Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 878.96-30.68

  • EUR

    14 801.79-106.26

  • RUB

    158.39-1.36

+18C

+18C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+18c

  • Hozir

    +18 C

  • 21:00

    +16 C

  • 22:00

    +14 C

  • 23:00

    +13 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Chorshanba, 23-April

+18C

  • Hozir

    +18 C

  • 21:00

    +16 C

  • 22:00

    +14 C

  • 23:00

    +13 C

  • Chorshanba, 23

    +18 +20

  • Payshanba, 24

    +21 +20

  • Juma, 25

    +22 +20

  • Shanba, 26

    +24 +20

  • Yakshanba, 27

    +26 +20

  • Dushanba, 28

    +29 +20

  • Seshanba, 29

    +21 +20

  • Chorshanba, 30

    null +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax
Ўзгача ракурс
296 02:50 | 20.03.2025 02:50

1


— Бу ёққа қаранг! — хитоб қилди учоғимиз Ҳайдаркўлдан ўтганда ойкулчадай ойнадан осмонни томоша қилиб келаётган ҳамроҳим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли фотограф Абдуғани Жума. — Ким айтади бу ерларни Қизилқум деб, чўл деб?!.


Ўрнимдан ярим кўтарилиб, ташқарига мўралайман. Қарайману, юрагим ҳаприқиб кетади. Пастда эртакларда «Қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куяди» дейилмиш чўл — Қизилқум эмас, афсонавий эрам боғлари ястаниб, товланиб ётгандай. Саратон қуёшида туя ўркачлари мисоли саф-саф барханлар аро кезинган сап-сариқ сароб ёлқинлари бугун худди мовий денгиз тўлқинларига айланиб, баҳор ҳаволарида бешик-бешик тўлғанаётгандай...


— Қаерда бор бундай гўзаллик! — самолётни бошига кўтаргудек ҳайқиради Абдуғани Жума. — Навоий дейдилар буни!


— Ҳар қадами тилло — олтин, кумуш, мармар, фосфорит, уран, кварц, феруза, оҳактош.., — дея мақтанишда тўхтамайди у:


— юртимиздаги энг бой ва бепоён чўл қаерда? — Навоийда;


— энг йирик олтин ва кумуш конлари-чи? — Навоийда;


— энг катта иссиқлик электр станцияси,


— энг улкан цемент заводи,


— дунёдаги энг бебаҳо сур тери,


— Ўзбекистондаги машҳур кимё корхоналари ва мармар конлари ҳам Навоийда.


Бекорга саҳро жавоҳири, демайдилар.


Сармишсой, Сангижумон, «Тош ўрмон» мўъжизаларининг эса Ер юзида қиёси йўқ. Қучоғининг катталиги, бағрининг кенглигини айтмайсизми?


Ўзбекистонда Қорақалпоғистондан бўлак ҳудуди унга тенг келадиган вилоят йўқ! Бир ёғи Қорақалпоғистону Ҳайдаркўл, Қозоғистону Бухоро, яна бир томони Самарқанду Жиззах. Яна денг, дунёдаги Малави, Лесото, Словения, Сент-Люсия, Янги Каледония деган давлатлардан бир неча баробар катта.


— Биламан, — шерик бўламан фотограф дўстимнинг ифтихорига. — Қизилчанинг ўзига Тинч океанидаги Тонга деган давлатнинг икки-учтаси ўйнаб-ўйнаб сингиб кетади. Навоий мамлакатимиз вилоятлари орасида энг кенжаси бўлишига қарамай...


— Шундай. 1982 йилда ташкил этилган, 1988 йилда тугатилган. 1992 йили Биринчи Президентимиз ташаббуси билан яна қайта ташкил этилган, — деб сўзимни бўлади у. — Аҳолисиям унча кўп эмас, 1 миллиондан сал зиёд. Лекин бу вилоят тарихи ана шу йиллардан бошланади, дегани эмас. Унинг инсоният тамаддунига катта ҳисса қўшган қадимий ва бой ўтмиши бор. Қизилқумда, Қоратовда, Нурота атрофларида қадимий манзиллар шу қадар кўпки, уларнинг баъзиларини юртдошларимиз ҳам яхши билмайди. Масалан, «Учтут» чақмоқтош шахтаси. Олимлар бундан 200-100 минг йиллар аввалги ибтидоий даврлардаёқ одамлар бу ердан чақмоқтош қазиб олганини исботлашган. Дастлабки пайтларда очилиб қолган ерлардаги чақмоқтош ғуддалари йирик тошлар билан уриб ушатилган. Кейинроқ бу юмуш ёғоч таёқлар, ундан кейин Бухоро оҳусининг шохларидан, ёввойи ҳўкиз, буғу ва бошқа жониворлар суякларидан ясалган чўкичлар, кураклар ёрдамида амалга оширилган. Ҳозиргача 48 та шахта ўрганилган ва ҳар бири ўртача 35-45 килограмдан бўлган 8000 та ғудда қазиб олинган. Бу жой ибтидоий даврда Марказий Осиёда чақмоқтош олинган ягона макон ҳисобланади. Бунақа шахталар жаҳонда камдан-кам учрайди.


2


Ҳамроҳимнинг сўзлари «Очиқ осмон остидаги музей» — Сармишсойни эсга туширди.


Сармишсой петроглифлари — Ўзбекистон ҳудудида энг кўп, энг беқиёс қоятош расмлари сақлаб қолинган водий ҳисобланади. Бу ердаги қоятош суратларида, бундан 5-7 минг йил аввалги ҳаёт тасвирланган. Сармишсойда қарийб 22,5 километр масофадаги қоятошларга ўйиб солинган 10000 дан ортиқ расмлар билан юзма-юз келган киши беихтиёр минг-минг йиллар аввалги одамлар даврасига тушиб қолгандек сеҳрланади, ўйга толади; қўлидаги узун найзаларни ўқталганча ҳай-ҳайлаган кўйи баҳайбат ҳайвонларни қувиб бораётган овчиларнинг жанговар ҳайқириқларини эшитгандай бир ғалати титроқ қоплайди жону жаҳонини. Қизил ва қора рангли қумтошларга ҳамда сланецли қояларнинг тик ва ётиқ сиртига солинган тасвирлар афсонавийлиги билан мафтун қилади; гажакдор шохли архарлар, тоғ эчкилари, ёввойи буқа-ю тўнғизларни найза-камонда овлаётган овчиларга қўшилиб кетаётгандек сезасиз ўзингизни.


Тасвирларнинг яна бир ҳайратли жиҳати шундаки, уларнинг баъзилари ёмғир ёққанда кўринса, айримлари қуёш нури тик тушганда пайдо бўлади. Шундай суратлар ҳам борки, уни кўзингиз ёруғлик қия тушганда ёки сояда илғайди.


Фақат шу эмас, Сармишсой азалдан ўзига хос жуда бой ҳайвонот дунёсига эга манзил ҳисобланган. Бу ерда ўсимликларнинг 62 оиласига мансуб 650 тури учрайди. Уларнинг анчаси Ўзбекистон «Қизил китоб»ига; капчабош илон, эчкиэмар, бургут, қора балиқ, кўлвор илон, сариқ илон, жўрчи, зарғалдоқ, каклик, бедана, жайралар эса Халқаро «Қизил ­китоб»га киритилган.


Умумий майдони 5000 гектардан мўлроқ бўлган ва «Сармиш» табиат боғи деб эълон қилинган ушбу тарихий мерос петроглифлари жаҳон миқёсида маданий ёдгорлик сифатида тан олинган.


Хатирчининг Сангижумон қишлоғидаги теб­раниб турувчи антиқа тош ҳам дунёдаги камёб мўъжизалар сирасидан.


Сангижумон — форсчада тебранувчи, қимирловчи тош, деганидир. Қишлоқ номи ҳам сеҳркор тош номидан келиб чиққан. Ҳайбатли тошнинг айланасини 20, баландлигини 6 метр, вазнини эса 280 тонна, дейишади. Лекин шундай катта харсангни ҳамма бемалол қимирлатиши мумкин. Тебраниш тошнинг биқинига тираб қўйилган чўпларнинг эгилишидан билинади.


Археологларнинг таъкидлашича, Сангижумон 280 миллион йил аввал ер қаъридан кўтарилган суюқ ва қайноқ магматик жинслардан пайдо бўлган. Улар ўз вақтида ер қобиғини ёриб чиқа олмасдан, тахминан 250 миллион йил олдин маълум чуқурликда қотиб қолган. Содир бўлган кучли ва мураккаб тектоник ҳаракатлар ҳамда эрозия натижасида массивнинг тўши очилган. Бу ердаги жинслар бундан камида 10 минг йиллар илгари юзага чиққан. Денгиз сатҳидан 800-900 метр баландликда жойлашган мазкур харсанг дарани қоплаб ётган гранит тошларнинг йирик бир бўлаги.


Энг қизиғи, ҳудудда турли номдаги тошлар жуда кўп. Тошларга кўриниши ва шаклига қараб номлар берилган. Масалан, «Кобра тош», «Беш панжа», «Айиқнинг боши», «Жайра тош», «Ҳасса тош», «Қўзиқорин тош». Тебранувчи тош яқинида «Тешик тош» деган яна бир тош бор. Ривоятларга қараганда, бу тошнинг тешигидан фақат гуноҳи йўқ одам ўта олади.


Тешик тош ёнидаги ясси тош устида улкан оёқ излари кўзга ташланади. Баъзи ривоятларда Нуҳ кемаси Оқтовнинг энг юқори чўққиси — Лангар тоғида лангар ташлагани таъкидланса, бошқа бирида тошдаги излар тўфон суви қайтганидан сўнг ерга қадам қўйган пайғамбарнинг излари экани айтилади.


3


— Биласизми, мамлакатимиздаги қазилма бойликларнинг 20 фоизи Навоий заминида, — дея давом этди сафардошим. — Мурунтов дунёдаги энг йирик конлардан бири. Бу замин жавоҳиротлар макони. Шунинг учун ҳам Навоийни «Она юртимизнинг олтин сандиғи» дейишади. Аммо... — у чуқур хўрсинди, ўйланиб қолди.


Ҳамма билади, Навоий тупроғи нодир ва қимматбаҳо маъданларга бой.


Ўзбекистон заминида ўрганилган 60 дан ортиқ олтин конининг 40 таси Қизилқумда. Мазкур жавоҳирлар бугун тилло камарларини белга маҳкам боғлаб юртимизга, халқимизга хизмат қилмоқда.


Олтинимиз юқори сифати билан ҳам жаҳонга машҳур. 1998 йили Токио биржаси олтинларимизни сифат эталони, дея эътироф этди. 2019 йилда Лондон олтин қуймалари бозори ассоциацияси томонидан бозор талабларига тўла риоя қилиш борасида навбатдаги тест синовларидан муваффақиятли ўтганини тасдиқловчи сертификат тақдим этилди.


2011 йили «Мурунтов» конида дунёда ўхшаши йўқ ютуқ — Тик-қия конвейер мажмуаси ишга туширилди. Умумий узунлиги 3 километр бўлган мажмуа фойдаланишга топширилиши билан юкни етказиб беришдаги харажатлар 50 фоизга камайиб, кон чуқурлигидаги маъданларни ташишда автоағдаргичларнинг кўтарилиш баландлиги 300 метрга қисқарди.


Канадада жойлашган КIТКО халқаро таҳлил маркази хулосасига кўра, «Мурунтов» кони 2020 ва 2021 йилларда жаҳонда биринчи, 2022 йили эса иккинчи ўринни эгаллади.


Сўнгги етти йилда янги конлар очилди, 5- ва 7-гидрометаллургия заводлари, 2-гидрометаллургия заводининг иккинчи навбати ҳамда Нурота туманидаги «Пистали» кони негизида 6-гидрометаллургия заводи фойдаланишга топширилди. «Ауминзо-Амантой», «Балпантов», «Турбай» конлари ишга туширилди. Натижада қайта ишлаш қуввати 2016 — 2024 йилларда 60 миллион тоннадан 105 миллион тоннага кўпайди. Ўсиш суръати 2023 йилга нисбатан 105,3 фоизга тенг бўлди. Олтин ишлаб чиқариш режаси 105,2 фоиз, кумуш ишлаб чиқариш эса 113,4 фоизга бажарилди.


— Бир жойда ўқидим, — деб жимликни бузди Абдуғани. — 2024 йилнинг ўзида комбинат 93,9 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарибди. Салкам 94 триллион! Ҳазил гапми бу? Энди ҳисобланг, мустақилликкача ўтган йилларда қанча олтин олинган?


Минг афсуски, бу олтинларнинг, ҳатто, чанги ҳам насиб этган эмас ўзимизга. Мурунтовни машҳур геолог, нуктадон олим Иброҳим Ҳамробоев очган. Хазинатопар бу сиймо конни очишга очган-у, аммо, кейинчалик бу ишидан қанчалар пушаймон бўлгани ёлғиз ўзи ва Аллоҳга аён бўлса керак. Чунки хазинани уни эгаллаб олган шимоллик хўжайинлар талайди, эшалон-эшалон ташиб кетади. Ҳатто, Истиқлолнинг дастлабки вақтларида ҳам унча-мунча ўзбек боласи қадам босолмасди комбинат остонасига. Мен шу ерликман, яхши биламан, яқинлаштирилмас, киритилмас, маҳаллий аҳоли учун тақа-тақ ёпиқ эди эшигидан туйнугигача.


Дўстимнинг куюнишлари беҳуда эмас. Гарчанд, 1958 йили «Мурунтов» кони очилиб, Навоий кон-металлургия комбинати ташкил этилган, комбинат уран, олтин ва кумуш ишлаб чиқарадиган улкан корхонага айланиб, «Аср мўъжизаси» дея тан олинган эса-да, жавоҳирлар қатра-қатрасигача ташиб кетилар эди. 1969 йили кондан илк марта 11 килограмм 820 граммлик соф олтин ёмбиси олинади. 1971 йилдан 999.9 пробали олтин чиқарила бош­ланди. Аммо ушоғигача ялаб-юлқиб олиб кетилди бу бойликлар ҳам.


— Энди у кунларга тош отишдан фойда йўқ…


— Тўғри! — шартта сўзимни бўлади Абдуғани. — Кетгани — кетди. Аммо ҳалигача манқуртча фикрловчиларнинг борлиги ва уларнинг «Ўша пайтлари колбаса фалон сўм, гўшт писмадон сўм эди» қабилидаги ёзғиришлари алам қилади одамга. Ғазабим қайнайди. Энг ёмони, қашшоқ ёки камбағал эмас, суриштирсангиз, биттаси омади чопмаган аламзада, бошқаси қайсидир вазифани эплолмай юмшоқ курсисидан айрилган собиқ амалдор бўлиб чиқади улар. Ростини айтсам, ичим ачийди уларга, инсоф берсин, элга қўшилсин, дейман. Лекин қачон қутуламиз бундай иркит кўрликдан. Кишанланган қўл-оёқ, занжирбанд эрк, ғижимланган адолат, ўз уйингдаги хўрлик, маънавий азоб... Ўлчаб бўларканми буларни ярим қадоқ колбаса билан?! Яратганнинг буюк туҳфаси, боболаримизнинг юз йиллик орзу-муроди-ку, Мустақиллик! Қул бўлиб қолаверсак, олтин дарёларимиз бурилармиди ўзимизнинг боғларга, ўзимизнинг дашту далаларга, ўзимизнинг кўчаларга? Қачон кўрардик бугунги ободликларни?!


Фотограф бекорга ғазаблангани йўқ. Тўғри, тоғ боши тумансиз, кураш бехатар бўлмайди. Юз йил қул бўлиб яшагандан, бир кун ҳур бўлиб яшаган улуғ бахт эканини ҳис қилмайдиган, бир грамм олтиннинг баҳоси қанча эканини била туриб, ўзини анқовга солгувчи руҳан қашшоқ шахслар ўткинчи.


«Миллатнинг улуғ мартабасини, саодатини сақламоқ, унинг дардларига дармон бўлмоқ вазифангиздир». Бугунги таҳликали замон Соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг бу васиятини қулоқларга қўрғошиндай қуйиб олишни талаб қилмоқда. Тангрига шукр, мамлакатимизда эл элга ёндашиб алпона муштларга, ирмоқлар ирмоқларга қўшилиб, жўшқин дарёларга айланаётир. Янгиликсиз, ғалабасиз кун йўқ. Қалбни ифтихорга тўлдиради Навоий вилоятидаги юксалишлар ҳам.


Маржон шодалари каби товланади, кўзларни қувонтиради бу ғалабалар. Айниқса, 2017-2024 йилларга оид мумтоз маълумотларнинг баъзиларига бир қур кўз ташлаган кишининг кўкси ғурурга тўлади, руҳи тоғдай кўтарилади.


2024 йили вилоятда 145 069,6 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Бу 2017 йилдагидан 11 марта кўп. 21 813,1 миллиард сўмлик қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, балиқ маҳсулотлари тайёрланди. Бу 2017 йилга нисбатан 3,2 марта ортиқ. Ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш 2017 йилга қиёслаганда 7,5 мартага ошиб, 117 297,7 миллиард сўмга етди.


Шунингдек, асосий капиталга киритилган инвестициялар ўтган йили 2017 йилга нисбатан 8,6 марта, пудрат ишлари 9 марта, чакана савдо айланмаси 3,5 марта, хизматлар ҳажми 6,5 марта, ташқи савдо айланмаси 2 марта, экспорт 3,7 марта ошди. 64 минг 700 та иш ўрни яратилди. 3-6 ёшдаги болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш 34,1 фоиздан 86 фоизга, мактабгача таълим ташкилотлари сони эса 132 тадан 1750 тага етди.


Умумий ўрта таълим мактаблари сони 378 та бўлди. Президент мактаби ва 11 та «Баркамол авлод» мактаби, вилоят Болалар кутубхонаси, иккита давлат ва иккита хусусий университет ташкил этилди.


Спортчилар 2024 йилнинг ўзида респуб­лика миқёсидаги ва халқаро майдонларда 1857 та медални қўлга киритишди. Уларнинг 506 таси олтин, 467 таси кумуш, 786 таси бронза.


Навоий вилоятида туристик манзиллар ниҳоятда кўп бўлишига қарамай, соҳага узоқ йиллар унча эътибор берилмади. Масалан, 2017 йилга қадар вилоятда бор-йўғи 5 та оилавий меҳмон уйи, 5 йўналишда туристик маршрут ва битта туркомпания фаолият юритган. Кейинги йилларда оилавий меҳмон уйлар 122 тага, турмаршрутлар 70 тага, турфирмалар 75 тага етди. 490 та янги иш ўрни яратилди. ­Сайёҳлар сафи 635 минг нафардан 2,2 миллион нафарга кўпайди.


«Туризм қишлоғи»га айлантирилган Нурота туманининг Сентоб овулида 9,4 миллиард сўм маблағ ҳисобига 5 километр йўл, 2 та сельфи зонаси ва бошқа туризм инфратузилмаси яхшиланди. 2 та меҳмонхона билан 20 та меҳмон уйи очилди, 60 киши ишли бўлди.


Эндиликда қишлоққа ҳар куни ўртача 300 нафар, бир йилда 44 минг нафар сайёҳ келаяпти. Барча хонадонлар туризмдан даромад олмоқда.


Яна Хатирчининг Лангар маҳалласида 20 та оилавий меҳмон уйи, лойиҳа қиймати 1,5 миллиард сўмлик сельфи майдончаси, 5 та кемпинг ташкил қилиниб, 80 нафар аҳоли иш билан таъминланган бўлса, Конимех туманидаги «Янгиғазғон» МФЙда 500 ўринга эга ўтовли лагерь, отда ва туяда сайр қилиш, ов қилиш, 2 та ресторан, савдо дўконлари, транспорт ҳамда туркомпания хизматларини ўз ичига олган туризм кластери иш бошлади.


Ҳайдаркўл бўйидаги лойиҳа қиймати 18,3 миллиард сўм бўлган дам олиш масканида замонавий меҳмонхона, 5 та кемпинг, 2 та глемпинг, бассейн, ресторан ҳамда туркомпания хизматларини ўз ичига олган туризм клас­тери ташкил этилди. Шунингдек, Нуротадаги «Чашма мажмуаси», Конимехдаги «Мих ота» масжиди, Навбаҳордаги «Сармишсой» давлат музей қўриқхонаси обод қилинди. 1,3 миллиард сўмлик маблағ эвазига Учқудуқ туманидаги «Тош ўрмон» табиий археологик объектида реставрация ва консервация ишлари амалга оширилиб, атрофлари баландлиги 1,8 метр, узунлиги 1,3 километр бўлган панжара билан ўралди, тунги ёритиш чироқлари, кузатув камералари ўрнатилди.


Умуман, охирги икки йилда вилоятда 395 миллиард сўмлик 129 та туризм лойиҳаси ишга тушди, 340 километр масофада 60 та объект­дан иборат 14 та туризм маршрутларини ўз ичига олган Навоий «туризм халқаси» ишлаб чиқилди.


Нурота тоғлари қучоғидаги Сентоб қиш­лоғи Бутунжаҳон туризм ташкилоти UNWTOнинг Самарқанд саммитида «Энг яхши туризм қиш­лоғи» деб эълон қилинди ва бутунжаҳон туризм қишлоқлари рўйхатига киритилди. «Работи Малик», «Сардоба», «Мирсаид Баҳром», «Қосим Шайх», «Мавлоно Ориф Дегароний» каби маданий мерос объектлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси ёдгорлик­лари рўйхатидан жой олди.


Худо хоҳласа, ҳадемай, Навоий шаҳрининг Ислом Каримов кўчасида 1,5 километр масофада лойиҳа қиймати 12 миллиард сўм бўлган «Туризм кўчаси» ташкил этилади.


Ҳа, Навоий вилояти ҳар жиҳатдан мамлакатимизнинг «Олтин сандиғи»га айланиб бормоқда.


4


Шу жойда битта ҳақли савол туғилади: хўш, «Олтин сандиқ»ни ким очди?


Мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига қилган ташрифлари мазкур саволга аниқ ва мукаммал жавоб беради.


Эътибор беринг, Президент 2017 йилдан буён ҳудудга 7 марта ташриф буюрди. Бу ташрифларнинг ҳар бири вилоят тарихида янги ва гўзал саҳифалар очди. Мана, уларнинг айримлари:


2017 йил. Шу йилги ташрифдан сўнг Навоий иссиқлик электр станциясининг иккинчи буғ-газ қурилмаси пойдеворига тамал тоши қўйилди.


«Мармаробод» давлат унитар корхонасининг ташкил этилиши; Нурота Чашмасида кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларининг амалга оширилиши ва Навоий вилоятининг эркин иқтисодий зонага айланиши 2018 - 2019 йилги ташрифлар натижасидир.


«National plast» масъулияти чекланган жамияти томонидан саноатнинг янги тармоғи ПВХдан профил ва бошқа турдаги маҳсулотлар, «Green Line Profil» масъулияти чекланган жамияти томонидан алюмин профил ва алюмин маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилгани; Тўдакўл сув омбори ҳудудида «Golden lake fish» масъулияти чекланган жамияти тузилгани, «Янги Аср» фермер хўжалиги томонидан лойиҳа қиймати 60 миллиард сўмлик наслли қорамолчилик ҳамда сутни қайта ишлаш цехи ишга туширилгани; Нурота ва Томди туманларида «Ёшлар меҳнат гузарлари» қурилиб фойдаланишга топширилгани; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қарорига мувофиқ, Ғозғон шаҳри ташкил этилгани ҳам Президент ташрифларининг ширин мевалари ҳисобланади.


Энди 2021-2022 йилги ташрифлар ҳақида. 2021 йилги ташрифдан кейин Кармана туманида мамлакатимиздаги илк қуёш фото­электр станцияси ишлай бошлади. «Навоий­азот» акциядорлик жамиятида азот кислотаси ҳамда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятига старт берилди. Навоий кон-металлургия комбинатининг техноген чиқиндиларни қайта ишлаш корхонаси фойдаланишга топширилди.


2022 йилги ташрифдан сўнг «Zarafshon Oyna» МЧЖда қиймати 250 миллион долларлик, «Zarafshon industrial technology» қўшма корхонасида 60 миллион долларлик, «JVContinaz» МЧЖ ҚКда 62,5 миллион долларлик, «Chemistry International» МЧЖ корхонаси томонидан қиймати 16 миллион долларлик, «Uzbekistan Hydrogen Peroxide» МЧЖ ҚКда 27 миллион долларлик лойиҳалар амалиётга татбиқ этилди.


Навоий шаҳридаги 3 та чорраҳада тарихда биринчи марта сунъий интеллект технология­ларига асосланган «Ақлли чорраҳа» тизими жорий қилинди.


«Янги Навоий» шаҳрини қуриш учун 1 минг 100 гектар ер Кармана туманидан Навоий шаҳрига ўтказилди.


Мамлакат раҳбарининг бултурги ташрифи доирасида эса шаҳарнинг Фаровон маҳалласида «GRATIS BUILDINGS» МЧЖ томонидан конгресс холл, 27 қаватли меҳмонхона, бизнес маркази, кўп қаватли тураржой комплекси қурилишига старт берилди.


«Янги Навоий» шаҳрида ишбилармонлик маркази ва «Янги Ўзбекистон» боғининг қурилиши учун 50 миллион доллар ҳамда 100 миллиард сўм маблағ ажратилди.


Булардан ташқари, 3 миллиард 600 миллион долларлик 15 та лойиҳа бўйича Конимех туманида ёнувчи сланецларни қазиб олиш ва қайта ишлашнинг биринчи босқичи, Кармана туманида 300 мегаватт қуёш фотоэлектр станцияси ва 75 мегаватт электр энергиясини сақлаш тизими, Навоий шаҳрида техник газ ишлаб чиқариш, Ғозғон шаҳрида мармар ва Зарафшон шаҳрида гранит тошларни қайта ишлаш, Учқудуқ туманида каолин қазиб олиш ва бойитиш, Хатирчи туманида балиқ озуқаси тайёрлаш корхоналари қурилишлари бошлаб юборилди.


Энди сўнгги йилларда аҳолини электр, газ, ичимлик суви, уй-жой билан таъминлаш йўналишига доир мисолларга мурожаат қиламиз:


2017-2024 йилларда халқни табиий газ билан таъминлаш 61,5 фоизга, тоза ичимлик суви билан таъминлаш 85,4 фоизга етди. 2391 километр автомобиль йўллари, 4695 километр электр узатиш тармоқлари, 155 километр табиий газ, 4575 километр ирригация ва мелиорация тармоқларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.


7 йилда 19640 хонадонли 1,2 миллион квад­рат метр уй-жой қурилди.


Инвестициялар ва саноатни ривожлантириш ҳисобига 3,4 минг, хизматлар ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали 40,8 минг, қишлоқ хўжалиги йўналишида 74,1 минг, қурилиш соҳасида 5 минг нафар фуқаро иш билан таъминланиши туфайли бир йилда ишсизлик даражаси 6,3 фоиздан 1,9 фоизга туширилди.


Бундай муҳташам рақамларнинг ҳамма-ҳаммасида Юртбошимизнинг меҳнати, меҳри мужассам. Улар давлатимиз раҳбарининг олис-олисларни кўзлаган адолатли сиёсатининг ҳосилаларидир.


Режалар эса...


5


Режалар оламига ўтишдан аввал Навоийдаги яна бир мўъжиза — «Тош ўрмон» ҳақида икки оғиз сўз.


У Учқудуқнинг Мингбулоқ қишлоғидан ўттиз чақиримча наридаги Жарақудуқ дарасида жойлашган. Илмий фаразларга кўра, бундан тахминан 90-95 миллион йиллар аввал чинорлару қирққулоқлар тошга айланиши натижасида «Тош ўрмон» юзага келган.


Дунёнинг баъзи мамлакатларида ҳам ноёб тошларнинг сеҳрли оламини ўзида мужассам этган «Тош ўрмон»лар мавжуд. Хитойнинг Юнань провинциясидаги, Россиянинг Лена дарёси ­бў­йидаги, Болгариянинг Варна ва София шаҳарлари оралиғидаги, АҚШнинг Аризон чўли ва Мадагаскарнинг Цинги-де-Бемараха миллий боғидаги тош ўрмонлар шулар жумласидандир.


Қизилқум «Тош ўрмон»ининг бошқаларга ўхшамайдиган жиҳати шундаки, бу манзилда тош қотган чиғаноқлар, акула тишлари ва суяк­лари, дарахт танаси ва меваларидан тортиб, ўрдакбурун динозаврнинг тошга айланган болдир суякларигача учрайди. Буларнинг барчаси қачонлардир Қизилқум ўрнида улкан уммон бўлганидан далолат беради.


«Тош ўрмон»нинг шаклланишига оид қуйи­даги фаразлар бор: ўша даврда дарахтлар ва сув остида ўсадиган паст буталар дарё бўйларида жойлашган. Атрофдаги қумлар сув билан оқиб келиши натижасида аста-секинлик билан дарахт атрофларига йиғилиб, тошга айлана бошлайди. Натижада ўсимликлар қурийди. Бутунлай қуриб битган дарахтлар ўрнида бўшлиқ пайдо бўлади ҳамда бу бўшлиқ қум ва чўкиндилар билан қопланади. Миллион йиллар давомида бу чўкиндилар тошга айланади.


Ҳар ишнинг ўз чамаси, ҳар дарёнинг ўз кемаси бор, дейдилар. Йўл билмаган манзилга етолмаганидек, узоқни чамалаб, режасиз сафарга чиққан кема ҳам тўфонлар гирдобига тушиб қолиши мумкин.


Навоийликларнинг 2025-2030 йилларга мўлжалланган режалари эса аниқ ва қуйма.


Бир қарашда осмон мўъжизаларини кўриб бўлмаганидек, бир мақолада ҳам катта вилоят кўзлаётган манзилларни қамраб олиш мумкин эмас. Шу боис бепоён режаларнинг айримларини тилга оламиз. Энг аввало, ноёб хазиналар ҳақида. 2030 йилгача олтин ишлаб чиқариш — 1,5 баробар, кумуш — 3 баробар, уран — 3 баробар, мис — 3,5 баробар ошади. Кон-металлургия комбинатида 20 дан зиёд йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.


1 триллион сўмдан ортиқ саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 16 тага етади.


Зарафшон ва Ғозғон шаҳарлари ҳамда Учқудуқ туманидаги 3 та ихтисослашган саноат зонасида 57 та лойиҳа ишга туширилади.


Кимё саноатида 525 миллион долларлик 62 та лойиҳа амалга оширилади.


Экспорт 5 баробар кўпайиб, унинг йиллик ҳажми 1,1 миллиард долларни ташкил этади.


Вилоятнинг эркин ва кичик иқтисодий саноат зоналарида, Ёшларнинг тадбиркорлик ва саноат зоналарида 290 та лойиҳа амалга оширилиб, қарийб 6000 та янги иш ўрни яратилади.


6000 та иш ўрни.


Бу рақам, агар мазкур оилаларнинг ҳар бирида иккитадан жон бўлса 12 минг, учтадан бўлса 18 минг, тўрттадан бўлса 24 минг инсоннинг қалбига қувонч, дастурхонига тўкинлик, оиласига хотиржамлик, эртанги кунига ишонч олиб кирди, деганидир!


Бундан ташқари, шаҳарларда 14 364 та хонадонли 159 та кўп қаватли уй бунёд этилиши, 30 964 та хонадондан иборат 774 та уйнинг таъмирланиши, туманларда 2158 хонадонли 55 та уй-жой қурилиши бу ҳисобга кирмайди.


Тижорат банклари ҳам қараб турмайди. Улар 15 744 нафар кишига 4 533 миллиард сўм ипотека кредити ажратади.


Яна: 232,3 километр узунликда суғориш тармоқлари қурилади.


136,9 километр коллектор-дренаж тармоғи қурилиб, 1650 километр коллектор-дренаж тикланади, 125 та кузатув қудуқлари таъмирланади.


Хатирчи туманидаги Лангар, Ангидон, Нурота туманидаги Чуя қишлоқлари «Туризм маҳалласи» ва «Туризм қишлоғи»га айлантирилади…


Бундай муалло рақамлар билан юзма-юз турганда беихтиёр Абдулла Ориповнинг машҳур сатрларини ҳайқириб-ҳайқириб так­рорлагинг келади:


Мустақиллик нашъасин, ҳаққинг бордир, сур энди,


Қўлни бериб қўлларга, бир тан бўлиб юр энди!


6


— Қанийди қушга айланиб қолсам, — хаёлимни бўлди Абдуғани Жума. — Жуда бошқача бўлади-да Қизилқумнинг баҳори. Ҳаммаёқ ям-яшил. Майсалар бўлиқ, гиёҳлар зангор, қизғалдоқлар ғунчалаган, чумолилар ўт-ўланлар баргида югуради, ўйнайди. Еру жаҳон кўклам ҳидига тўла... — Абдуғани чечаклар нафаси гуркираб димоғига урилаётгандек энтикади.


— Филнинг тушига Ҳиндистон кирармиш... Ҳар қушга ўз бутаси азиз-да.


— Ҳар битта кўкатниям суйган тупроғи бор! Одамга киндик қони томган ердан улуғи йўқ. Абдулла акам бекорга:


«Қорликларни макон этган бўлсайдинг,


Меҳрим бермасмидим ўша музларга?» демаганлар.


Фотограф дўстимнинг қуш бўлиб учишига ҳожат қолмади.


Салонда стюардессанинг жарангдор овози янгради:


— Ҳурматли йўловчилар, самолётимиз бир неча дақиқадан кейин Навоий шаҳрининг халқаро аэропортига қўнади.


Биз ғазал мулкининг султони, улуғ мутафаккир, бетакрор сиймо Алишер Навоий ҳазратлари номи билан аталгувчи ўлка — она юртимизнинг «олтин сандиғи» — Навоий вилоятига етиб келган эдик..


Абдусаид КЎЧИМОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
ёшлар мураббийси


Абдуғани Жума суратлари


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Ўзгача ракурс
Ўзгача ракурс
Ўзгача ракурс