Президент янги сайланган сенаторларнинг фаол бўлишига ишонч билдирди
Президент Шавкат Мирзиёев янги чақириқ Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида иштирок этмоқда.
Давлат раҳбари ўз нутқида юксак ишончга сазовор бўлиб, Сенат аъзоси этиб сайланганларни самимий муборакбод этди. Сенаторлар Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз учун тинч ва осойишта, эркин ва фаровон ҳаёт яратиш йўлида бор билим ва тажрибасини, куч ва салоҳиятини ишга солишига умид билдирди.
Таъкидланишича, Конституциявий ислоҳотлар натижасида Сенат таркиби ихчамлашиб, унинг аъзолари сони 100 нафардан 65 нафарга қисқарди.
Айни вақтда сенаторларнинг ваколатлари ва масъулияти бир неча баробар ошди.
Хусусан, юқори палатанинг парламент назорати ва бир қатор муҳим давлат органларини шакллантиришдаги иштироки сезиларли равишда кенгайтирилди.
Илгари сенаторлар назорат тадбирларида ёки сайловчилар билан учрашувларда қонунларда аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ ваколатга эга эмас эди. Янгиланган Конституцияда Сенатга қонунчилик таклифини киритиш ҳуқуқи берилиши билан масала ўз ечимини топди.
Президент янги сайланган сенаторларимиз энди бу жараёнларда фаол бўлишига ишонч билдирди.
Шунингдек, юқори палата ўз фаолиятида тўлиқ ишга солиши мумкин бўлган имконият ва йўналишларга тўхталиб ўтилди.
Конституцияда Сенат ҳудудий вакиллик палатаси экани белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, олдинги чақириқда Сенат маҳаллий кенгашлар билан мулоқот ва ҳамкорлик борасида фақат дастлабки қадамларни қўйди.
Масалан, маҳаллий кенгашлар 15 дан ортиқ масалалар бўйича қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлса-да, уларни тайёрлаш, келишиш ва тасдиқлаш бўйича ягона тартиб ҳалигача ишлаб чиқилмаган.
Бундан ташқари, маҳаллий кенгашларнинг энг яхши тажрибаларини бошқа ҳудудларда ҳам оммалаштириш, намунали кенгашларни эътироф этиш ҳам йўлга қўйилса, ишнинг самараси янада ошиши таъкидланди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0