Такси фаолияти қачон тўлиқ тартибга киради?
Киракашлар битмас-туганмас ахборот ва қизиқарли гаплар манбасидир. Эътибор берганмисиз, таксичиларнинг аксарияти ашаддий танқидчилар ва асабий одамлар бўлишади. Хўш, нега?
Уларни ҳам тушуниш мумкин – ёқилғи нархининг узлуксиз ошиши, отнинг калласидек жарималар, кўчадаги тартибсизликлар, ҳар хил одам билан муомала, йўлларнинг ёмонлиги, “ГАИ”нинг порахўрлиги каби қатор омиллар уларни тажанг қилиб қўйган.
Лекин кўпчилик эътибор қилмаган яна бир салбий жиҳат бор – кўпчилик таксичилар ишида ҳануз аниқлик йўқ. Аксарияти кўчадаги ҳар бир одам билан индивидуал савдолашиб асабийлашади, йўл-йўлакай одам олиши мижозга ёқмаса, қўшимча бир неча юз метр ҳайдовчига ёқмайди, ҳамиша йўлнинг тиғиз қисмида одам талашиб юриши керак. Энг оғири – ноқонуний фаолияти учун рейдга тушиб қолса, бир неча ойда ишлаган пулини тўлашга ёки пора қистириб қутилишга мажбур. Гарчи онлайн агрегаторлар фаолияти анча ривожланган бўлсада, ҳали ҳам таваккал ишловчилар ниҳоятда кўп. Айниқса вилоятларда ва шаҳарлараро қатновчи киракашлар орасида.
Хўш, қачон “бомбила”лар фаолияти узил-кесил легаллаштирилади?!
Қачонгача давлат ҳайдовчиларни ноқонуний фаолиятда, қисиниб-қимтиниб ишлайдиган таксичилар эса муаммоларни қалаштириб давлатни айблашда давом этадилар?
Тошкентдай шаҳри азимда барча қоидаларга амал қилиб ишлаётган таксилар сони кулгили даражада кам. Амалда бу фаолият билан шуғулланувчилар эса даҳшатли даражада кўп. Сабаби юқорида айтилган иллатли доира – ҳар икки томон бир-бирини айблаб юраверади ва шу тарзда 30 йилдан ортиқ умр ҳам ўтиб кетди.
Нафақат шаҳар, балки вилоятлараро, вилоятлар ва Тошкент аро қатновчи юз минглаб уловлар қандайдир қоидалар асосида ишлашни тасаввур ҳам қила олмайди.
Сўнгги йилларда таксилар фаолиятини қонунийлаштириш бўйича катта ташаббуслар кўтарилди, ҳатто қарорлар қабул қилинди. Аммо яна нималардир етишмадики вазият амалда радикал тарзда ўзгармаяпти. Киритилган шартлар асосида легаллаштириш кўнгилдагидек эмасми, демак яна ниманидир ўзгартириш керак. Токи ҳайдовчи хотиржам ишласин, йўловчи бемалол манзилига етиб олсин.
Лекин дарҳол рейдни кўпайтириб, жазолаб кетиш ярамайди. Бу вақтинча чора ва одамларни қақшатиб, норозилик туғдириш холос. Шундай қилиш керакки ҳайдовчиларга ноқонуний ишлаш бефойда бўлсин ва ўзлари қоидаларга амал қилишга ҳаракат қилсинлар.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0