Оғир касаллик ва қариялар уйи: уддабурон ўғри “Мирославский”нинг ҳаёт йўли
“Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради” комедиясини ўта айёр ўғри Мирославский образисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Унинг энг асосий қуролларидан бири – ҳар қандай қийин вазиятдан қутилиб чиқиш йўлини топади. Дастлаб уйни ўмариш ниятида борган киссавур тақдир тақозоси билан ўрта асрларга равона бўлади ва ўлимдан зўрға қутилиб қолади.
Фильмни ўзбекча талқинида марҳум актёр Тўлқин Тожиевнинг овози Мирославскийга янада қизиқарли қилган. Образни маҳоратли актёр Леонид Куравлёв моҳирлик билан гавдалантирганди. Фильмда барчага самимий кулги улашган санъаткорнинг ҳаёти эса бир текис бўлмади. Шунга қарамай “Антон Шпакнинг дўсти” яна бошқа ёрқин ролларни ҳам ижро этишнинг уддасидан чиқди.
Леонид Куравлёв 1936 йилда Москва чеккасида яшовчи оддий оилада туғилган. Унинг отаси Вячеслав Яковлевич “Салют” авиация заводида механик бўлиб ишлаган, онаси Валентина Дмитриевна эса дастлаб кўнчилик заводида ишлаган, кейин аёллар сартароши бўлган. 1941 йилда бўлажак актёрнинг онаси ўша даврда машҳур бўлган СССР Жиноят кодексининг 58-моддаси (“Совет ҳокимиятини ағдариш, бузғунчилик, давлатни ичдан заифлаштириш ёки индивидуал аксилинқилобий жиноятларни содир этишга чақириқларни ўз ичига олган ташвиқот”) бўйича ҳибсга олинган. У кейинги етти йилни Қарагандада сургунда ўтказди, металлургия заводида ишлади ва кичкина Леня онасининг синглиси, холаси Надежда томонидан тарбияланди.

1948 йилда сургун жойи Кола ярим оролига ўзгартирилди, у ерда она ва ўғил ниҳоят учрашдилар. Улар 1951 йилда Мурманск вилоятидаги Зашэк қишлоғидан Москвага қайтиб келишган, ўша пайтда Леонид 15 ёшга тўлган эди. Куравлёв мактабда яхши ўқиди, лекин у аниқ фанлар: математика, физика ва кимё бўйича жуда нўноқ эди.
"Мен жуда истеъдодли болалар билан бир синфда ўқиганман. Бизда жами еттита олтин ва кумуш медал соҳиблари бор эди. Лекин гуруч курмаксиз бўлмайди, деган гап бор. Мен математикадан жуда ёмон ўқидим”, - деб эслайди Леонид Вячеславович мактаб даври ҳақида.
Санъаткорнинг сўзларига кўра, бу омил билвосита унинг касб танлашига ҳам таъсир кўрсатди. Леонидга театр институтига киришни маслаҳат берган одам унинг амакиваччаси эди. Қизнинг ўзи актриса бўлишни орзу қилар эди, лекин у танловдан ўта олмади ва қариндошини омадини синаб кўришга кўндиради: "Омадингизни синаб кўринг, ҳеч бўлмаганда бу ерда математика йўқ".
Йигитчанинг 1953 йилда Кинематография институтига киришга биринчи уриниши муваффақиятсиз тугади. У Москва артелига ишга жойлашди ва икки йил давомида шишадан ясалган арча безаклари, безаклар ва камералар учун линзалар ясади. 1955 йилда у иккинчи бор имтиҳон топширди ва бу сафар омади чопди.
1960 йилда ўша пайтда режиссёрлик бўлимида ўқишни тугатаётган Василий Шукшин Леониднинг истеъдодини пайқади ва унда ўзига хос бир нарсани кўрди. Шукшиннинг “Улар Лебяжедан хабар беришади” қисқа метражли фильмида Куравлёв дудуқланишдан азият чекадиган комбайнчи Сеня Громов ролини ижро этди. 1964 йилда Шукшин яна Куравлёвни ўз фильмида рол ўйнашга таклиф этди. “Шундай йигит яшайди” фильми томошабинларга ёқди ва ҳайдовчи Пашка Колокольников образи узоқ вақт давомида хотирада қолди. Оддий, хаёлпараст, бироз содда, лекин ҳаёт ва одамларни севиш - бу роль ҳақиқатан ҳам Куравлёвга узукка кўз қўйгандек тушганди.
Бир йил ўтгач, Куравлёв ва Шукшиннинг фильми чиқди, у иккаласига ҳам катта шуҳрат келтирди. “Сизнинг ўғлингиз ва укангиз” фильмида Куравлёв мураккаб драматик рол ажро этди.
Кўпчилик томошабинлар Леонид Куравлёвни биринчи навбатда комедия устаси сифатида билишади. Шукшин билан биргаликдаги фаолиятдан сўнг, у Леонид Гайдай, Георгий Данелия ва Михаил Швейцер каби комедия жанри усталарининг эътиборини тортди. Айнан Швейцер Куравлёвга ўзининг энг кўзга кўринган ролларидан бирини – “Олтин бузоқ” комедиясидаги майда фирибгар Шура Балагановни берди. Фильм, худди Ильф ва Петровнинг асари асосида яратилгани каби, тезда классикасига айланди. Леонид Куравлёв уста фирибгар - Остап Бендернинг шериги ва фирибгарлардан бири “лейтенант Шмидтнинг болалари” образини моҳирона гавдалантирган.
Лекин Леонид Куравлёвнинг халқ орасида энг машҳур ва севимли роли - ўғри Жорж Милославский эди. Бу қаҳрамоннинг кўп гаплари машҳур ибораларга айланди: "Техника мўъжизасини кўрганману, лекин бунақасини...", "Фуқаролар, пулингизни омонат кассасида сақланг! Агар албатта, у сизда бўлса"; “Ҳали ҳечам умримда гувоҳ бўлиш насиб этмаган...” ва бошқалар бунга яққол мисол бўла олади.
Мазкур фильмдан сўнг актёр яна бошқа ёрқин ролларни ҳам ижро этди. “Афоня”, “Робинзон Крузо”нинг ажойиб ҳаёти ва саргузаштлари фильмлари шулар жумласидандир. Робинзор Крузо ҳақидаги фильм ҳануз томошабинлари томонидан севиб томоша қилинади. 1973 йилда суратга олинган фильм ҳозир Абхазия ҳудудларида ишланган бўлсада, умумий манзараларда Курилл ороллари манзараларидан ҳам фойдаланилган.
Фильмларда томошабинларни кулдирган актёрнинг шахсий ҳаёти унчалик қувончли тугамади. Леонид Куравлёв бўлажак рафиқаси Нина билан 1952 йилда танишганди. Саккиз йил ўтгач, улар турмуш қуришди.
"Менинг хотиним жуда гўзал, латофатли эди. Нина мени рашк қилмасди, ҳеч нарсадан гумон қилмаган. Мен ҳам уни ҳеч қачон алдамаганман. Нега? Менинг аллақачон суюкли аёлим бор эди, бошқасини изламоқчи эмасдим", - дейди актёр.
Нина Васильевна инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаган ва мактабда директор бўлган. Куравлёвга айнан шундай турмуш ўртоқ керак эди - хотиржам, меҳрибон, ғамхўр. Нина Васильевна ҳар доим эрини қўллаб-қувватларди. Куравлёвлар оиласининг икки фарзанди бор эди: қизи Екатерина 1962 йил, ўғли Василий 1978 йилда туғилган. Екатерина Шчукин мактабини тамомлаган, фильмларда рол ўйнаган, аммо охир-оқибат бошқа йўлни танлаган - у психотерапевт дипломини олди, ўз мутахассислиги бўйича ишлади.
Ўғил ҳам бошқа йўлдан кетди. Москва автомобил йўллар институтини тамомлагандан сўнг Василий иқтисод фанлари номзоди бўлди ва кейинчалик бизнес билан шуғулланди. Нина ва Леонид Куравлёв 60 йил бирга ҳаёт кечирди. Афсуски Куравлёвнинг турмуш ўртоғи 2012 йил 5 апрелда юрак операциясидан сўнг вафот этди.
Оғир йўқотишдан сўнг, актёр ёлғиз ҳаёт кечирди, камдан-кам ҳолларда омма олдида пайдо бўлди ва фильмларда суратга тушишдан бош тортди. 2021 йилда у Москвадаги қариялар уйига кўчиб ўтди - қариндошларининг сўзларига кўра, актёр доимий тиббий ёрдамга муҳтож эди. 2022 йил 5 январда Леонид Куравлёв вирусли пневмония билан Коммунарка касалхонасига ётқизилди. Пневмониядан ташқари, 85 ёшли актёрнинг соғлиғида бошқа жиддий муаммолар борлиги аниқланган. Ниҳоят, 2022 йил 30 январда Леонид Куравлёв вафот этди. Халқ артисти Россия пойтахтидаги Троекуров қабристонида рафиқаси ёнига дафн қилинди. Комедиялардаги маҳоратли роллари билан халқ меҳрини қозонган истеъдоднинг 85 йиллик умри шу тариқа ўз ниҳоясига етди.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0