Шап-шап деявермай, шафтоли десангиз-чи?!
Чиройли сўзлашни яхши кўрамиз. Гапирганимизда одамлар оғзини очиб қолса, деймиз. Бунинг учун ҳеч ким йўғида ойнага қараб машқ қиламиз, айтиладиган гапларни ёзиб олиб, уни ўзимизга ўзимиз ўқиймиз ҳам.
Баъзи масъуллар эса, шуниям уддалаёлмай, телевизорда «чиқиш» қиладиган бўлса, камера ёнида биров тутиб турган қоғоздаги тайёр матнни тутила-тутила ўқиб беришади. Аммо бу узундан-узоқ, жингала жингала жумлалардан бирон маъно англаш маҳол, экранга қараб туриб, «ҳой, барака топгур, сал одамга ўхшаб гапирсанг бўлмайдими?» деворгинг келади. Чунки ёзма материал бошқа, одамнинг жонли сўзи бошқа.
Ҳалиям она тилимизнинг жонига тўзим берсин. Халқ осон, равон сўзлайди, бурама гажак ифодаларни лўнда, жайдари қилиб ифодалайди. Масалан, «Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси» деб чўзғилаб ўтирмай, одмигина қилиб «Навоий кутубхонаси» деб атайди. «Кам таъминланган оила» деб чайналмай, муҳтож оила, дейди-қўяди.
Аммо тилчиларга қолса, Лутфий кўчасини Лутфий номидаги кўча, Муқимий театрини Муқимий номидаги театр, деб «илмий тўғри» аташни талаб қилишади. Шапшап дегунча, шафтоли деган яхши эмасми? Қирқ йилча аввал Тошкентда қурилган кино-концерт залига «Халқлар дўстлиги» деган ном берилди. Ўзи, «Кино-концерт зали» дегани бу залнинг номи эди. Яна янги ном қўшилиб, у «Халқлар дўстлиги» кино-концерт зали» деган болохонадор иборага айланди. Аслида-ку, бу залнинг болохонаси йўқ эди, аммо номи билан қўштирноғигача қўшқават бўпкетти!
Кўп ўтмай, буям кам кўринди. У янада сиёсийлашиб, «Владимир Ильич Ленин номидаги «Халқлар дўстлиги» кино-концерт зали» деб атала бошлади. Буям ёмонмас, аммо айтиб бўлгунингизча нафас етмай қолгани чатоқ экан. Сўнг Ленин ўчирилди, бир муддат «Халқлар дўстлиги» деган нарса ҳам сал нарига кўчирилди. Бу бино жойлашган Халқлар дўстлиги кўчаси Бунёдкор кўчаси деб, метронинг шу номдаги станцияси ҳам Бунёдкор дея қайта номланди. Мундай олганда, Бунёдкор – ихчам, қулай ном. Аммо... «Бунёдкор» нима дегани, билишмас экан. Ахир, Бунёдкор – Худо-ку! Фақат Оллоҳ бунёдкор, у бунёд этади – яратади.
«Бунёдкор» деган сўз тилимизда бор-ку, дейсизми? Ундай эмас. Бу шаккок ифода бизга атеизм авж олган йилларда кириб келган. Руслар ҳам «Созидатель» деб худони айтади. Худога уруш эълон қилган баттоллар «созидательный» деган неологизмни ўйлаб топишгач (созидательный труд), биздагилар уни «бунёдкорона» (меҳнат) деб ўгиришди. Қолаверса, «бунёд» деган сўз ҳам, унга қўшилган «кор» суффикси ҳам ўзбекча эмас, тожик тилидан олинган. Тожиклар эса «Бунёдкор» деганда худони тушунади. Бизда эса «Бунёдкор» футбол командаси, стадион, кўча, майдон ва ҳоказолар сероб, чунки сўзнинг маъноси билан ишимиз йўқ. Бунақа ғишавани бошоғриқ деб биламиз, «ке, қўй, аталди-бўлди-да», деймиз. Ана, Яшнобод туманини қаранг, яшнобод нима дегани, маъносини ҳеч ким тушунтириб бера олмаса ҳам... турибди-ку!
Марҳум бош секретарь К.У.Черненконинг раъйига қараб, ҳамма ўрганган Маориф вазирлиги «Халқ таълими вазирлиги» деб қайта номланган эди. Маориф (просвещение)нинг нимаси ёқмадийкин у раҳбарга, биров билмайди. Оқибат, бир сўз ўрнига икки сўз майдонга келди.
Тунов куни бир ошнамдан манзилини сўрадим. «Туяҳаммом маҳалла фуқаролар йиғини»да тураман, дейди. «Ҳой, сен ўша маҳаллада турасанми, ё маҳалланинг фуқаролар йиғинидами», десам, «нима фарқи бор», деб анграяди. Ахир, йиғин – йиғилиш, мажлис, дегани-ку? Наинки одам... йиғинда яшаса? Қаранг, шунақа ифодаларга ўрганиб ҳам қоларкан-да киши. Маҳалла – ўзбекники, дунёнинг биздан бошқа ҳеч қаерида маҳалла деган нарса йўқ. Аммо маҳалла идорасини руслар «Сход граждан махалли» дейишгач, дарров сўзма-сўз таржима қилиб, «Маҳалла фуқаролар йиғини» дедик-қўйдик-да!
Шундай ҳолларни кўра-кўра, ўзим ҳам ажабтовур қилиб сўзлашга ишқивоз бўлиб қолдим. Э, бунинг гашти бир бошқача бўларкан! Пенсияга чиқволиб, далаҳовлига тўрт-беш дарахт экиб кўкартирдим. Ана энди кимдир, пенсионерлигимдан бехабар, «нима иш қиласиз?», деб сўраса, «боғбончилик бўйича боғбонман», дейдиган бўлдим. Анграйиб қолади. «У нимаси?», деб сўраса, «эътирозингизни Олий аттестация комиссиясига бориб айтинг», деб оғзига ураман. Нимагаки, ёшлигимда филология фанлари номзоди эдим. Ҳозир номзодлик деган гапнинг номзоди ўтмайди. «Филология фанлари бўйича фалсафа доктори» деб айтиш керак, қайтимига бонус қилиб, инглизча «PhD» деб қўшиб қўйсангиз, илмингиз мундайроқлиги ҳам билинмай кетади. Йўқ, ўзингиз аввал бир қаранг, «Биология фанлари бўйича фалсафа доктори» + «PhD»! Қандоқ чиройли янграйди! Ҳаммаёқ жаранг-журунг бўпкетади. Ё тавба!
Илгари Ўзбекистонда «фан номзоди», «фан доктори» деган икки илмий даража, «доцент», «профессор», «академик» каби илмий унвонлар бор эди. Энди-чи? Отини айтишга тил айланмайдиган атамалар болалаб кетди. Оддийгина талабаликнинг ўзи иккига бўлиниб, бакалавриат ва магистратурага ажратилди. Энди бакалавр бўлиш – чала бир иш, истиқболи кам, магистр бўлмасангиз, илмий иш қилишга йўл тақа-тақ берк. Магистр бўлибгина, ишонч билан олий маълумотлиман десангиз бўлади. Аммо таажжубки, нафақат бакалаврлар, ҳатто бугунги аксар магистрлар ҳам аввалги олий маълумотлиларнинг ярмича билимга эга эмас.
Шундай экан, беш йиллик олий таълимдан воз кечишнинг ўзи хатоларимизнинг боши бўлмадимикин, деган фикрга келасан, киши. Нима бўлганда ҳам, бу тартибот ёшлар умрининг камида бир йилини – умрининг энг сўлим дамларидан бир йилини елга совуряпти. Ахир, бакалавриатни тугатган, аммо магистратурада ўқишга ё шароити кўтармаган, ё отасининг маблағи етмаган бола эплаб-сеплаб «кириб олган» боладан билими дурустроқ бўлиши ҳам мумкин-ку?
Хайриятки, ўрта мактаб соҳасида «9+3» тизимидан воз кечиб, ўнбир йиллик таълимга қайтдик. Йўқса, бунда ҳам бир йилни бой бериб, болалар ўн икки йил ўқишга мажбур эди. Ана шу шижоатнинг забти нимагадир олий таълим соҳасига тўлиқ етиб бормай қолди.
Қадимги Юнонистонда бошланғич мактаб ўқувчилари академик деб, уларнинг мактаби эса академия деб аталган. Баъзи жойларда ҳозир ҳам магистр дегани фан номзодидан (ёки бояги «PhD»дан) юқорироқ саналади. «Файласуф»-ку, янада антиқа – Гоголь «Вий» асарида нодон ва чаласавод мактаб болани файласуф деб атаган.
Хў-ўш, химик бир олим фалсафа билан шуғулланмас экан, уни «Фалсафа доктори» деб атаган билан у файласуф бўлиб қоладими? Қачон илмда, таълимда ҳам мустақил бўламиз?
Бизнингча, фан бошқаларнинг ноғорасига қилпиллашни эмас, собитликни тақозо қилади. Аввало мақбуллигини, қолаверса, ўрганиш бўлиб қолганини ҳисобга олиб, фан номзоди, фан доктори деган атамаларга қайтганимиз дуруст кўринади. Зеро, янаям гажаклироқ бир ном берганингиз билан тадқиқотчининг илми ошиб-тошмайди.
Социология фанлари бўйича... фалсафа доктори, физика-математика фанлари бўйича... фалсафа доктори, боринг ана, чорвачилик фанлари бўйича ҳам... фалсафа доктори. Яна ҳаммасининг думига «PhD» деган ходани ҳам улаш керак. Боғбончилик бўйича боғбон дегани ундан чандон жўн-ку. Ўзи-ку, бизда мундай бир тузукроқ файласуф йўқ, аммо ҳаммаёқни фалсафа доктори босиб кетганини қаранг.
Кесатиғу киноя, пичингу учириқларни қўйиб туриб, жиддий айтадиган бўлсак, ўриснинг атамаларидан воз кечишга кечяпмиз-да, ўша оннинг ўзида ғарбга танда қўяяпмиз. Бунинг нима каромати бор экан, бизга аён эмас. Жўжахўроз футбол шарҳловчилари «дарвозабон»дан воз кечиб, «голкипер», ҳужумчини – «форвард», ён ҳакамни – «лайнсмен», қўшни жамоалар беллашувини «дерби» деб атай бошлашади? Ким уларга она тилимизни бузишга ҳуқуқ берган?
Яна бир атаманинг чайналишига эътибор беринг. Мен кўп йиллар кутубхонада ишлаганман. Кутубхона – табаррук маскан. Бу сўзнинг ўзи қандоқ ярашиқли! Шунинг учун барча юртларда кутубхона ўша тилдаги номда сақлаб қолинган. Бизда эса, нима учундир, шундай гўзал сўздан воз кечиб, «ахборот-ресурс маркази» деган аллатовур атамага ўтилди. Яна денг, буниси ҳам сертармоқ: туману шаҳарлардаги, мактаб ва бошқа муассасалардагисининг номи АРМ (ахборот-ресурс маркази), вилоят марказидагилари эса АКМ (ахборот-кутубхона маркази) деб аталар эмиш. Хўш, бирон шаҳардаги АРМ унча-мунча вилоят АКМидан кўламлироқ бўлса-чи? Барибир, «АРМ» деб аталадими? Мантиқ қани? Бунинг устига, кутубхоначи дейиш ҳам хато эмиш, «ахборот-ресурс маркази мутахассиси» деб айтиш керак экан энди. «Подумаешь!» деворгинг келади!
Яхши биласиз, чорак асрча аввал Ўзбекистонда мактаб ва бошқа ўқув юртларида «рейтинг системаси» деган бир янгилик жорий қилинган эди. У билим беришда эмас, билимни баҳолашда қўлланадиган мураккаб бир тизим эди. Муаллим дарсга калькулятор кўтариб кириб, бухгалтерия билан шуғулланишга мажбур бўларди. Рейтинг балоси узоқ ҳукм суриб, энди бартараф бўлди. Унгача миллионлаб боланинг, неча ўн минглаб ўқитувчининг бошини қотирди, умрларининг энг қимматли вақтини ўғирлади. «Рейтинг» асосида баҳолашга ўтиб, нима ютдик – ким айтади? Демак, ҳар қандай янгилик (жумладан, аввалдан бор нарсаларнинг номини ўзгартириш) тараққиётга олиб келавермас экан. Ҳар қандай ажабтовур нарсани, агар жудаям жозибали кўринса, кичикроқ бир кўламда синовдан ўтказиб, кейин жорий қилиш керакмикан?
Лоақал, биз сўз юритаётган масаладаги ўзига хосликни олиб қаранг. Ҳар қандай нарса – ҳатто у хато бўлса ҳам, тилга кирдими, тамом, бу онгга ҳам кирди дегани, кейин уни омбур билан ҳам тортиб чиқариб бўлмайди.
Бой, оҳорли тилимизга бетайин, мантиқсиз ифодалар кириб қолмасин. Ўшанақа аллатовур сўзларсиз ҳам кунимиз ўтади. Бугунги глобаллашув замонида бу ниҳоятда долзарб. Чунки ўринсиз сўз ва ифода шакллари баайни танага суқулган чаён ниши – она тилимизнинг баданини илвиратиб қонига ўтади ва жонига қасд қилади.
Ана шундан эҳтиёт бўлайлик!
Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,
адабиётшунос
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0