлига “Хотинингни тийиб қўй!”, деб келинни калтаклашини буюради. “Агар келинимнинг айтганини қилсанг, сени оқ қиламан!” деб ўз ўғлини қўрқитадиган қайноналар ҳам борлигини кўриб, ёқа ушлаганман. Аллоҳга шукр, ўзимнинг қайнонам жуда меҳрибон, очиқкўнгил, соддагина эдилар. Фикримча, кўп жанжал бўладиган оилани сақлаб қолиш учун кимдир ўзини “қурбон” қилиши керак бўлади. Яъни, кимдир азобларга чидаши ва сабр қилиши керак. Лекин шунақа муаммони оила аъзолари ўзлари сунъий равишда келтириб чиқарганларидан нима маъно, шуни тушуна олмай, бошим қотади. Қани эди, дунёда ҳеч ким бир-бирига озор бермаса, бир-бирини тушуниб, авайлаб яшаса.
Мавзуга доир: “Сиз нима дейсиз?” – Оилавий ажримларга сабаб бўлаётган омиллар
Келин бечора тушган оиласига мослашгунигача сочи оқариб, қон босими 200 дан ошадиган, юраги ҳуруж қиладиган қўштирноқ ичидаги “бахтли аёл” (одамлар нигоҳида), лекин ичи тўкилиб тугаган заифага айланиб қолиши шартми? Ҳаммаси ўзимизнинг қўлимизда-ку.
Наҳотки, ёшлигида эрка, инжиқ, худбин ўсган қизалоқлар вақт келиб, қайнона бўлганида ҳам ҳамма жойда ўз ҳукмронлигини ўтказса? Келинига зуғум қилган қайноналарни жазолаш керак…
Яъни, кўриняптики, золим қайноналарни таҳлил қилсангиз, кўп ҳолларда у ёшлигида эрка ва худбин қиз бўлгани аён бўлади.
Демак, қайноналар меҳрсиз, худбин, золим бўлмаслиги учун оналаримиз ўз қизларини меҳрибон, раҳмдил, бағрикенг, ростгўй, самимий, савоб ишлар қилишга қодир, сахий ва очиқкўнгил қилиб ўстиришлари керак...
Гулжаҳон Сувонқулова,
“Шўртангазкимё” мажмуаси касаба уюшма қўмитаси
етакчи мутахассиси
Сиз нима дейсиз, ҳурматли муштарий? Минбар навбати сизга...
Mақолага баҳо беринг
0/51
0
0
0
0