Унутилган қаҳрамон ҳикояси
Қариялар уйи… Ҳаёт йўлларининг сўнгги бекати. Манзиллар бир-у, ҳикоялар айрича. Унда қанчадан-қанча синиқ қалблар, эски ҳикоялар, янги умидлар мужассам. Турфа хил тақдирлар ва амалга ошмаган орзулар уларни бирлаштирган. Ҳикоялар эса жуда қизиқ. Навқирон ёшлик, муҳаббат, дўстлик, дунё синовлари, турмуш ташвишлари ҳақида сўзлайди.
Бугунги ҳикоямиз салкам бир асрни қаршилаётган Барно буви Ҳамидова тилидан бўлди. (Исми шарифи ўзгартирилган)
“Ҳаёт инсонни ҳар кўйга солар, кутилмаганда турли синовлар билан сийлар экан. Бироқ инсонда ҳамиша умид деган туйғу бўлади. Қариялар уйидаги барча кексалар ҳар тонг ана ўша умид туйғуси билан уйғонади. Деразага термулиб, “бугун болам келиб қолармикан, балки, набирамниям олиб келар?!” деган умид уларни асло тарк этмайди. Ким ўйлабди дейсиз, кексалик гаштини қариялар уйида фарзандаримдан йироқда, набиралар қувончидан айро ўтказаман деб. Наилож, тақдир тақозоси билан бугун мана шу ердаман. Ўзим олий маълумотли ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлганман. Узоқ йиллар мобайнида мактабда дарс бердим. Кўплаб шогирдлар чиқардим. Улар ҳалигача мендан тез-тез хабар олиб туришади, ҳаттоки, мени уйига олиб кетмоқчи бўлганлариям бўлди.
Кўнармидим?…Ўз фарзанди бўла туриб ҳам бошқаларникида яшаб юрибди, демасин, деб, таклифларни рад этдим. Болалигим уруш йилларига тўғри келди. Кўп қийинчиликлар, очарчилигу йўқотишларни ҳам кўрдим. Ўша йилларда акам қизамиқдан ўлди. Мен ва икки синглимни ёлғиз онам катта қилди, ўқитди. Кейин турмушга чиқдим, аммо фарзандсизлик туфайли биринчи турмушим ўхшамади. Орадан анча йиллар ўтди, яна турмуш қурдим. Фарзандли бўлдик, ҳаётимга маъно кира бошлади. Бахтнинг кўринишини фарзандим мисолида кўрар эдим. Турмуш ўртоғим ҳам зиёли, катта ҳарфларда исми ёзиладиган инсон эдилар. Ҳаётимнинг энг қувончли ва бахтли онларини шубҳасиз, шу йилларда яшаган бўлсам керак. Бироқ ҳаёт ҳамиша бир маромда давом этмас экан. Унинг пасту, баландликлари, синов ва машаққатлари ҳам бўларкан. Ёлғиз ўғлимиз бирпасда улғайди, уни ҳеч кимдан кам қилмай вояга етказдик.
Олий маълумотли қилдик. Сўнгра яхши ниятлар билан тўй қилдик. Шу орада турмуш ўртоғим оламдан ўтдилар. Наилож, ҳаёт давом этаверди. Аммо кундан-кунга келинимнинг янги “одатлар”и чиқаверди. Устига-устак, соғлиғимда ҳам муоммолар юзага келгач, ёрдамга муҳтож бўлиб қолдим. Бу вақт оралиғида келиним кўпгина “ҳунар”ларини кўрсатди. Охир-оқибат очиқчасига мен сизга қарай олмайман, деди. Ўғлим куни билан ишда, уйдаги келишмовчиликлардан хабарсиз эди. Қариялар уйи ҳақида эшитгач ҳужжатларимни тўғирлаб бу ерга келиш ҳақида ўғлимга айтганимда, даставвал у кўнмади. Бироқ келинимнинг дийдиёларидан қутулай дедими, у ҳам рози бўлиб қўяқолди.
Шу тариқа қариялар уйига келиб қолдим. Яқинда ўн тўрт йил тўларкан. Бу йиллар ичида қанчадан-қанча муштипар онаизорларни кўрдим, фарзандларининг дийдорига зор бўлиб ўтиб кетган нуроний отахонларни кўрдим.
Кексалар уйида ҳамма шароит бор. Ҳаттоки бу ердаги шароитлар баъзи бир оилаларда бўлмаслиги мумкин. Тиббий ёрдам, психологлар хизмати, ҳунармандчилик, тўқувчилик, тикувчилик тўгараклари, спорт машғулотлари учун жиҳозлар — барчаси ҳомийлар томонидан таъминланган. Лекин, кексалар қалбининг туб-тубида бир ўтинч, мунгли бир нидо бор. Бу нидони бошидан ўтказмаган киши тушунмас. Кемтик қалбларга биргина фарзандларининг меҳри ва эътибори етишмайди холос”.
Барно бувининг сўзларини тинглаб, наҳотки оқ ювиб, оқ тараган, киймай кийдириб, емай едирган, бугун эса тўридан гўри яқин бўлиб қолган онаизорга кўрсатилган эҳтиром шу бўлдими, деган ўйлар ўтди.
Биргина “Қариялар уйи” жумласини ўзгартиришнинг ўзи масалага ечим бўлмаётгани, аксинча, кексалар уйлари сони кундан-кунга кўпаяётгани ачинарли ҳолатдир. Ўз фарзанди бўла туриб ҳам қариялар уйида яшаш миллатимизга, қадриятларимизга ёт тушунча бўлиши керак эмасмиди?
Юқоридаги каби “меҳрибон келин”ларга эса айтар сўзимиз битта: “Қайтар дунё —қайтади”.
Машҳура ЖЎРАҚУЛОВА,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0