Тошкентдаги хорижлик ўқитувчи: “Ўзим ҳам ўзбек тилини ўрганяпман”
Моника Агилар хоним 46 ёшда. Инглиз тили ўқитувчиси. Айни пайтда пойтахтимиздаги 126-умумтаълим мактабида ўқувчиларга инглиз тилидан дарс бермоқда. Оилали ва уч нафар фарзанди ҳам бор. У мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан юртимизга чақирилган 500 нафар хорижий тил ўқитувчиларидан бири...
Моника Агилар хоним 46 ёшда. Инглиз тили ўқитувчиси. Айни пайтда пойтахтимиздаги 126-умумтаълим мактабида ўқувчиларга инглиз тилидан дарс бермоқда.
Оилали ва уч нафар фарзанди ҳам бор. У мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан юртимизга чақирилган 500 нафар хорижий тил ўқитувчиларидан бири бўлиб, шу пайтгача Филиппиндаги тил ўргатиш марказида ва Хитойда ўқувчиларга инглиз тилидан сабоқ берган.
Ўзбекистонда ишлаш бўйича таклиф тушганида Моника хоним кўп ўйланиб ўтирмасдан, рози бўлди. Турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан маслаҳатлашиб, қарорини қатъийлаштирди. Бугун эса Ўзбекистонда, ўқувчилар билан бирга. Биз мактабга келган куни 10-«Б» синфнинг 2-чоракдаги илк инглиз тили дарси бўлаётган экан. Моника хоним мазкур синфга 1-чоракда кирмагани боис, бу дарс ўқувчилар учун ҳам янгилик бўлди.
Унинг дарсини бир оз кузатиб ўтирар эканмиз, болаларнинг ёшига мослашиб олиши, қувноқ кайфиятда бўлиши, энг муҳими, ўқувчиларнинг хато қилишидан қўрқмаётганини кўрдик. У дарсни ўйин билан бошлаб, ўқувчиларнинг эътиборини ўзига жалб қилиб олди. Сўнгра болалар билан мулоқот шаклида дарсни ўтди.
– Дарсимиз тўлиқ инглиз тилида бўлгани менга жуда ёқди, – дейди Ислом исмли ўқувчилардан бири. – Тўғри, устозимизнинг айрим гапларини тушунмадик, аммо тушунишга ҳаракат қилдик. Дарсда ўқитувчининг яхши кайфиятда бўлганлари бизга ҳам кўчди. Келгусида ҳар бир дарсда фаол иштирок этишга ҳаракат қиламан.
Филиппинлик педагогнинг хорижлик эканини бир қарашда сезмайсиз. Ташқи кўриниши билан ўзбекларга ҳам ўхшаб кетади. Аммо ўзга эл фарзанди, бунинг устига на рус, на ўзбек тилини билади. Шунга қарамасдан у юртимиздаги фаолиятидан, мактаб муҳити, ҳамкасблари ва ўқувчиларидан мамнун.
– Нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа давлатларда ҳам инглиз тилини ўрганишга қизиқадиган ва қизиқмайдиганлари, қунт билан ўрганадиган фаол ва фаол бўлмаганлари бор. Бу ерда ҳам шундай, ҳар хил тоифадаги ўқувчилар бор. Аммо мен уларнинг барчасини қизиқтиришга, интерфаол усуллар орқали дарсга жалб қилишга ҳаракат қиламан, аста-секин ўқувчилар ҳам менга ўрганишяпти – дейди Моника Агилар хоним. – Инглиз тили болаларга она тили эмас. Шу боис уларнинг тилни зўриқиб ўрганишларини хоҳламайман. Қолаверса, ўйинлар ва қизиқарли методикалар орқали қувноқлик билан ўрганишсалар тил ўрганишга иштиёқи ошиб бораверади. Бундан ташқари тўгарак ҳам ўтаяпман. Унда болалар билан янаям чуқурроқ шуғулланаяпмиз. Ҳаттоки ўқувчилардан ўзбек тилини ҳам ўрганаяпман.
Хорижлик ўқитувчининг педагоглик фаолияти учун 2200 АҚШ доллари миқдорида маош тўланмоқда. Яшаши учун шу мактабга яқин ҳудуддаги «Шараф» маҳалласидан икки хонали уй ажратилган. Ушбу уйнинг ҳам ижара тўловлари давлатимиз томонидан қоплаб берилмоқда. Биз педагогнинг юртимиз ҳаётига қанчалик мослашаётгани, дарсдан кейинги юмушлари, кўча-куйда унга одамларнинг муносабати қандай бўлаётгани билан қизиқдик.
Суҳбатнинг давомини қўйидаги видеода батафсил кўриб олишингиз мумкин.
Зебо НАМОЗОВА
Оператор: Қувонч ТЎРАЕВ
Ishonch. uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0