Совет кучлари Афғонистонни тарк этганига 35 йил бўлди
Бундан 35 йил аввал, 1989 йил феврал ойида Собиқ Иттифоқ қуролли кучлари Афғонистон ҳудудини тўлиқ тарк этди. Шу тариқа тарихда “Афғон уруши” дея ном олган қонли можаро ниҳоясига етди.
Бу уруш баъзи манбаларда “совет-афғон уруши” ҳам дейилади. Иттифоқ кучлари Афғонистондаги ўз манфаатларига мос тузумни ҳимоя қилиш учун киритилганди. Табиийки, АҚШ бунинг амалга ошишига тоқат қила олмасди. Айнан Ғарбнинг ёрдами Афғонистон тоғликларида советларга қарши курашган мужоҳидларга қўл келди. Оқибатда катта муваффақиятга эриша олмаган ва 10 йил ичида талофатлардан чарчаган СССР раҳбарияти барчасини тугатишга қарор қилди.
1988 йил 14 апрелда Женевада Афғонистон ва Покистон ўртасида СССР ҳамда АҚШ воситачилигида келишув имзоланди. Мазкур Женева келишуви совет кучларини Афғонистон ҳудудидан олиб чиқишни кўзда тутарди.
Хўш СССР нега Афғонистондан кетишга қарор қилди?
Энг аввало, мамлакатнинг ичида иқтисодий-ижтимоий ҳолат оғирлашиб бораётганди. Ташқи чекловлар, урушга сарфланаётган ва бесамар кетаётган маблағлар, можаронинг охири кўринмаслиги жамиятни тинкасини қуритди. АҚШ томони совет қўшинлари Афғонистонга кирганининг биринчи йилиёқ санкциялар тўлқинини бошлади: буғдой савдосига эмбарго қўйилди, юқори ривожланган технологияларнинг сотуви тўхтатилди, дипломатик алоқалар фалаж аҳволга келиб қолди. Энг қизиғи, Хитой, Югославия, Руминия, Шимолий Корея каби социалистик давлатлар ҳам СССРнинг ҳарбий авантюрасини қоралади.
СССР ҳарбий контигент учун миллиардлаб маблағ сарфлади. Боз устига 1979 йилдан бери амалга оширилган амалиётлар катта самара бермади. Дунёнинг энг қудратли давлати унвонига даъвогарлик қиладиган улкан мамлакат қуролли кучлари Афғонистондаги дала қўмондонларидан қақшатқич зарбалар еди. Коммунистик Афғонистонни қуриш ва мустаҳкамлаш режаси пуч бўлиб чиқди.
Ҳисоб-китобларга кўра, Афғонистонда совет қўшинларининг максимал миқдори 120 минг кишигача (1986 йилда) етган. Жами 650 мингдан ошиқ совет аскари Афғонистонда ҳарбий хизмат ўтаган. Мазкур ҳарбий тузилма расмий тилда “Совет қуролли кучларининг Афғонистондаги чекланган контингенти” дея аталди. Улар “интернационал бурч”ни бажариш шиори остида қўшни мамлакат ҳудудига ташланган эдилар.
Бутун уруш давомида 14 мингдан ошиқ аскар ҳалок бўлган (айрим манбаларда 40 минг, ҳатто 60 минг қурбон ҳақида ҳам сўз боради). Афғонистонда эса 1979-89 йиллар оралиғида эса 2 миллионгача киши ҳалок бўлгани айтилади.
Ошкоралик, Горбачёв
Михаил Горбачёв ҳокимиятга келгач ва ошкоралик даври бошлангач, аввал айтилмаган кўпчилик мулоҳазалар ўртага ташлана бошлади. Шулардан бири шубҳасиз, “Афғон уруши”га барҳам бериш масаласи эди.
Горбачёв 2019 йилда ОАВга берган интервюсида совет қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш тўғрисидаги қарор кўплаб муҳокамалардан сўнг қабул қилинганини, бу қарор СССРнинг сиёсий-ҳарбий раҳбарияти ва халқи томонидан қўллаб-қувватланганини таъкидлаган.
“Том маънода ҳамма, жумладан (КПСС Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзолари) Рижков, Лигачев, Воротников, Чебриков ва бошқалар Афғонистонда қўшинларимизнинг мавжудлиги сабаб бизга етаётган моддий ва маънавий зарар ҳақида гапирди. Ҳарбий раҳбарият, Бош штаб эса қўшинларни олиб чиқиш қарорини тўлиқ қўллаб-қувватлади”, - деган Горбачёв.
1985 йилда Горбачёв Москвада Афғонистон етакчиси Бабрак Кармал билан учрашади ва қўшинларни олиб чиқиш масаласини кўтаради. Албатта, бу қарор Кармални ҳайратда қолдирди, чунки совет қўшинларининг кетиши бу республиканинг қулашини тезлаштирарди. Охир-оқибатда Кармалнинг ўзи 1986 йилда партия раҳбарлигидан истеъфо берди. Ҳокимият тепасига Муҳаммад Нажибулло келди.
Қайтаётганда ўлим топганлар
Қўшинларнинг чиқиб кетиши 1988 йил май ойида бошланди. Дастлабки уч ойнинг ичида 50 мингдан ошиқ киши ортга қайтди. Қолган 50 минг киши эса 15 августдан 1989 йилнинг 15 февралигача олиб чиқилди. Генерал-лейтенант Борис Громов Афғонистон ҳудудини энг охирги бўлиб тарк этган совет аскарига айланди.
“Менинг орқамда битта ҳам совет аскари қолмади. Шу билан тўққиз йиллик жараён тугади”, деган эди генерал Борис Громов ўшанда
Амударё устидан ўтган Дўстлик кўпригида 40-армия қўмондонининг айтган сўзлари СССР Қуролли Кучларининг Афғонистондан чиқиб кетилишининг тимсоли эди. Лекин генерал айтган гап унчалик тўғри эмас эди: дарёнинг нариги томонида ҳали ҳам асирликда ётган аскарлар ва офицерлар, шунингдек, учувчилар ва чегарачилар бор эди. Баъзилари фақат 1989 йил апрел ойида қайтиб келди, ҳатто айримларга ватанига қайтиш насиб ҳам этмади.
Маълумотларга кўра, жангарилар Афғонистонни тарк этаётган аскарларни ҳам кўз очирмаган: 1988 йилнинг ноябрида мужоҳидларнинг ракета зарбалари остида қайтиш жараёни тўхтаб қолди. Асосан пойтахт Кобул ҳужумларга дучор бўларди.
Ўша пайтда АҚШнинг Washington Post нашри тарқатган маълумотга кўра, қўшинларни олиб чиқиш вақтидаги ҳужумларнинг ўзидаёқ СССР 523 нафар аскар йўқотган.
1988 йил 7 августда советларнинг қатор бўлинмалари Афғонистондан олиб чиқилиши арафасида қуролли мухолифат ҳукумат қўшинларини Қундуз шаҳридан қувиб чиқарди. Энг яқин шаҳарлар - Хонобод, Талукан ва Бомиён жангсиз олинди. Бу ўз ҳолига ташлаб кетилаётган республика ҳалокатининг бошланиши эди.
Натижада, 1990 йилга келиб Афғонистонда коммунистик идеологиядан бутунлай воз кечилади. 1990 йилда кўтарилган ички ихтилоф республикани бутунлай заифлаштириб қўяди. Оқибатда 1992 йилда мужоҳидлар Кобулни қўлга оладилар ва президент Муҳаммад Нажибулло ҳукуматини ағдарадилар. Советлар билан йиллар давомида ҳамкорлик қилиб келган Нажибулло 1996 йилда толиблар қўлида аянчли ўлим топди.
Аброр Зоҳидов
* * *
Бошидан ўтказган табиб
Одамзот, кўзингизни очинг!
Қандай уруш бўлмасин, барибир инсонни тарбиялайди. Унинг руҳиятига, юрагига, умуман ҳаётига умрбод таъсир қилади. Қулоғидаям, кўзидаям, юрагидаям, ҳамма жойида уруш акс этиб туради.
Масалан, уруш қатнашчилари бўлган устозларимизни олайлик. Одил Ёқубов, Шуҳрат домла, Миркарим Осим. Булар шу қадар беозор, мулойим, бировга зиёни тегмайдиган инсонлар бўлган. Бунга нима сабаб дейсиз? Уруш кўрган одамнинг ҳаёт қадрига етишидан буларнинг бари.
Менга қолса, ҳар куни телевидение орқали фонида уруш даҳшатларини акс эттирган ҳолда иккинчи жаҳон уруши ва афғон уруши шаҳидларининг номларини қайта-қайта ўқишларини истардим. Ҳар куни, мунтазам, токи бу урушга қарши нафратимизни ифодалаб турсин. Токи тинчликни қадрлашни ўрганайлик.
Одамзот, кўзингизни очинг! Уруш бало, офат! Илоҳим, бизнинг юртимиздан нари юрсин.
Наби Жалолиддин, ёзувчи, шоир,
Афғон уруши қатнашчиси (1981-1983)