Султон Сулаймон томонидан шаҳзода ва унинг беш ўғли қатл этилган: усмоний Боязиднинг аянчли қисмати
Усмонли турклар империяси дунё тарихидаги энг қудратли давлатлардан бири сифатида эътироф этилади. Аммо унинг ёрқин саҳифалари орасида қон билан ёзилган воқеалар ҳам, афсуски бисёр. Империя султон Сулаймон даврида нақадар юксалиб, тараққий этмасин, салтанат ўйинлари, тож-тахт фитналари биродаркушликка сабаб бўлди.
Усмонийларнинг энг қудратли ҳукмдорларидан бири ўзининг икки ўғли ва беш набирасини ўлдириб юборишга буйруқ бергани эса, тарихнинг энг қора нуқталари саналади. Султон Сулаймон нафақат, исён кўтарган ўғли Боязидни, балки норасида беш набирасига ҳам раҳм қилмайди. Туркия киноижодкорлари томонидан ишланган “Муҳташам юз йил” сериалида ҳам айнан мазкур давр акс этган.
Турк султонлари ҳам кўпчилик давлат раҳбарлари каби чекланмаган ҳокимият ва куч-қудратга эга эди. Уларнинг ҳарамида юзлаб жориялар сақланар, айрим канизаклар фарзанд кўришга, султоннинг эътиборини қозонишга ва сиёсий ўйинларга аралашишга муваффақ бўларди. Султон Сулаймон ҳам бир неча ўғил фарзандлар кўрди. Аммо давлат ва тож битта, шунинг учун валиаҳд ҳам битта бўлиши шарт эди.
Тарихчиларга кўра, усмонийларда “Фотиҳ қонунлари” деган шафқатсиз қонун амал қилган. Уни Истанбулни қўлга олган Меҳмет Фотиҳ қонунлар тўпламига киритган. Яъни тахтга ўтказилган ҳукмдор турли фитналар ва урушлар, салтанат бўлинишининг олдини олиш учун бошқа даъвогарларни ўлдириш ҳуқуқига эга бўлган. Бу қонун усмонийлар тарихидаги энг баҳсли ва қонли нарсалардан бири эди.
Таъкидлаганимиздек, Султон Сулаймон серфарзанд ҳукмдор эди. Боязид 1525 йилда туғилган ва Сулаймоннинг тўртинчи ўғли бўлган. Боязид асли славянлардан бўлган Хуррам Султон(Роксолана)дан дунё келганди. Хуррам эса аввал султоннинг суякли канизаги ва кейинроқ қонуний хотини бўлишни уддасидан чиққанди. Боязид бутун болалигини Тўпқопида ўтказди ва саройда асосий нарса куч ҳамда ҳокимият эканлигини кўрди. Шаҳзода шунчаки султоннинг ўғли бўлиб туғилиш билан тахтга эга бўлолмаслигини тушунди, лекин у бунинг учун курашишга тайёр эди. Боязид ҳарбий фанларни алоҳида қунт билан ўрганган ва отаси билан тез-тез яничарлар (усмонийлар империясидаги жанговар қисм) корпусига ташриф буюрган. Йигит 1541 йилда биринчи ҳарбий юришига (Венгрияга) жўнади. 16 ёшли шаҳзода жасорат ва зукколик кўрсатишга муваффақ бўлди, лекин у ҳеч қачон ҳукмдорнинг севимлисига айланмаган.
Асосий муаммолардан бири Боязиднинг катта акаси шаҳзода Мустафо эди. Сулаймон узоқ йиллар Мустафони (канизак Моҳидавроннинг ўғли) ўзининг асосий вориси деб ҳисоблаган. Кейинчалик султон Меҳмет (Хуррамнинг тўнғич ўғли) улғайган сари уни ўзининг давомчиси сифатида кўра бошлади. Аммо 1543 йилда Меҳмет тўсатдан вафот этади. Хуррамнинг ўйинлари ва тинимсиз фитналар султоннинг барча ёш меросхўрлардан узоқлашишига олиб келди. Ҳарамдаги чексиз тортишувлар, ҳарбий юришлар ва ўғилларни вилоятлардан мансаб бериш уни чарчатди. Боязид шу аснода сиёсий ўйинларга фаол аралаша бошлайди. У яничарлар ва бошқалар Мустафони асосий меросхўр деб билишларини кўриб, унга яқинлаша бошлади. Уларнинг қалин дўстлиги 1548 йилда Форс давлатига қарши ҳарбий юриш пайтида бошланган. Кампания муваффақиятсизликка учраганига қарамай, ака-укалар яқин алоқаларни давом эттирадилар. Бу эса Боязид ва унинг ота-онаси ўртасидаги келишмовчиликнинг асосий сабаби бўлади. Хуррам Боязиднинг бир онадан туғилмаган Мустафони афзал кўрганини қабул қила олмайди. Шунингдек, султон Сулаймон иккала меросхўрни ҳарбий тўнтаришга тайёргарлик кўришда гумон қилади.
Сулаймон султон умрининг охирида иккиланишлар ва қўрқув гирдобида қолади. Дастлабки қурбон эса Мустафо бўлади. Манбаларга кўра, Хуррам ва куёви, вазир Рустам пошо султонни Мустафога қарши қўзғатиб, уни фитна уюштирганликда ва Сулаймонни тахтдан ағдариш мақсадида тартибсизликлар ташкил этишда айблашади. Ушбу қутқулар сабаб Сулаймон ҳаёти хавф остида эканлигига ишонди ва ўғлини қатл қилишни буюрди. Мустафо отаси билан чодирда учрашмоқчи бўлганда соқов жаллодлар томонидан қатл этилади. Орадан бир неча кун ўтиб Мустафонинг етти ёшли ўғли Меҳмет ҳам қатл этилди. Лекин Мустафо ҳақиқатан ҳам султонни ағдариш ниятида бўлганми ёки йўқми, бу сирлигича қолди. Унинг онаси Моҳидаврон Султон ўғлининг умрининг охиригача уни сиёсий душманлардан ҳимоя қилишга уриниб кўрди ва ҳатто бунинг учун махсус ахборот тўпловчиларни ҳам ёллаган. Элчи Тревисано 1554 йилда Мустафо қатл этилган куни Моҳидаврон унга отаси уни ўлдирмоқчи эканлиги ҳақида эслатма юборган, бироқ Мустафо онаси ва дўстларининг огоҳлантиришларига эътибор бермаган. Шу тариқа фитналарга учган Сулаймон илк бор ўз қўлини фарзанди қони билан бўяди.
Аммо бу ҳали ҳаммаси эмасди. Олдинда султонни бундан баттар қонли ва аянчли воқеалар кутиб турарди.
1558 йилда Хуррам вафот этади. Боязидни султон қаҳридан асраб турган онанинг ўлиши вазиятни янада кескинлаштириб юборади. Ўғиллар ўртасидаги кураш авжига чиқади. Орада сохта Мустафо исёни юз беради. Алғов-далғовлардан чарчаган султон меросхўрларини энг узоқ вилоятларга юборишга қарор қилади ва шунинг учун Боязид илгари Мустафо ҳукмронлик қилган Амасияга кетади. Шаҳзода у ерда яничарлар қўшинини тўплай бошлайди ва Сулаймон буни исёнга уриниш деб билади. У Боязиднинг акаси Селим укасининг олдига юборади. Натижада отасининг ғазабидан қўрқиб Боязид Форс давлатига қочади, у ерда ўғиллари билан паноҳ топади. Аммо Эрон шоҳи шаҳзодани сиёсийлар музокаралар қурбонига айлантиради.
Узоқ музокаралардан сўнг, шоҳ салтанатининг азалий рақиби султон Сулаймонга ўғли ва невараларини беришга рози бўлади. Манбаларга кўра. Эрон шоҳи ярим миллион олтин танга эвазига исёнкор шаҳзодани топширишга рози бўлади. Боязид ва унинг ўғиллари шоҳ Таҳмасп зиёфатида қўлга олинади ва усмонийларга топширилади. Тарихчиларга кўра, Боязиднинг отасига эмас, балки акасининг олдига юборилишига ишониб, Усмонлийларга таслим бўлишга рози бўлган. Шаҳзода отаси ва акасининг элчилари олдига оддий эски либосда, йиртилган бош кийимда ва соқолини олдирган ҳолда чиқди - буларнинг барчаси унинг таҳқирланиши ва қулаши рамзи эди. Асирларнинг шахси аниқлангач, улар Қазвиндаги от пойгаси ўтказиладиган майдонда ўлдирилди. Барча шаҳзодалар — аввал Боязиднинг ўзи, сўнг ўғиллари бўғилиб ўлдирилган. Ҳатто энг кичик, уч ёшли болага ҳам раҳм қилинмади. Тарихчи Алдерсон бу воқеа 1561 йил 25 сентябрда содир бўлганлигини кўрсатади. Бидлисийнинг ёзишича, жасадлар тобутга солинган ва аравада Ванга олиб кетилган, у ердан дафн қилиш учун дастлаб Истанбулга олиб кетилиши режалаштирилган. Аммо йўлда Сулаймондан уларни шаҳар ташқарисидаги Сивасда дафн этиш тўғрисида буйруқ келди. Бидлисий ёзганидек, Боязид ва унинг ўғиллари Сивас яқинида, шаҳарнинг ғарбида, йўл ёқасига дафн этилганлар.
Агар шаҳзода Боязиднинг шахсий ҳаёти ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг фарзандларининг сони ва рафиқаларининг исми ҳам ишончли эмас - баъзи манбаларда тўққизта, бошқаларда 11 нафар фарзанди борлиги айтилади.
Иродали, мағрур, мағрур – Боязид ҳамиша султон ва онасининг бош оғриғи эди. Мустафо билан яқинлашиш унга шафқатсиз тақдир синови бўлди - у асосий шаҳзоданинг муваффақиятига ишонди, аммо охир-оқибат у каби отасининг қўлида ҳалок бўлди. Боязиднинг кинодаги ҳаёти реал тарихдан унчалик ҳам фарқ қилмайди. Боязиднинг асосий фожиаси – унинг бегуноҳ беш норасида ўғлининг ўлими ҳам эди. Беш гўдакнинг қатл этилиши усмонийлар тарихидаги энг қайғули воқеалардан бири сифатида тарихда қолди.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0