Эҳсон ҳам миллат ахлоқининг зийнатидир
Эҳсон – беминнат хайру саховат, ҳиммат қилиш, мурувватли, қўли, кўнгли очиқ бўлиш. Эҳсон – инсонийликнинг энг улуғ, ибратли, савобга бой фазилат, карамларидан. Эҳсоннинг энг улуғи миннатсиз, маломатсиз, кўз-кўз, кибру ҳаво, сохта шуҳрат учун қилинмаслиги, таъмасизлиги. Ҳазрат Алишер Навоий ҳам “...йўқ феъл кишига яхшироқ эҳсондин”, дейдилар.
Эҳсон савоб, хайр-барака, яхшилик, солиҳ амаллар, мушкулот эшикларини очади, инсоннинг хулқини гўзаллаштиради, хайрихоҳ, дуогўйларини кўпайтиради, обрўли, мартабали, сўзини қийматли қилади.
Халқ ҳимматсиз, эҳсонсиз кишини бахил деб айблайди, эҳсонли кишиларни олийҳиммат, олийжаноб деб қадрлайди, ҳақларига ёш-қари, соғ-бемор дуойи хайр қилади. Эҳсон ҳам миллат ахлоқининг зийнатидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят). Мана, буюк ибрат, ҳукм ҳамма масалада олтин ўрталиқ-мўътадилликни тутишга илоҳий кўрсатма. Эҳсоннинг ҳам энг мақбули исрофга йўл қўйилмагани экан. Афсус, ҳозир риё эҳсонлар ҳам оз эмас. Қарз олиб, “арендага” дастурхон безатиб, кибр, сохта шон учун “фалон ресторанда” бўлаётган “эҳсонлар” ҳам ҳамон “мода”да. Бу миллат ахлоқига салбий таъсир қилади, ортиқча, мақсадсиз харжларни ижтимоий, шахсий ҳаётда зарари катта.
Исроф – саховат, эҳсон эмас-да! Ҳозирги айрим “эҳсон”ларда “пойга” – ким-кимдан ўзари, сал ҳаддан ошишлар ҳам йўқ эмасдекми-ей...
Лекин бугун дунёда шундай беминнат, буюк эҳсонлар ҳам борки, лабингга учуқ чиқади.
Масалан, дунёдаги энг бой одамнинг тўрттасидан биттаси Уорен Баффет –АҚШлик бизнесмагнат, бугун 84 милярд доллар бойлик соҳиби. Бу кичкинароқ бир неча мамлакат миллий даромадига тенг. Шу улуғ шахс ҳар йили бир неча милярд (миллион эмас!) эҳсон қилади. Ёки дунёнинг энг бой одамидан учтасидан биттаси – Билл Гейтс. Ҳар йили таълим, медицина, ижтимоий ҳимояга, миллатдошимиз Алишер Усмонов исломий қадриятларга, фан ва маданиятга, ободончиликка қанча милён, милярдларни эҳсон қилмоқдалар.
Бугун буюк эҳсон соҳиблари сафи кенгаймоқда.
Биз гоҳ эҳсонни бир томонлама, моддий ҳиммат, саховат, хайрия маъносида тушунамиз.
Эҳсон-серқирра ва сермаъно тушунча. Айтайлик, кимгадир ҳақ, тўғри йўлни миннатсиз кўрсатиш, кимнидир гуноҳ йўлдан қайтариш, беғараз ёрдам, маслаҳат, меҳр, муҳаббат, ҳамдардлик ҳам эҳсон, фақат ўртада манфаат, тамаъ бўлмаса. Кимдадир илм, истеъдод бор, аммо тўғри йўлда эмас, ақл, кучини “ўтин ёришга” сарфлаб юрибди, дейлик. Уни ҳақ, чин ижод йўлига бошлаш, муҳим билан номуҳим фарқини ўргатиш, фикрини чархлаш ҳам эҳсон. Кимдадир илм, имкони бор, тадбиркорлик қилмоқчи, аммо тажриба етмайди, йўл, усул кўрсатиш ҳам эҳсоннинг бир тури, сабаби, унинг амалидан оиласи, эл-нафъ кўради. Ёки муҳтож одамга кўз-кўз қилмай ёрдам беришнинг хосият, савоби қанча?!
Мана, шамсул миллат Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб”да нима дейдилар: “Ҳар бир давлатманд тириклигида хайр-эҳсон қилиб одамларни хурсанд қилмаган экан, ўлганидан кейин уни ҳеч ким дуо билан ёд этмайди. Эҳсон-тирикликда яхши ном қолдирмоқдир”.
Ҳақ рост! Жиддий ўйлаб қарайлик-чи?! Бугунгача миллат, тарих кўрки бўлиб келаётган мўътабар китоблар, кашфиётлар, осори атиқалар кимнинг бизга эҳсони? Тириклигида яхши ном қолдириш учун Аллоҳ йўлида фидоийлик, жасорат кўрсатиб, моддий ва маънавий, ўлмас эҳсон қолдирганларники-да!
Ҳимматсиз, худбин, хасис, топган, орттирганини илондек босиб ётадигандан нима қолади?! Бахиллик, меҳрсизлик, ҳимматсизлик ёмон от. Бу соҳада, шукр, шарқда буюк ибратлар кўп, ғарбда ҳам оз эмас. “Одам яхшиларнинг қули” деган ҳадисда ҳам шу фарз-эҳсон назарда тутилган.
Ҳазрат Навоий яна “Назмул жавоҳир”да ёзадиларки: “Эҳсон бировнинг ички дунёсида бор бўлса яхши, эҳсон инсонга ҳар қанча зеб-зийнат бўлса ҳам, мулойимлик-очиқ чеҳра билан қилинган иккинчи эҳсондир”. Хулоса чиқадики, чиройли хулқ, одоб ҳам энг гўзал эҳсон. Рост-да, сизни бир нотаниш одам мулоқотда ёки ишингиз тушиб борганда самимий, беғубор, очиқ чеҳра билан ҳалим ҳолда кутиб олса эҳсон-да, ахир.
Биз бу кўнгил, самимият, бетаъма эҳсонларга қанчалик ташнамиз?!
Ҳазрат Навоий яна “Назмул жавоҳир”да: “Фахрланиш билан эҳсон қиласан, гўёки дунёда улуғ иш қилдим, дегандек. Қилган эҳсонингни элга ҳеч писанда қилма, балки бутунлай унутгин”.
Бу “унутилган” эҳсонларнинг энг улуғ соҳиби амалда Алишер Навоийнинг ўзлари бўлганлар. Қурган мадраса, масжид, работ (меҳмонхона) чиқарган ариқ, ҳовузларининг ўзи 300дан ортиқ-халққа миннатсиз, ибратли буюк эҳсон!
Демак, эҳсон ҳар қандай кишини азизу мукаррам қилади, омад, бахт, раҳматга муяссар этади, кўнгилни Ҳақ нурига тўлдиради, шараф олиб келади, дуога кўмади. Эҳсонли киши иймонли кишидир! Эҳсонсиз-беҳиммат, феъли, юраги тор, бахил, кўнгил кўзи занглаган, худбиндир. У эҳсон қилмайди-ю, эҳсон кутади. Аллоҳ адолатли, ҳамма нарсанинг ичу ташқарисини кўриб, нияти, қалби, амалига қараб, неъмат-эҳсон берувчидир. Самимий, Ҳақ йўлида қилинган ҳиммат, эҳсонлар миллатни бирлаштиради, бир-бирига меҳр-муҳаббатини, яқин, дўст, хайрихоҳ қилади. Эҳсонлардаги диний-маърифий, дунёвий фойдали гап, ҳикмат, ҳикоятлар одамлар қалбига нур, руҳига енгиллик, иш, амалига барака, оиласига фазл олиб киради.
Одамлар яхшилик, хайр-эҳсондан ибрат оладилар, адашганлар қалбида илоҳий таълимотлардан сўзланган ҳикмат гаплар инсоф, диёнатни уйғотади ҳидоят йўлига бошлайди. Кўнгли, қўли очиқлар кўпаяди. Эҳсон соҳиби ҳаққига қилинган дуолар, унинг ижобати кишилар ҳавасини келтириб, шу ҳавас журъат, ҳаракат ва хайрли амалга айланади. Яхшилик майдони кенгаяди. Эҳсон нафақат соҳибини, иштирокчиларни ҳам бир қадар тозартиради, мушкулини осон, сабр, шукурини мустаҳкам қилади, миллат ўсмир-ёшларига амалий ибрат бўлади.
Халқимиз бекорга фарзандларига эҳсон, ҳиммат, шукур деб исм қўймайди. Бу исмларда элнинг улуғ нияти жамланган. Бу дунёда иймони, имкони бор одам халққа чин дилдан эҳсон қилсам, улуғ орзу умидларим ушалади ё ушалсин, дейди ва шу ҳиммат йўлида ғайрат, шижоат билан ҳалол меҳнат қилади, даромаддан орттирганининг, молининг садақаси деб эҳсон қилади, нури раҳматга сазовор бўлади.
Чуқурроқ қарасак, қобил, комил фарзандлар ҳам иймон-эътиқоди бут ота-оналарнинг буюк эҳсони ва улар миллатимизнинг эртанги орзу-умиди!
Дунёдаги жами нарсалар, заррадан то коинот қадар барча- барчаси инсоннинг эҳтиёжлари учун хизмт қилади. Неъмат-жуда кенг тушунча, маънодоши ризқдир. Илоҳий каломда шундай марҳамат қилинган: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таълимоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ китоб (Лавҳул-маҳзуф)да (ёзилган)дир”. (Ҳуд сураси 6-оят) “Лавҳул маҳфуз” -Аллоҳ барча мавжудотни яратмасдан олдин то қиёматгача яратиладиган ашёларни, қиладиган ишларини, инсонлар тақдирини, илоҳий китоблар матни ва бошқа маълумотлар аслини ёзиб қўйган манбанинг номи (Абдулазиз Манзур).
Бу дунёда Яратувчи Зот яратган неъматларнинг ҳисобига ҳеч ким етолмаслиги ҳақида илоҳий китобда айтилган. Ўйлаб қарасак, ҳозир ҳар бир одамнинг ўттиз мингдан ортиқ эҳтиёжи бор. Энди уни 7,5 милярдга кўпайтиринг. Бу Ҳақ таоло яратган неъматларининг ҳали бир қисми, холос. Сув, ҳаво, олов, тупроқ ҳам неъмат, ризқ. Соғлигимиз, илмимиз, оиламиз, давлат, шуҳрат, мавқейимиз ҳам неъмат, ризқ. Яратганнинг неъмати шу қадар чексизки, ернинг бир неча чақирим чуқурлигидаги тошнинг ичидаги заррадек қуртга ҳам ҳаёт-ризқ берган, мўру малахга ҳам, юз эллик тонналик китга ҳам, қонсиз капалакка ҳам. Аллоҳ фақат ўзидан қўрқувчи, илм, сабр, шукр қилувчиларга ризқини зиёда қилиб бераверади. Ношукрдан эса томчилаб берган ризқини челаклаб олади. Савобталаб ризқини қўша қилади, гуноҳкордан эса юз ўгиради, аламли азоб юборади. Қуръони каримда марҳамад қилинадики: “Парвардигорингизнинг (сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!” (Зуҳо сураси, 11-оят). Ўзи бу дунёдаги яхшилик, улуғлик ҳам, ёмонлик ва тубанлик ҳам ризқ экан. Иккалсига сабабчи ҳам инсоннинг ўзи, нияти, амали, танлаган йўли.
Имом Ғаззолий “Саодатга элтувчи илм” да ёзадилар: “Олимларга кўра, Аллоҳнинг инсонлар учун тақдир этган нарсалари тўртга бўлинади:
1.Неъмат. 2.Шиддат (заҳмат). 3.Хайр. 4.Гуноҳ неъматга ризо вожибдир” (191-бет). Сўнг Имом Ғаззолий ризқ ҳақида батафсил маълумот бериб ёзадилар: “...Ризқ... топиш-тутиш дардидир. Бу ҳар бир инсон учун бош оғритувчи бир дарддир. Инсонни кўп қийнайди, ўйлантиради ва кўп оввора қилади. Нафсга изтироб, қалбга ғамгинлик ва андиша беради. Оқилларни мулоҳазага чўмдирса, ғофилларни телба қилиб юборади. Гуноҳларни орттиради, амалларнинг ҳавога кетишига сабабчи бўлади, топган тутганларини совуради. Обидларни ибодатларидан чалғитади. Кеча демай, кундуз демай, бу вафосиз дунё билан оввора қилиб қўяди. Шу сабабли одамзод қоронғилик, ғафлат, ҳорғинлик ва ёлғизликда зиллат ва сафолатда (тубанликда ва қашшоқликда) кун кечиради”. Бу ризқнинг тор-нафс маъносигина шарҳлаш.
Ҳозир кўпчилик ризқни худди шу тор маънода еб-ичиш, фаровон яшаш йўл, усули сифатида, эҳтиёжи сифатида тушунадилар.
Қуръони каримда яна ризқ ҳақида шундай марҳамат қилинади: “Зеро, Аллоҳнинг ўзи (барча халойиққа) ризқ берувчи, қувват соҳиби ва қудратлидир”.(Ваз-зориёт,58-оят).Шу ҳақиқатни кўпчилик билмагани боис, бу беш кунлик дунёда моддий ризқ устида тортишув, зиддият, низо, ҳасад, талофат, жанжал ва ҳатто катта фожиа, урушлар ҳам бўлади. Мақсад эса битта, нафс: Сен кўп единг, мен кам едим, сен ҳаммасини олдинг, менга қолмади, талош, ёқавайронлик, фитна-фужур, ёза-ёз, умрни елга совуриш.
Ҳолбуки, ҳаммага ризқ берилган. Ҳамманинг нияти, саъй-ҳаракати, иймон-эътиқод, маслак, амалларига қараб. Одамзод эса ҳовлиқма, шошмашошар, сабрсиз, жаҳли ақл-идрокига парда тортувчи. Ана шу нафсакилик-моддий ризқталошлик энг кўп зиддиятлар, нотинчликлар, таназзуллар сабабчисидир.
Аслида эса ризқнинг маъно кўлами неъматдек кенг.
Ҳазрат Алишер Навоий “Назмул жавоҳир”да айтадиларки: “Хоҳ шоҳ, хоҳ гадо шукр қилса, ўз неъматини ортишига сабаб бўлади. Кимки тилида неъматга шукр айтиб, дилида куфон қилса, неъмати зое бўлади”. Илоҳий ҳақиқат, қонунлардан бебаҳра киши ризқсиз қолишдан ҳадиксираб яшайди. Ҳолбуки, ҳар бир кун, ҳар бир жонлиққа ўз ризқи-насибаси билан келаверади.
Ривоят: бир одам ўтмишда зиндонга тушибди. Куни бўйи ишсиз, ярим оч, зерикиб ётаркан. Кўзи бирдан зиндон бурчагидаги ўргимчак тўрига тушибди ва ўйлабди.
Мен-ку бир банди, куни қаро, яхшими-ёмонми ҳар куни ярим коса явғон овқат, қотган нон берадилар... Бу ўргимчак қайси ҳисобдан яшайди?!
Шу ўй билан ўзига сўз берибди:
- Куни бўйи кўзимни узмай кузатаман, қани, қаердан бу ҳашарот ризқ топади?! Эрталабдан пешингача кўзини узмай турган экан, зиндон қопқоғи очилиб, унга қоровул ярим коса ёвғон овқат узатган они бир пашша ҳам учиб кириб, ўша ўргимчак тўрига илинибди...
Мана ризқ фалсафаси, ҳақиқат ва сири.
Ризқ ва неъматни йўқ жойдан беради баъзан Яратувчи. Мана Саудия Арабистони, Эрон, Қуввайт... ер ости нефть заҳиралари шуларга оқиб боради. Бўлмаса саҳродаги мамлакатлар, жазирама иссиқ... Узоққа бормайлик, ўзимиздаги тадбиркор, асл деҳқонлар ердан бир йилга уч бор ҳосил-ризқ оладилар. Айримлар эса бир мартасини ҳам ҳалол-покиза ололмайди.
Оддий сигир, қўй, эчки сут ва гўшт –ризқ беради.
Мен бир гал телевизорда илонларнинг ризқ топишига ҳайратда қолдим. Каттакон тош устида илон оғзини очиб, тилини чиқариб, ўйнатиб ов қилиб ўтираркан. Оз вақт ўтиб қушлар, айниқса чумчуқ, илон оғзидаги қимир этган тилни қурт деб ўйлаб ўзини илоннинг оғзига ураркан...
Ёки тимсоҳ-йиртқич, сув остида овини пойлаб, қирғоққа яқин туради ва ҳайвон галаси келса, шартта биттасини бўғизлайди. Қаранг, у яхши, пухта овчи-галани кутади. Ҳушёрликни йўқотганлар эса тайёр ризқ, кучли ва заиф қонунияти...
Сув остида ҳам ризқ учун кураш, тактика, стратегия танлаш, макр, буқаламунлик, зулм... Шундай сув жонзотлари борки, балчиққа ботиб, қуйқа рангига сингиб овини соатлаб кутади. Гала келдими, ўшал он забт этади. Шер, бўри, чиябўри ҳам гала бўлиб ов-қилиб, ризқ топади. Қоплон эса ризқини ҳатто дарахт тепасида рақибларидан яхшигина яширади ҳам, ўрмон қонуни, ризқ топиш фалсафаси. Лекин ризқ камаймайди. Нимадир бир ерда камайса, иккинчи жойда пайдо бўлади. Бутун мавжудот ичида фақат одам ризқим камайиб қолади деб қўрқувда, жони ҳалак, асаблари ўт, кеча-кундуз демай югургади, дангасалари эса қорин қашлаб, пашша ҳайдаб, сояда кимдир мени боқади, деб хомхаёлга ғарқ...
Ризқ ўз-ўзидан ҳам келмайди. У ҳалол ишлаб, солиҳ амаллар қилувчи, рақобатбардош, ҳамкор, фақат ўзини ўйламай, юрт ва миллат фаровонлиги учун яшаётганларни севади.
Ялқов, ишёқмас, танбал, бадфеъл, очкўз, кибрли, дилозордан эса қочади.
Ризқ ҳамиша Аллоҳдан қўрққан, комил ахлоқли киши билан бирга, ҳамнафас, меҳнаткаш, фидойи, ҳунарманд, маърифатли одамни севувчи, қувувчи табиатга эга.
Ризқ манфаат қуллари, нафсаки, андишасиз, оқибатсиз, лафзсизлардан ҳамиша узоқда юради. Ризқ фосиқ, ҳасадхўр, низокаш, юзсиз, даъюс, хоин, сотқиндан нафратланади.
Халқимиз ризқнинг келиш-кетиш қоида, сирларини минг йиллик тажрибадан жуда яхши билади:
Меҳмон келса эшикдан,
Ризқи келар тешикдан.
Аллоҳ абадий музликларда тўнғиб ётган оқ айиққа ҳам, кунида тонналаб овқат ейдиган китларга ҳам, наботот оламига ҳам ризқ берган.
Хўш, биз-ку, жонзотлар ҳаракат қиламиз, ўрмонлар-чи?!. Сув, ҳаво, қуёш, гулларни чанглаш учун шамол, ҳашарот... Ҳаммаси буюк мантиқ, мувозанатда...
Бизда “ризқ-рўз” деган ибора кўп ишлатилади. Бу кундалик ризқ, демак. Лекин ҳаёт, умр фақат еб-ичиш, айш, маишатдан иборат эмас. Емак-тириклик учун, фикр-тафаккур гўзал, ҳур, иймон ҳаловатига эришиб яшаш, бахт, яхши ном қолдириш учун.
Бугун Аллоҳнинг неъмати, ризқига шукр қилаётган, обрў, шуҳратли, кўнгли хотиржамлар ҳам анча. Аммо куфрони неъмат қилувчилар ҳам йўқ эмас-да.
Азиз асрдош, шу дардли сўроқ билан бир атрофга жиддий назар солайлик-чи?!
Ҳамма нарсаси етарли: ҳовли, қўша машина, дала ҳовли, чет элда уйлар, савдо расталари, устда энг қиммат кийим-бош, тақинчоқлар тилло, брилянт, сапфир...яна нолиб туради-да: Эҳ, ҳаёт оғир бўлди-да, яшаш қийин, пул топиш қийин, чиқим кўп. Бу нима - куфрони неъмат!
Айримлар сохта шон-шуҳратга бурканган, давлатманд, кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлаб, югуриб елади ҳам. Аммо оила нотинч, фарзанд тарбиясига вақти йўқ, бола ё гиёҳванд, ё ичкилик қули, ё ўғри, ё қотил. Буям неъматга шукрона қилмай, нонкўрлик қилиб, бола-келажак миллат тарбиясига бефарқлик, хиёнат.
Ёки шундай ўсмир ёшлар борки, хотира қуввати, ақл, мушоҳада истеъдоди билан сийланган, тил билади, комьпютер, интернет ва лекин умрини бекорчи нарсаларга-елга совуради, ақлни тўғри йўналтиролмаган. Буям неъматга шукр эмас.
Шундай кишилар ҳам борки, 60 ёшда нафақага чиқиб, 30-40 йил ўлимини кутиб яшагандек. Кун бўйи бекор ё дарвоза олдида, беҳуда гаплар, ё чойхонада ғийбат, бекорчилик.
Бирор фойдали уй-рўзғор ёки майда ишлаб чиқариш, деҳқончилик, ҳунармандлик билан шуғулланса бўлади-ку?! Фойдали меҳнат-фаровонлик гарови, умрни безайди, кишини ҳаракат соғлом қилади.
Аллоҳга одам дил, тил, амал, ҳаракат билан шукр қилса, неъматга муяссар бўлиб бораверади.
Ўзини таниган одам-неъматнинг қадрини билувчи.
Шайх Зуннундан сўраган эканлар:
“Одамларнинг энг кўп хатолари нима билан боғлиқ? Зуннун жавоб берган:
- Ҳақ таолонинг лутфи ва неъматларидан ғурурланади ва шу ҳоли юзасидан алданганини ўзи ҳам билмай қолади”. Алданиш, шошиш, ҳовлиқиш одамнинг табиатида бор. Унинг алданиш, алданмаслиги ақлий, фикрий, маслак қудратига боғлиқ.
Аллоҳ неъматни бандага қўш берганда гоҳ шошиб қолади-ю, Аллоҳни унутиб “ўзим зўрман-да!” деб кибрга тўлади. Айниқса, бошга давлат, мансаб қуши қўнганда ўта эҳтиёткорлик, кечасини унутмаслик, охиратини доимо ўйлаш фойдали, кўзни парда тутмайди. Хуллас, неъмат ва ризқнинг жавҳари шукр ва сабр, зикр ва тавба, ҳаракат ва ғайрат эканда.
Лекин яна бир ҳақиқат доим кўз ўнгимизда турмоғи керакки, неъматларнинг ўзи ҳам бахт-саодат омили эмас. Неъматнинг қадрига етиш, ҳалол меҳнат, амал, тоат-ибодат уни зиёда қилишини англашимиз бизни ҳидоятга, комил ахлоқ, фаровонликка, ҳақга етаклайди.
Илҳом Ғани,
филология фанлари доктори
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0