Давлат ўзи бермаган ҳаётни олишга ҳаққи йўқ – Одилжон Тожиев
Тошкентда 3 ёшли боланинг қотиллик қурбони бўлгани муҳокама майдонига ваҳший қотилликка қўл урганлар учун ўлим жазосини қайта тиклаш керакми ёки йўқ, деган саволни ўртага чиқарди.
Куни кеча ушбу мудҳиш воқеага муносабат билдирган “Миллий тикланиш” парияси раҳбари Алишер Қодиров, гарчи “ўлим жазосини қайта тиклаш керак” демаган бўлса-да, ўз муносабатида шу мазмунга шаъма қилувчи “яшашга ҳақи йўқ” иборасини бир неча бор ишлатди.
Бу эса ижтимоий фаол қатламнинг Ўзбекистонда ўлим жазосини қайта тиклаш қандай оқибатларга олиб келиши, судлар мустақиллиги каби масалаларда баҳс-мунозарага киришишига сабаб бўлди.
Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев сафдошининг кечаги иддаоси “ўлим жазосини тиклаш керак” дегандек гап эканлигини таъкидлайди ва “бир қарашда адолатли ва мақбул ечимдек кўринадиган ушбу таклифга мутлақо қўшилмаслиги”ни билдиради.
“Сабаби – аввало, ўлим жазоси эҳтимолий нохолис ўтказилган тергов ёки нотўғри чиқарилган ҳукм таъсирида жазоланган бегуноҳ инсоннинг ҳаёти бутунлай йўқотилишига олиб келиши мумкин.
Тарих тирик гувоҳ. Суд қарори қанчалик адолатли кўринмасин, йиллар ўтиб жиноятчи аслида умуман бошқа шахс бўлганлиги аниқланган кейслар жуда кўп. Мисол учун каннибал Чикатило: унинг қотиллиги деб бошқа инсон ўлим жазосига ҳукм қилинган.
Бундан ташқари, ўлим жазоси жиноятчилик даражасига таъсир кўрсатмайди.
Жиноятлардан тийиб турадиган самарали воситалардан бири жазонинг шафқатсизлигида эмас, муқаррарлигида намоён бўлади”, – деб ёзади у.
Қолаверса, депутат қотилга ўлим жазосини бериш ҳам аслида қотилликнинг бир кўриниши эканлигини айтади.
“Қотилга ўлим жазосини берсак, ўша ваҳший кимсадан фарқимиз қолмайди.
Давлат ўзи бермаган ҳаётни олишга ҳаққи йўқ, деб ўйлайман. Яшаш бу табиий ҳуқуқ! Ўлим жазосини тиклаш керак деганларга Конституция китобини совға қилиш керак”, – дейди Одилжон Тожиев.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0