Жазирама, мевалар текин, лекин салқин ичимлик танқис!
Ғалати парадокс – бу йил мева-чева, қовун-тарвуз ҳаддан зиёд арзон бўлди. Аммо уларни тезкор қайта ишлаб, аҳолига тақдим этиш хизмати умуман кўринмади.
Хорижга, айниқса Осиё давлатларига борганлар яхши билишади – қадамда салқин ичимликлар, турли шарбатлар сотилади. Тадбиркорлар кўз ўнгингизда истаган мевангизни сиқиб, сувини солиб беришади. Хўш, бизнинг нимамиз кам? Маҳсулотларимизнинг мазаси уларникидан ортиқ бўлса ортиқку!
Масалан, бу йил тарвуз ўта арзон бўлди. Уни сиқиш ҳам жуда осон, шарбат ажралиши ҳам жуда юқори, тўлиғича эрийди деса ҳам бўлади. Тарвуз шарбатини совутиб ёки муз солиб сотиш наҳотки қийин иш бўлса?
Албатта, бу ерда кимнидир, хусусан давлатни айблаб бўлмайди. Шунчаки шундай ажойиб ва даромадли ғоядан фойдаланмаётганимиз ғалати. Кўчада чанқоқни фақат дўконлардан олинган сув ёки кимёга тўла рангдор ичимликлар билан қондирамиз холос. Ҳатто савдога қаттиқ қаршилик қилинган совет даврида ҳам муюлишда “газвода” сотилар, табиий ва арзон бу ичимлик ҳаммага асатарди.
Ишбилармонлар, ҳалиям кеч эмас, шу тизимни йўлга қўйиш керак. Ҳам аҳолининг чанқоғи табиий маҳсулотлар билан қонади, ҳам янги иш ўринлари яратилади. Давлат эса бу тизимни ҳар жиҳатдан стимуллаши лозим.
Зеро неъматлари Ўзбекистондек бошқа давлат йўқ!
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0