Жинлар қурбонига айланган асаларилар
Москвалик Кузьма Васильевич бир куни ўзи боқаётган асаларилар инидан учиб чиқмаётганини сезиб қолди. Қути қопқоғини очиб, улар уяда тўда-тўда бўлиб ғимирлашаётганини, лекин бирортаси ҳам парвозга шайланмаётганини кўрди. Бутун бошли асаларилар оиласини гўёки қандайдир куч ўз исканжасида ушлаб турганга ўхшарди.
Кўп ўтмай, ғалати ҳодиса рўй берди. Кузьма қутидан сал узоқлашгани ҳамоно уяли ромлар қулаб тушди. У ромларни жойи-жойига қўйиб, ортига бурилиши биланоқ яна шовқин-сурон ва тарақа-туруқ авжига чиқди.
Бу ҳолат ҳадеб такрорланавергач, Кузьма ромларни қутининг ўртасида қолдириб, уйига кетди. Кечаси ухлаш учун ётаётиб, девор орқасида асалариларнинг ғўнғиллашини эшитгандай бўлди. Тонгда эса “сеҳрланган уя“ бўшаб қолганини кўрди ва “Асаларилар бошқа жойга кўчиб кетишибди-да”, деган хаёлга борди. Бир вақт бундоқ қараса, асаларилар тўдаси Кузьма яшайдиган уй даҳлизи яқинида ҳавода муаллақ осилиб турибди. Бир оздан кейин улар урчуқ шаклини оди. Хонадон соҳиби томон сурилаётганда эса, бирданига ловия қўзғоғига ўхшаб қолди.
Энг даҳшатлиси кечқурун содир бўлди. Асаларилар оиласи кутилмаганда бўйи икки газ келадиган одам қиёфасига кирди. Бу “одам”нинг оёқлари узун бўлиб, ҳаракатланаётганида у ён-бу ёнга буралиб-буралиб кетарди. Аммо бурни, қулоғи ва кўзи йўқ, нақ таъвиянинг ўзгинаси эди. У ер узра судралиб, Кузьманинг ортидан тинмай таъқиб этарди...
Хайрият, эртаси куни митти жониворларнинг ғайритабиий шаклларга киришига сабабчи сирли куч ғойиб бўлди. Фақат битта ачинарли томони – асаларилар битта қолмай нобуд бўлди.
Абдунаби ҲАЙДАРОВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0