Ташкилотга қисқартириш келганда кимлар ишда қолади?
Корхонада меҳнатни ташкил этишнинг ўзгариши натижасида ходимлар қисқаришга учрайдиган бўлса, ишда қолиш имконияти Меҳнат кодексига биноан аввало, меҳнат унумдорлиги юқори бўлган ходимларга берилади.
Агар икки нафар ходимдан бири қисқаришга тушиши керак бўлиб, аммо иккисининг ҳам иш самарадорлиги тенг бўлса, унда Меҳнат кодексининг 167 - моддасига асосан қуйидаги ҳолатларда ходимга афзаллик берилади:
- қарамоғида икки ёки ундан ортиқ киши бўлган ходимларга;
- оиласида мустақил иш ҳақи олувчи бошқа ходимлар мавжуд бўлмаган шахсларга;
- мазкур иш берувчидаги узоқ муддатли иш стажига эга бўлган ходимларга;
- ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий ва ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотларида меҳнат шартномасига кўра тегишли мутахассислик бўйича ўз малакасини ошираётганларга ҳамда ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олий ва ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотларини тамомлаган шахсларга ўқишни тамомлаганидан кейин мутахассислиги бўйича ишлаш шарти билан уч йил мобайнида;
- ушбу ташкилотда меҳнатда майиб бўлган ёки касб касаллигига учраган шахсларга;
- ногиронлиги бўлганларга;
- 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлар бўйича уларга тенглаштирилган инсонларга;
- меҳнатдаги ютуқлари учун рағбатлантиришларга эга бўлган ва интизомий жазоларга эга бўлмаган ходимларга;
- атом объектларидаги авариялар оқибатида келиб чиққан юқори радиациявий нурланиш билан боғлиқ бўлган нурланиш касаллигига ва бошқа касалликларга йўлиққан ёки шундай касалликларни бошидан кечирган шахсларга, ўзига нисбатан бошланган ногиронлигининг атом объектларидаги авариялар билан боғлиқлиги аниқланган ногиронлиги бўлган шахсларга, ушбу авариялар ва ҳалокатлар оқибатларини бартараф этиш иштирокчиларига, шунингдек мазкур объектлардан эвакуация қилинган ёки кўчирилган шахсларга ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга.
Малака ва меҳнат унумдорлиги тенг бўлган тақдирда, ҳисобга олинадиган аксарият ҳолатлар сони бўйича қайси ходим энг кўп балл тўпласа, ўша ходим ишда қолади.
Зебо НАМОЗОВА
тайёрлади
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0