Пакетчали чойлар ҳақиқатдан зарарлими?
Чой пакетчалари бизнинг ҳаётимизга узоқ вақтдан бери кириб келади. Тан олиш керак, ундан фойдаланиш анчайин қулай. Бироқ, кенг оммалашганига қарамай, бундай чойни халқ орасида паст навли ва сифатсиз деган қарашлар бор. Ҳақиқатан ҳам шундайми? Умуман, биринчи чой пакетчалари қаерда ва қандай пайдо бўлган?
Тасодифий ихтиро
Пакетчали чойлар илк бор 1908 йилда АҚШда пайдо бўлган. Бу маҳсулот Томас Салливан исмли Ню-Йорклик чой савдогари томонидан тасодифан ихтиро қилинган. У ўз мижозларига чой намуналарини матодан тикилган кичик қопчалар ичида юборар эди. Мижозлар эса ушбу қопчаларни сувга солиб, чой дамлашни қулай деб топишарди. Шу тариқа чой кичик пакетларда сотила бошлади ва тез орада оммалашди. 1940 йилларда эса, пакетчали чойлар янада такомиллашиб, чой саноатида кенг ишлаб чиқарила бошланди. Пакетлар аввал матодан, кейинчалик фильтр қоғозидан тайёрлана бошланди. Бугунги кунга келиб, пакетчали чойлар бутун дунё бўйлаб машҳур ва қулай маҳсулотга айланган.
Чойларнинг турлари
Бугунги кунда бу чойлар кенг турдаги таъмлар билан таклиф этилади: мевали, зираворли, ўтли ва ҳатто шифобахш ўсимликлардан тайёрланган аралашмалар мавжуд. Аҳоли соғлом турмуш тарзига эътибор бераётгани сабабли, органик ва кимёвий ишлов берилмаган пакетчали чойлар оммалашиб бормоқда. Ҳозирда чой пакетлари қоғоз, ипак, ва табиий толалардан тайёрланади, бу эса пакетларнинг сувда зарарли модда чиқаришининг олдини олади. Европа ва Америка каби мамлакатларда пластик аралашмалари бўлган пакетлар ўрнига экологик хавфсиз пакетлардан фойдаланишга ўтиш жараёни кузатилмоқда.
Пакетчали чойлар инсон учун зарарлими?
Бундай чойлар инсон соғлиғига катта хавф туғдирмайди, аммо уларнинг зарарли жиҳатлари ҳам бор. Бу жиҳатлар кўпроқ пакет материали ва қўшимча ишлов бериш усулларига боғлиқ бўлиб, улар узоқ муддатда салбий таъсир кўрсатади. Баъзи пакетчали чойлар пластик аралашмалар қўшилган материаллардан тайёрланади, бу эса қайноқ сувда микропластиклар ажралиб чиқишига олиб келади. Узоқ муддатда микропластикларнинг организмда тўпланиши яллиғланиш ва бошқа муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Баъзи ишлаб чиқарувчилар чойнинг хушбўй ҳиди ёки таъмини яхшилаш учун кимёвий қўшимчалар қўшишади. Улар ҳаддан зиёд истеъмол қилинса, соғлиқ учун зарарли, айниқса узоқ муддат давомида истеъмол қилинса.