Аҳоли кўприк бузилиб кетишидан хавотирда
Қарши тумани Чароғул маҳалласидан туман маркази Бешкент шаҳрига чиқувчи автомобиль йўлининг икки томонини боғлаб турувчи иккита кўприкнинг таянч устунлари ва плиталарида хавфли ёриқлар пайдо бўлиб, чўккан.
– Бу кўприклар шундай ҳолатга келиб қолганига йигирма йиллар бўлди, – дейди чароғуллик Ғолибжон Раҳмонов. – Шаҳарга чиқадиган энг яқин йўлимиз шу. Човқин ва Нишон орқали айланиб борсак, 20-25 километр узоқ масофа босишимизга тўғри келади.
Йўлнинг ҳам маълум қисми ўйдим-чуқур, яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Ёшим 53 да. Эсимни танибманки, бу йўл таъмирланмаган. Фақат ўзимиз пул йиғиб, бир-икки марта чуқурларни тўлдириб чиққанмиз.
Маҳалла аҳолисини хавотирга қўяётган абгор кўприклар ўтган асрнинг 70 йиллари бошида қурилган. Кейинчалик қатновнинг кўпайгани, оғир техникаларнинг ўтиши сабаб таянч устунлари зарар кўрган. Масуъллар эса бундан хабари борлигини, аҳоли ҳам кўп бора мурожаат қилганини, аммо маблағлар Автомобил йўллари қўмитасидан ажратилиши, бунинг учун эса туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан лойиҳа-смета ишлари тайёрланиб, қўмитага таклиф берилганини таъкидлади.
– Ҳақиқатда, плиталар эски, муддатини ўтаб бўлган. Мазкур кўприклар 2026 йилнинг 2-3 чоракларида таъмирланади. Келгуси йил бошида эса Чароғул-Бешкент автомобил йўлининг энг ёмон ҳолатга келиб қолган 3 километр қисми кесиб олиниб, асфальт қопламаси ётқизилади. Бу лойиҳа тасдиқланган, – дейди туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси бош муҳандиси Наврўз Бердиев.
Берилган ваъдалар исботини топиши керак бўлган кунлар ҳам келади. Ўшанда “Ishonch.uz” мавзуга яна қайтади.
Баҳодир ҲАЛИМОВ,
“Ishonch.uz”




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0