Азалдан жавобсиз савол – ҳожатхона қаерда бор?
Меҳмонга бормаслигимиз, телевизор кўрмаслигимиз, суткалаб бирор нарса емаслигимиз мумкин. Лекин бир кунда бир неча марта ҳожатга чиқишимиз шарт, ҳатто овқатланмасак, сув ичмасак ҳам! Бу жараён ўз номи билан ҲОЖАТ, ҳар кимнинг ҳожати муқаррар тушади унга. Лекин ҳар доим ҳам уйда ёки ишхонада бўлмаймиз, шунда нима қиламиз?
Кўплаб муаммолар сингари жамоат ҳожатхоналари масаласида ҳам маълум бир нуқтага етиб келдик. Кўп марта ёзилган, айтилган, ҳатто юқори даражада қарорлар қабул қилинган, режалар тузилган бўлса-да, бу борада бирор ютуғимиз билан мақтана олмаймиз. Ўзбекистонда жамоат ҳожатхоналари даҳшатли даражада кам, улардан фойдаланиш маданияти қўрқинчли даражада паст!
Инсон умрини ўртача етмиш йил деб оладиган бўлсак, одамзод ўз ҳаётининг тахминан олти ойини ҳожатхонада ўтказади. Гаджетлар қўлдан тушмайдиган бугунги кунда айримларда бу муддат бир неча йилга етса ҳам ажабланмаслик керак. Бу жараён нафақат бир инсон учун, балки бутун жамият учун муҳим. “Бирор оила ҳақида тасаввурга эга бўлмоқчи бўлсанг, ҳожатхонасига кириб кўр” деб бекорга айтилмайди. Бу тизимнинг қандай ишлаши бир оила эмас, ташкилотлар, давлат муассасалари, кўнгилочар ва умумий овқатланиш масканлари ва умуман бутун бир мамлакат ҳақида ҳам етарлича хулоса чиқаришга асос бўлиши мумкин.
2018 йилга қадар бизда бу мавзу ҳақида расман бирор марта гапирилмаган. Гўёки муаммо йўқдек эди. Лекин одам организми фаолиятини тўхтатиб қўймади, эҳтиёж сақланиб, ошиб бораверди. Ўзбекистонда давлат бошқаруви янги қўлга ўтганидан сўнг кўп соҳалар сингари кўпчилик айтишга ҳам уялган, аслида ниҳоятда жиддий мавзу бўлган ҳожатхоналар масаласига ҳам тўхталинди.
2018 йил бошида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистонда ҳожатхона хизматини такомиллаштириш бўйича кескин ислоҳотлар ўтказилиши режалаштирилаётгани маълум қилинди. Ҳожатхоналар жуда камлиги тан олинди ва масала ечими юзасидан қатор чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ҳожатхона қуриб ишга туширганларга бир қанча солиқ имтиёзлари таклиф қилинди.
Шундан кейин ҳам йиллар ўтди.
Мана шу сатрларни ўқиётганлар ўз яшаб турган ҳудудлари мисолида бир ўйлаб кўрсинлар – қайси шаҳар ёки туман марказининг бирор кўчасида янги жамоат ҳожатхонаси қурилди ёки эскилари талаб даражасида таъмирланди? Ўзи жамоат ҳожатхонаси бормиди?
Ҳожатхоналар йўқлиги битта масала. Лекин танганинг иккинчи томони ҳам борки, у ҳақда гапирмасак бўлмас. Бизнинг ҳожатхоналардан фойдаланиш маданиятимиз ҳам ниҳоятда оғриқли, доимий тарғибот ва алоҳида тарбияни талаб қиладиган масала. Ҳар қандай тоза ҳожатхонани ҳам бирпасда расво қилиб ташлаймиз. Нима топсак ташлаймиз, чекамиз, носвой туфлаймиз, ўзимиздан кейин тозалаб чиқмаймиз.
Ҳозирча мақтанадиган жиҳатимиз битта – кесакдан ҳожатхона қоғозига ўта олдик холос!
Бу борада ислоҳотларга муҳтож эканмиз, қарс икки қўлдан чиқишини тушуниб етишимиз шарт.
Давлат:
1. Жамоат ҳожатхоналарининг стандартларини ишлаб чиқиши, ҳудудларга кўра тавсиялар бериши лозим:
2. Бундай ҳожатхоналарни ишга тушириш тадбиркорларга фойдали бўлиши учун барча ишларни амалга ошириш, жумладан – зарур майдонларни ажратиш, субсидиялар бериш, замонавий тежаш ва тозалаш технологияларини жорий қилганларга эса алоҳида имтиёзлар бериш зарур;
3. Ҳожатхоналарни лозим даражада сақлаб турганлар, мунтазам фаолиятини таъминлаганларга солиқлардан озод қилиш масаласини кўриб чиқиш керак;
4. Уятли ҳисобламасдан, жамоат жойларида, етакчи ОАВда ҳожатхоналар маданияти бўйича тарғиботни кучайтириш зарур.
Аҳоли ва тадбиркорлар:
1. Одамлар ҳожатхонадан фойдаланишнинг элементар маданиятини ўрганишлари шарт. Риоя қилмаган ҳолларида маъмурий жарималарга тайёр туришлари зарур;
2. Тадбиркорлар бу ҳам фойдали, ҳам савобли бизнес эканлигини англаб етишлари, ўз пулларини тикишга ўрганишлари мақсадга мувофиқ. Соҳада давлат қурилиш олиб бориши керак, деган тушунча иш бермайди. Чунки давлат яхши мулкдор бўла олмаслиги исботини топган, қолаверса, ҳар бир нуқта битта тадбиркорлик субъекти, камида иккита иш ўрни ярата олади;
3. Ҳар қандай дўкон, ҳар қандай идора эгалари ўз ҳожатхоналарини омма учун беркитмасликни ўрганишлари керак. Юқорида айтилганидек, бирламчи заруратга зарур шароитнинг бўлмаслиги, атроф-муҳит ва озодаликда хунук из қолдиради.
Фактлар:
* Антисанитар ҳолат, юқумли касалликлар туфайли йилига 1,5 миллионга яқин бола нобуд бўлади. Бу безгак, қизамиқ ва ОИТС каби касалликлар туфайли юз берадиган ўлимлар сонидан ҳам кўпроқ. Ҳолат ҳожатхоналар муаммосига узвий боғлиқ;
* Миллиарддан ортиқ одам ўз ҳожатини мунтазам равишда очиқ осмон остида чиқаради, яъни энг оддий ҳожатхонага ҳам эга эмас;
Албатта, эртагаёқ ҳамма тадбиркорнинг ҳожатхона қуришга киришиб кетиши ёки аксарият аҳолининг маданияти ошиб қолишига ишониш қийин. Аммо биз қачондир нимадандир бошлашимиз, хижолатли деб ташлаб қўйган муаммомиз устида енг шимариб ишлашимиз керак.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0