ЯНУШ КОРЧАК: Меҳри сабаб қурбон бўлган инсон
Тарихда шундай ҳодисалар рўй берганки, уларнинг замирида инсон тақдирининг мисқолчалик қадри бўлмаганлигини кўриш мумкин. Бироқ шундай шахслар бўлганки, уларнинг инсонийлик фазилати асрлар ошса ҳам тилларда достон бўлиб келаверади.
Айниқса, XIX асрда жаҳон урушлар гирдобига айланди. Бир давлат иккинчисининг ҳудудини босиб олиши, бошқа бир миллат ўзини олий ирқ деб санаши оқибатида ер юзида миллионлаб бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилди. Афсуски, бу урушларнинг асорати ҳалигача бутунлай ўчиб кетгани йўқ. Инсонларнинг кўнглида, китобларнинг варақларида, музейларда қонли тарих сифатида ёдга олинмоқда. Бироқ жанггоҳларда ҳам инсонларнинг бир-бирига меҳр-муҳаббати бир он бўлсада тарк этмади. Полшалик ўқитувчи ва ёзувчи Януш Корчакнинг ўз ҳаётини сақлаб қолиш таклифини уч маротаба рад этганлиги сўзимизнинг исботидир.
Немислар Полшани босиб олишдан олдин биринчи маротаба Януш Корчакка ўзи ишлайдиган "Меҳрибонлик уйи"ни тарк этиб, у ердаги етим болаларни тақдир ҳукмига ташлаб, бошқа давлатга қочиш таклифи берилганда ўйлаб ўтирмай рад жавобини беради.
Иккинчи марта эса у Варшавадаги геттодан ўз ватандошлари қолиб ёлғиз қочиш таклифидан бош тортади.
"Меҳрибонлик уйи" нинг барча болаларини фашистлар концлагерга олиб бориш учун поездга солаётганда учинчи маротаба таклиф берилади. Фашистлардан бири ёзувчига яқинлашиб:
- "Қирол Матеуш" асарини сиз ёзганмисиз? Мен бу китобни болалигимда ўқиганман. Яхши китоб. Сизни озод қилишим мумкин, - дейди.
- Болаларни-чи?
- Болаларни эса олиб кетамиз. Аммо сиз вагонни ҳозироқ тарк этсангиз бўлади.
- Сизлар хато қиляпсизлар. Иложим йўқ. Ҳамма одамлар ҳам ёмон эмас-ку!
Шу қисқагина суҳбат зум ўтмаёқ, поезд ўрнидан силжиди. Болаларнинг қўрқув аралаш чинқириғи, йиғи-сиғи оламни тутди.
Бир неча кундан кейин Треблинка концлагерида ёзувчи ва етимхона болаларини газ камерасида заҳарлаб ўлдиришди. Ўлим олдидан эса Корчак икки нафар кичик ёшдаги боланинг қўлидан ушлаганча, уларга эртак айтиб берганлиги аён бўлди.
Биргина шу воқеа қонли урушларнинг аянчли оқибатларини акс эттирди.
Муқимбой ИСМОИЛОВ тайёрлади
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0