Швейцария ҳукумати Гулнора Каримовага тегишли 182 млн долларни Ўзбекистонга қайтаради
Ўзбекистон Ҳукумати ва Швейсария Федерал Кенгаши ўртасида “Мусодара қилинган активларни тақсимлаш тўғрисидаги битим” имзоланди
Битим доирасида тахминан 182 млн доллар миқдоридаги маблағлар Ўзбекистонга қайтарилиши белгиланган.
Ўзбекистон Адлия вазирлигининг таъкидлашича, “мазкур маблағлар Ўзбекистон Республикаси айрим фуқаролари томонидан ноқонуний орттирилган бўлиб”, 2012 йилда Швейцария Бош прокуратураси томонидан Г.Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноят иш юритуви доирасида тўлақонли мусодара қилинган.
Маблағлар БМТнинг “Uzbekistan Vision 2030 Fondi” Кўп шериклик траст Жамғармаси орқали қайтарилади. Бу 2022 йил 16 августда Швейцариянинг Берн шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Швейсария Конфедерацияси ўртасида имзоланган “Швейцария Конфедерацияси ҳудудида мусодара қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатлари йўлида қайтариш усуллари тўғрисидаги битим”га кўра амалга оширилади.
Мазкур ишлар доирасида 2022 йил августда имзоланган биринчи битим тахминан 131 млн доллар миқдоридаги маблағларни Ўзбекистонга қайтарилишини назарда тутади. Янги битим имзоланиши билан Ўзбекистон аҳолисининг манфаатлари йўлида қайтарилган маблағларнинг жами миқдори 313 млн долларга етади.
Қайд этилишича, “Uzbekistan Vision 2030 Fondi” орқали қайтарилаётган маблағлар Ўзбекистон аҳолисининг манфаатлари учун, хусусан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0