Сунъий интеллект: 2030 йилга келиб ишчиларнинг 59 фоизи қайта тайёрланиши керак бўлади
Сунъий интеллект (СИ)нинг ривожланиши миллионлаб иш ўринларини қисқартиради, аммо унинг ижобий таъсири ҳам истисно қилинмаяпти. Бундай вазиятда ишчи-ходимларни қайта тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга.
Қайд этилишича, СИнинг доимий ўсиши 2030 йилга келиб меҳнат бозорига сезиларли таъсир кўрсатади: автоматлаштириш ва вазифаларни алмаштириш ҳисобига 92 миллион иш ўрни қисқариши кутилмоқда, аммо яна 170 миллион иш ўринлари яратилади. Шундай қилиб, Жаҳон иқтисодий форуми (WEF) 78 миллион иш ўрни кўпайишини қайд этган.
WEF маълумотларига кўра, иш берувчиларнинг 41 фоизи илгари инсон аралашувини талаб қиладиган фаолиятни автоматлаштириш ҳисобига ишчи кучини қисқартириш йўлидан боради. Бунда такрорий ва мунтазамлик касб этган ишлар зарар кўради.
Биринчи бўлиб офисда ёзма ишлар билан шуғулланадиган ходимлар ва бухгалтерларни алмаштиришади. Улардан кейин график дизайнерлар ва ҳуқуқшунослар иши хавф остида.
Бироқ нейрон тармоқ мутахассисларига талаб ортиб бормоқда. Тахминан 70 фоиз компаниялар сунъий интеллект дастурларини ишлаб чиқувчиларни ёллашга тайёрлар, 62 фоиз эса ҳеч бўлмаганда СИ билан ишлай оладиган одамларни қидиришмоқда.
WEF прогнозларига кўра, иш берувчиларнинг 77 фоизи ўз ишчи кучи малакасини ошириш ва уларни янги талабларни қондириш учун қайта тайёрлашга сармоя киритади.
Жумладан, 2030 йилга келиб ишчиларнинг 59 фоизи қайта тайёрлашга муҳтож бўлиши тахмин қилинмоқда: 120 миллиондан ортиқ ишчи тегишли тайёргарликсиз ишдан бўшатилиш хавфи остида қолади.
Таҳлилчиларнинг фикрича одамлардаги ижодий фикрлаш, чидамлилик, мослашувчанлик ва муносабатлардаги ҳамкорлик каби кўникмаларнинг техник имкониятлар билан яхши уйғунлашуви муваффақият калити бўлиб қолади.
Бироқ, WEF ҳисоботида айтилишича, яшаш нархининг ошиши, юқори даромадли мамлакатларда аҳоли ёшининг “қариб бориши” ва паст даромадли иқтисодиётларда меҳнатга лаёқатли аҳолининг кўпайиши каби омиллар “соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги иш жойларига бўлган талабга таъсир қилади”.
Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0