ҲОЛВАНИ ОЛҒИР ЕБ...
2024 йил давомида ўтказилган назорат тадбирларида табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш натижасида давлат манфаатларига 1 триллион 409 миллиард сўм зиён етказган 8 минг 289 та қоидабузарлик аниқланди. Бу рақамлар “Ўзэнергоинспекция”нинг расмий баёнотидан олинган.
Авваллари бундай зарарларнинг умумий миқдори миллионлаб, миллиардлаб сўмни ташкил этарди. Нима ҳам дердик, тизимдаги рақамлаштириш имкониятларининг кенгайиши, қатор-қатор назорат тадбирларига қарамай, триллионлик маррага ҳам етиб келибмиз.
Одатда, қоидабузарлик деб аталаётган бу қилмишлар оқибатида келтирилган зарарнинг қанча қисми ундирилгани, қанча айбдор шахс жавобгарликка тортилгани ҳақидаги расмий маълумот деярли берилмайди. Ўрага сичқон тушди – гулдур-гуп.
Қизиғи, бу ишлар устида туриб, конунбузарлар қўлидан ушлаётган мутасаддилар лицензияни бекор қилиб, маъмурий баённомалар тузишдан зерикмадилармикин? Масъулларда ўғирликларнинг олдини олиш бўйича тайинли режа йўқми?
Одамларнинг суҳбатига қулоқ тутсангиз, кўплар барака йўқлигидан нолийди. Тасаввур қилинг, икки киши шерикчиликда бирор ишга қўл урса-ю, улардан бирининг нияти бузилиб, ўртадаги нарсани ўғирлаш пайига тушса?! Албатта, барака қочади-да.
Энг ачинарлиси, бу каби ўғирликлар карраси билан халқнинг гарданига тушаётгандек. Чунки табиий газ ва электр энергияси учун йилдан-йилга лимитлар белгиланиб, нархлари ошса-ошяптики, сира камаймаяпти.
Сенат ялпи мажлисида “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун муҳокамаси чоғида Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров айни мавзуда бир жиҳатга тўхталди: “2025 йилда бюджетдан жами 28,3 триллион сўм субсидия ажратилиши кутилмоқда. Шундан қарийб 12,3 триллион сўми энергетика соҳасини қўллаб-қувватлашга сарфланади. Жумладан, табиий газни сотиб олиш ва сотиш нархларидаги тафовутни қоплашга 7 триллион сўм, электр энергиясидан кўрилган зарарни сўндиришга 500 миллиард сўм субсидия берилади”.
Бир томондан давлат субсидия ажратиб, камига газ ва электр энергияси учун йилдан йилга янги лимит белгилашига қарамай, нархлар ошишига энергия ресурслари талон-торож қилинаётгани ҳам сабаб эмасмикин?!
Аслида, субсидиялар ҳам халқ тўлаган солиқлар ҳисобидан ажратилиши ҳисобга олинса, бир гуруҳ олғирлар келтирган зарар товони гир айланиб яна халқ гарданига тушмаяптими? Қолаверса, давлатнинг талон-торож қилинаётган мулкида етим-есирларнинг ҳам ҳақи бор. Унга хиёнат қилганлар қонун олдида тегишли тартибда жавоб берса, қолганларга ҳам ибрат бўларди.
Анваржон ҲАЛИМОВ
“ISHONCH”
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0