Тўқсон йиллик тарих
ёхуд нуроталик зиёлилар ҳимояси ҳақидаги ҳикоялар
Бу йил касаба уюшмаларининг 120 йиллиги нишонланади.
Сана муносабати билан касаба уюшмалари тарихига оид кўплаб маълумотлар юзага қалқиб чиқмоқда. Улардан бири билан танишиб, нуроталик зиёлиларнинг ишларидан ўрнак олиш лозим, деган хулосага келдик.
Гап шундаки, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нурота тумани кенгаши томонидан ўз тарихини ўрганиш анча йиллар олдин бошланган. Изланишлар натижасида 1934 йилдан кейинги даврларда туман халқ таълими тизимида касаба уюшмаси раиси бўлиб ишлаган инсонларнинг исм-шарифлари ва фаолияти ҳақидаги маълумотлар тўпланган.
Ҳозир нуроталик зиёлилар қўлида 90 йиллик тарихга оид маълумот ва расмлар бор. Қувонарлиси, уларнинг барчаси туман кенгаши биносига кўргазма қилиб қўйилган.
Унда келтирилишича, 1934 йилдан бугунги кунгача қуйидаги инсонлар туман халқ таълими тизимида ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бош-қош бўлишган:
1934-1938 йилларда — Ҳадия Юсупова;
1939-1940 йилларда — Ислом Носирхўжаев;
1941-1945 йилларда — Ислом Бобохўжаев;
1946-1950 йилларда — Фазлиддин Баҳромов;
1951-1958 йилларда —Жабборжон Юсупов;
1959-1972 йилларда — Нарзулло Луқмонов;
1973-1985 йилларда — Маҳмуд Юсупов;
1986-1989 йилларда — Шодигул Файзиева;
1989-1999 йилларда — Акбар Суннатиллаев.
1999 йилдан ҳозирги кунгача Қаҳҳор Раҳмонов Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нурота тумани кенгаши раиси бўлиб ишлаб келмоқда. Биз ушбу маълумотлар қандай тўпланганига қизиқиб, у билан боғландик.
— Йигирма олти йилдирки туман педагогларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилиб келяпман, — дейди Қ. Раҳмонов. — Кенгашимиз тарихи мени ҳамиша қизиқтирган. Шу боис, ўн йилдирки, изланишдаман. Бунинг учун кекса устозлар билан суҳбатлашдик, мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги архивлардан маълумотлар қидирдик. 2021 йилда нуроталик Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Рустам Аҳмедов билан «Илк мактаб тарихи» номли китоб чоп этдик. Уни нашрга тайёрлаш жараёнида шу пайтгача бизга номаълум бўлган айрим маълумотларни ҳам қўлга киритдик.
Масалан, 1934 йилдан 1938 йилгача Халқ таълими бўлими касаба уюшмаси раиси бўлган Ҳадия Юсупова кейинчалик Самарқанд вилояти касаба уюшмаси кенгашида ҳам ишлагани маълум бўлди. У асли бухоролик бўлиб, Нуротага келин бўлиб тушган. Аёллар кўчага чиқиши, юз очиши мумкин бўлмаган замонда ўз уйида қизлар мактабини очиб, уларга савод бериш борасида катта жасорат кўрсатган. Албатта, унга бу ишда маориф шуъбаси раҳбарлари ҳамда фаол маҳалладошлари ёрдам беришган.
Бундан ташқари, Ҳадия Юсупова 1926 йилда «Қўрғон» маҳалласида яна битта қизлар мактабини очиб, унда ўзи дарс беради. 1928 йил кечки мактаби қошида хотин-қизлар клубини ташкил этади.
Ҳадия Юсупова 1932 йили Бухородаги хотин-қизлар мактабига мудир бўлади. 1938 йилда Самарқандга келиб, турли мактабларда дарс беради, директорлик қилади. Меҳнатлари кўплаб орден ва медалларга муносиб кўрилади. Жумладан, 1944 йилда республикада биринчилардан бўлиб «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи» фахрий унвонини олган. Бу шижоатли аёл хотираси бугун халқимиз ёдида. У яшаган «Достон» маҳалласидаги уй деворида Ҳадия Юсупованинг номига хотира сифатида мармарга ўйиб ёзилган лавҳа бор.
Ҳа, тарихни, архивларни ўрганиш кечаги ишлар билан танишиш имконини берибгина қолмасдан, касаба уюшмалари тизимида ишлаган жонкуярлар ва фидойиларни ҳам кашф этмоқда. Уларнинг намунали ҳаёт йўли бугунги соҳа ходимлари учун ҳам шамчироқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас.
Зебо НАМОЗОВА
«ISHONCH»
Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0