Вояга етмаган ишловчилар қандай юмушларга жалб этилмайди?
Савол: – Оилавий шароит туфайли ўн саккиз ёшга тўлмасамда қурилиш корхонасида ишлаяпман. Қонунда қандай юмушларни бажаришга масъул эмаслигим белгилаб қўйилган?
Жамшид Бахтиёров,
Самарқанд вилояти
Ушбу саволга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилоят кенгаши меҳнат техник инспектори Усмон Каримов жавоби:
– Меҳнат кодексининг 412-моддасига кўра ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларнинг меҳнатини меҳнат шароити зарарли ва (ёки) хавфли бўлган ишларда, ер ости ишларида, шунингдек бажарилиши уларнинг ҳаётига ва соғлиғига, хавфсизлигига ва маънавий жиҳатдан камол топишига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда (тунги кафе ва клубларда, спиртли ичимликларни, тамаки маҳсулотларини, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни, токсик препаратларни ишлаб чиқариш, ташиш ҳамда сотиш ва бошқалар) қўллаш тақиқланади.
Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларнинг улар учун белгиланган йўл қўйиладиган энг кўп нормалардан ортиқ бўлган оғирликдаги юкларни кўтариши ва ташиши тақиқланади.
Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар меҳнатининг қўлланилиши тақиқланадиган ва бажарилиши вояга етмаганларнинг соғлиғига ва маънавий жиҳатдан камол топишига зиён етказиши мумкин бўлган ишлар рўйхати, шунингдек уларнинг оғир юкларни кўтариши ва ташиши чоғида йўл қўйиладиган энг кўп нормалар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама республика комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2009 йил 26 июндаги 33қ/б-сонли ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2009 йил 26 июндаги 13-сонли Қўшма Қарори билан тасдиқланган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 29 июлда 1990-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари РЎЙХАТИ”га асосан халқ хўжалигининг турли тармоқларидаги ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ишларнинг номлари келтирилган.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0