Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 736.48-21.17

  • EUR

    14 193.53-74.63

  • RUB

    137.60-0.45

+11C

+11C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+11c

  • Hozir

    +11 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Juma, 27-September

+11C

  • Hozir

    +11 C

  • Juma, 27

    +11 +20

  • Shanba, 28

    +11 +20

  • Yakshanba, 29

    +12 +20

  • Dushanba, 30

    +12 +20

  • Seshanba, 01

    +16 +20

  • Chorshanba, 02

    +12 +20

  • Payshanba, 03

    +13 +20

  • Juma, 04

    null +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Ҳаракат ҳам яхши ниятга ярашами?.. Ёхуд Андижон вилояти таълим тизимидаги муаммоларга бир назар

Ёзнинг сўнгги кунларида юртимиз бўйлаб ўтказилган навбатдаги Устозлар миллий форумида андижонлик ўқитувчи ва мураббийлар ҳам фаол қатнашдилар. Машваратларда янги ўқув йилига мўлжалланган режалар пишитилди, амалга оширилажак ишлар юзасидан фикрлар алмашилди. Таълим сифатини кўтаришга хизмат қиладиган муҳим таклиф ва тавсияларнинг бирортаси ҳам муҳокамадан четда қолмади.
Жамият
338 11:24 | 24.09.2024 11:24

Шубҳасиз, тизимдаги бугунги ҳолат фақат мутасаддилар ва устозларни ўйлантираётгани йўқ. Уч-тўрт нафар зиёлининг боши қовушган давраларда ҳам суҳбат мавзуси ўқувчиларнинг билим даражасига тақалиб, битирувчиларнинг тест синовларида олган баҳоларига боғлиқ умумий натижа мақтанишга арзигулик эмаслиги афсус-ла тилга олинаётир.


Вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов эса йиғинлардаги ҳар икки гапининг бирида соҳа масъулларига: «Вазият яхшиланиши учун нима қилиб берай? Муаммоларни айтинглар!» дея мурожаат қилаётир. Шу йил кўкламда Пахтаобод туманидаги 45-мактаб ўқитувчилари ва юқори синф ўқувчилари билан бўлган мулоқотда эса жамоа учун Самарқанд ва Бухоро шаҳрига саёҳат ташкиллаштириб беришни илтимос қилган ўқитувчига битирувчиларининг 70 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кирган куни устозларнинг барчасини Туркияга юборишга ваъда берди ҳатто.


Соҳага беэътибор бўлмаганларнинг куюнишлари бежиз эмас, албатта. Ёшлар олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида тўплаётган балларнинг умумий кўрсаткичлари ҳудудлар кесимида таққосланганда, Андижон вилояти бир неча йиллардан буён қуйи поғоналарни банд этиб келяпти. Масалан, жорий йилда 59 минг 951 нафар андижонлик абитуриентнинг 51,4 фоизи ўтиш балининг энг қуйи чегараси бўлган 56,7 баллни ҳам тўплай олмади. Бу уларнинг 30 минг 796 нафари фанларни «2» баҳога ҳам билмайди, деганидир. Давомини суриштирсангиз, аввалги йиллардаги аҳвол ҳам охирги натижалардан беҳроқ эмас. Ана энди умумий вазият нақадар жиддий эканлигини ҳис этаётгандирсиз.


Айни жиҳатлардан келиб чиқиб, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси янги ўқув йилида кўрсаткичларни кўтаришга астойдил бел боғлади. Янги Андижон шаҳарчасида барпо этилган янги мактаб очилиши муносабати билан вилоят раҳбарияти, таълим мутасаддилари, юзлаб мактаб директорлари жам бўлган катта даврада юқоридаги ният-режаларнинг айримлари тилга кўчди. Жумладан, навқирон директорлардан бири 2025 йилда битирувчиларнинг ўқишга кириш кўрсаткичлари борасида вилоятимизни республика ҳудудлари кесимида энг яхши бешталикка олиб чиқамиз, дея барча устозлар номидан ваъда берди.


Ният яхши, аммо унга эришиш учун асос бўладиган бирор дастур-режа борми? Салоҳият-чи? Маълум қилинишича, ўқитувчиларнинг сифат таркибини яхшилаш таълим бошқармасининг доимий диққат марказида бўлади. Чунончи, устозларнинг малака тоифасини кўтариш масаласи кун тартибидан тушмайди. Замонавий методикалар изчил қўлланилади. Ва ниҳоят, йил давомида юқори синф ўқувчилари ўртасида мунтазам равишда репетицион тест синовлари ўтказилиб, уларнинг билим ва кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.


Икки авлод ўқитувчилари ўртасидаги мунозаралар


Дарвоқе, таълим сифатини ошириш бугун барчанинг эзгу мақсади. Бироқ унга элтувчи йўл хусусида сўз очилганда, устоз-мураббийлар икки тоифага ажралиб қолмоқда. Хусусан, ёш ўқитувчиларнинг кўпчилиги тайинли натижага эришишда яхши шарт-шароитларнинг ўрни беқиёс, яъни замонавий компьютер синфлари, электрон доска ва шу каби бошқа имкониятлар мавжудлиги дарслар сифати ва самарадорлигини оширишда ҳал қилувчи омиллардан бири саналади, деган фикрда.


Тизимда 25-30 йилдан буён ишлаб келаётган устозлар фикрича, замонавий шароит бирламчи аҳамиятга эга эмас, муҳими, синф хонасида парта, стул, доска, бўр бўлса, кифоя. Болани дарсга қизиқтириш эса ўқитувчининг билими, маҳорати ва меҳрига боғлиқ. Шунингдек, бу муаллимларнинг аксарияти педагогнинг ҳар бир дарс олдидан конспект ёзиб, машғулотга тайёргарлик кўриш тартиби амалиётдан чиқиб кетгани уларни дангаса қилиб қўйганини таъкидлашади. Қолаверса, ўқувчининг билимини баҳолашда кундалик дафтар ўрнига электрон платформадан фойдаланилаётганини ҳам кўп-да маъқуллайверишмайди.


Фикр-хулосалари қандайлигидан қатъи назар, катта ва кичик мураббийларнинг ўй-қарашлари, мақсад ва услублари бир нуқтада кесишади. У ҳам бўлса, миллий қадриятларимизга боғлиқ. Шундай экан, яшириб нима ҳам қилдик, кейинги йилларда халқ таълими тажриба майдонига айланиб қолди. Унга ўқитишнинг турли хорижий услублари кириб келди. Аввалига Финляндия тажрибасини байроқ қилдик, энди Сингапур таълим муассасаларига хос услубларга эътибор қаратилмоқда. Кимлардир Британия тизими маъқул, деган фикрни ҳам илгари сурмоқда. Яна бир гуруҳ дунё кўрган мутахассислар эса «Ўқитишда японларга тенг келадигани йўқ, улардан ўргансак, яхши бўлади», дейишмоқда.


Майли, таълим тизимида қанақа яхши тажрибалар бўлса, барчасини ўзлаштирайлик, болаларга ўзга мамлакатлардагидек билим ва кўникма берайлик, илло, бошқа жиҳатларини, жумладан, барча урф-одатлари ва қадриятларини яқинлаштирмайлик.


Шундан бўлса керак, яқинда ўтказилган миллий форум доирасида 2024-2025 ўқув йили Андижонда «Ўқувчи-ёшларга миллий қадриятлар руҳида замонавий таълим бериш йили» деб эълон қилинди.


Гап миллат болаларининг билимдонлиги ва саводхонлиги хусусида борар экан, кўп йиллик тажрибага эга устозлар Андижонда ўқувчилар аниқ ва гуманитар фанларни яхши ўзлаштиришлари учун, аввало, уларнинг билим ва кўникмаларини, дарс ўтишнинг илғор усулларидан хабардорлиги даражасини ошириш бош масала бўлиши керак, деган фикрни бот-бот уқтиришади. Чиндан-да шундай. Эътибор берган бўлсангиз, бугун юқори синф ўқувчилари ҳамда кейинги икки-уч йил ичида мактабни битирган ёшлар орасида хорижий тилларни ўрганиб, махсус сертификатни қўлга киритганлари кўпаймоқда. Бу қувончли ҳол, албатта. Бироқ инглиз ёки немис тилини яхши ўзлаштирган йигит-қизлардан кўпчилигининг адабиёт, тарих, математика, кимё, физика каби фанлар бўйича билимлари қониқарли эмас.


Ҳолбуки, бугунги ўқувчи хорижий тилда яхши гаплаша олгани билан асосий фанларни билмаса, эртага бирор касб бўйича яхши мутахассис бўлолмайди. Юрт учун эса моҳир шифокорлар, профессионал дастурчилар, замонавий муҳандислар, сирасини айтганда, барча йўналишларда ўз касбининг фидойиси ва билимдони бўлган ёш кадрлар суву ҳаводек зарур. Шу боис янги ўқув йилида Андижонда ҳам «STEM» таълим тизимига хос тажрибаларни амалиётга татбиқ этишга эътибор қаратила бошланди. Бу технология, муҳандислик, математика каби фанларни яхлит тарзда ўқитишда қўл келмоқда.


Натижалар биринчи раҳбарларга нечоғлиқ боғлиқ?


Ҳар қандай соҳа ёки ташкилотнинг нуфузи ва даражаси, аввало, раҳбарларнинг дунёқараши ва савиясидан келиб чиқиб шаклланади. Модомики шундай экан, кейинги йилларда Андижонда халқ таълими тизимида юзага келаётган салбий кўрсаткичлар бевосита бошқарма бошлиғининг, қолаверса, қуйи раҳбарларнинг иш тутумига тўғридан-тўғри боғлиқ десак, биров ёқамиздан олмаса керак. Ахир мамлакатда таълим дастурлари битта, пойтахтдаги ва энг чекка қишлоқдаги мактабда ҳам дарсликлар бир хил, аммо умумий натижалар ўзаро кескин фарқ қилади. Нега энди Андижон вилоятидаги самарадорликни олис Бухоронинг ёки шундоққина қўшни Фарғона вилоятининг кўрсаткичлари билан тенглаштириб бўлмайди? Демак, натижа барибир тизимни ҳаракатга келтирадиган шахсларга, хусусан, масъулларга боғлиқ бўлиб қолмаяптими?


Суяги айни соҳада қотган, жонкуяр ва бой тажрибага эга муаллимлар билан мулоқотлар чоғи «Кейинги ўн йилда мактабимизга қадам қўйган бошқарма бошлиқлари ва халқ таълими бўлими мудирлари орасида дарсларнинг сифати ҳақида сўз юритганини деярли кўрмадик» мазмунидаги гаплар қулоққа тез-тез чалиняпти. Зеро, билим масканига келган амалдорлар асосий эътиборни ободончилик ишларига, бинонинг ташқи қисми, йўлак ёки хоналарнинг турли шиорлар билан безатилишига қаратишади.


Яна бир фикр. Сўнгги 15 йил мобайнида вилоятда таълим бошқармаси бошлиғи етти марта алмашди. Директорлар билан бўлган очиқ йиғилишларнинг кўпчилигида мен ҳам хизмат юзасидан қатнашганман. Кузатишимча, бу раҳбарлардан аксариятининг мактаб етакчилари ва ўринбосарлари билан учрашувлари зиёли инсоннинг мулоқотига мутлақо ўхшамайди. Қуйи тизимдагилар билан юракдан, ҳурматини жойига қўйиб гаплашиш йўқ. Нуқул дўқ-пўписа, бақир-чақир. Бири директорни «шакал» деб сўкадими-ей, бошқаси танбеҳ бераётган одамига кўрсаткич бармоғини бигиз қилиб, кўзига тиқиб олгудай бўладими-ей?!


Бу гапларимда заррача муболаға йўқ, ишонинг. Бошқармага сўнгги пайтларда раҳбар этиб тайинланган ва инсонга инсондай муомала қилишга интилаётган кишиларнинг фаолияти эса бир йилга ҳам бориб-бормаётир. Энг ачинарлиси ва хатарлиси шуки, таълим соҳасининг иш тутуми «қўрқитиш сиёсати»га асосланган раҳбарлари давридаги бундай муносабат аста-секин мактабларга ҳам кириб бориши ва оддий ҳолга айланиб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Ҳозирданоқ сезаяпмизки, директорларнинг кўпчилиги ўқитувчилар билан қўпол муомалада бўлишга ўрганиб қолишмоқда. Чункиигна қаёққа юрса, ип ҳам шу ёққа юради-да. Қадрини билган педагог эса устозлар ҳурмати жойига қўйилмайдиган муҳитдан ўзини четга олади.


Бир синалган тажриба етти китобдан афзал


Адолат юзасидан айтиш керак, ҳар қандай раҳбар фаолиятининг ҳам яхши жиҳатлари бўлади. Бироқ кейинги вақтларда янги тайинланган бошлиқ ўзидан аввалги етакчининг барчага бирдай маъқул бўлган тажрибасини негадир давом эттиргиси келмайди. Мисол учун, бундан тўрт йилча бурун Халқ таълими бошқармасига Азизбек Миркомилов раҳбарлик қилган кезларда вилоятдаги мактаб ўқувчилари ўртасида андижонлик таниқли олимлар номига олимпиадалар ташкил этиш анъанавий йўлга қўйилганди. Жумладан, физика-математика фанлари доктори, академик Сирожиддин Зайнобиддинов, Ўзбекистон Қаҳрамони, кимё фани бўйича ўқув дарсликлари муаллифи Камолиддин Ғопиров, кимё фанлари доктори, профессор Иброҳимжон Асқаров шарафига, шунингдек, марҳум академик Тошмуҳаммад Саримсоқов хотирасига бағишланган фан олимпиадалари талай ёшларда қизиқиш уйғотганди. Беллашувлар ғолиблари ва фаол қатнашчиларининг пул мукофотлари билан тақдирланиши ўз йўлига, аммо билимлар баҳси якунида ўша устозлар иштирокида очиқ дарслар ўтказилиши ўқитувчиларга ҳам ўз устида ишлашлари учун рағбат бераётганди. Ажабки, Азизбек Миркомиловдан кейинги бошқарма бошлиғи даврида ўша яхши анъана унутилди. Аслида бу янглиғ тадбирлар изчил давом эттирилса, бора-бора таълим сифатини оширишга хизмат қилиши аниқ эди. Бинобарин, «Бир синалган тажриба етти китобдан афзал» деган нақл бежиз яратилмаган.


Ҳар кимнинг иши эмас улоқ уламоқ...


Бизнингча, вилоятда шаклланган ғалати бир таомил ҳам муайян маънода таълим тизимида сусткашлик юзага келишига сабабчи бўлмоқда. Айтайлик, қайсидир туман ҳокими ишдан олинса кўп ҳолларда бу вазифани вақтинча бажариш ўринбосарлардан бирининг эмас, балки вилоят миқёсидаги бирор ташкилот раҳбари зиммасига юклатилади. Бу жараёндан таълим бошқармаси ҳам бегона эмас. Чунончи, 2019 йилда Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Фурқат Бузруков маълум муддат бир вақтнинг ўзида ҳам ўз ташкилотига, ҳам туман ҳокимлигига масъул бўлганини жамоатчилик яхши билади.


Ёки дейлик, 2024 йил 6 сентябрда вилоят ҳокимининг иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий ва энергетика соҳаси объектлари, маҳаллалардаги якка тартибдаги ҳамда кўп квартирали уй-жой фондини 2024-2025 йиллардаги куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш, аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар бўйича долзарб муаммоларни ҳал этиш ишларини кучайтиришга доир фармойиши эълон қилинди. Унга кўра, ўнлаб ташкилотлар раҳбарлари қатори вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ўткир Шукуров ҳам вилоят ишчи гуруҳи таркибига киритилди ва Хўжаобод туманига бириктирилди. Аниқроғи, ҳозир у ишчи гуруҳнинг бошқа аъзолари каби юқорида тилга олинган ҳужжатда қайд этилган етти банддан иборат вазифаларни бажаришга масъул. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, то кўкламгача бошқарма бошлиғининг бир оёғи Хўжаободда бўлса, таълим етакчиси сифатида тизимни қай даражада назорат қила олади? Эплайди ҳам дейлик, ишида сифат бўладими?


Афсус, бундай ҳолатлар мактабларда ҳам турли кўринишларда кўзга ташланмоқда. Масалан, шу йил баҳорда вилоятда оилаларда асаларичилик, паррандачилик, қўзиқорин етиштириш каби қўшимча даромад йўналишларини кучайтириш юмушлари кун тартибига қўйилди. Масалани нотўғри тушуниш ва талқин қилиш оқибатида ушбу ташаббуснинг бир учи мактабларга ҳам кириб келди. Директорларнинг аксарияти топшириқни бажармай, раҳбарлар ғазабига учрамаслик учун мактаб ҳудудида қўзиқорин етиштириш ёки асалари боқишни йўлга қўйиш тараддудига тушишди. Ҳатто қуён катагига маблағ тополмай, унинг сарфини ўқитувчиларга тақсимлашга мажбур бўлган директорлардан бирининг ижтимоий тармоқдаги ёзишмалари тарқаб, жиддий муҳокамаларга сабаб бўлди.


Бу иддаоларда заррача муболаға йўқ. Шундан бўлса керак, бундан 4-5 ой муқаддам Андижон туманидаги 45-мактабда қўзиқорин етиштирилаётгани ҳақидаги хабар маҳаллий ҳокимликнинг ижтимоий тармоқдаги расмий каналида ҳам эълон қилинди.


Вилоят таълим тизимида ва унинг теварагида рўй бераётган воқеаларга назар ташлаш асноси хаёлимизда қуйидаги саволлар чарх ура бошлади: хўш, биз ҳар қайси соҳадаги ўзгаришлар ҳар ким ўз вазифасини рисоладагидек бажарган тақдирдагина рўй беришини қачон теран англаб етамиз? Умуман олганда, Андижонни энг яхши бешта ҳудуд қаторига олиб чиқса бўладими?


Албатта, бўлади! Бунинг учун бошқарма раҳбарияти ҳам, қуйи бўғин етакчилари ҳам бошқа масалаларни четга суриб, фақатгина тизимдаги сифат учун курашишлари керак, тамом-вассалом!



Нурилло НЎЪМОНОВ
«ISHONCH»



Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 2050 16:57 | 05.08.2023