Фаэтон сайёраси ҳақида эшитганмисиз?
Ҳозирги давр олимлари сирли шарлар тавсифидан ўзга маълумотларга эга эмас. Инчунин, аксарияти уларнинг физик хоссалари тўғрисида аниқ гап айтолмайди. Баъзилари эса бу жисмлар қаердан пайдо бўлаётгани ва нималардан далолат бериши хусусида ҳар хил фаразларни ўртага ташлашмоқда. Эзгу мақсадда муайян тушунчалар занжирини яратиб, мантиқий хулосалар чиқаришмоқда.
Ўз ўқи атрофида айланувчи соққалар
1966 йили АҚШ жанубидаги Арканзас штатида фавқулодда ҳодиса содир бўлди: кўпчиликнинг кўз ўнгида самодан ерга оқ рангли металл соққа келиб тушди. Орадан 10-12 ой ўтар-ўтмас, Мексикада ҳам худди шундай воқеа рўй берди. Етмишинчи йиллар ниҳояси ва тўқсонинчи йиллар арафасида эса Жанубий Африкадаги “Уондерстоун” конидаги қазишмалар чоғи ерости бойликларига қўшилиб, салкам 200 та ғаройиб жисм чиқди. Улар ниҳоятда қаттиқ сиқилган яхлит металдан ясалган бўлиб, бир оз ясси золдир шаклида эди. Диаметри 2,5 сантиметрдан 10 сантиметргача борарди. Сиртига юксак маҳорат ва нозик дид билан махсус нақш солингандек, ўзаро кесишмайдиган учта уйма чизиқли, кулранг-кўк рангли “белбоғ” акси туширилганди. Қаттиқ қопламасига пўлат тиш ҳам ботмасди. Соққалар ичида ҳаво билан аралашганда ўз-ўзидан буғланиб кетадиган сочилувчан ғалати кукун бор эди.
Тўғри, ташқи кўринишига қараб, бу ашёларнинг барчасини одамзод яратган дейиш мумкин эди. Бироқ мутахассислар “Уондерстоун” кони уч миллиард йил муқаддам вужудга келган, бағридан топилган металл жисмларни унга тенгдош ҳисобласа бўлади, деган хулоса чиқаришганди. Бундай вазиятда уларни инсон қўл меҳнатининг маҳсулига менгзаш мантиққа мутлақо тўғри келмасди. Чунки 3 миллиард йил бурун бу даражада юксак маҳорат билан иш юритадиган ақлли ва нозиктаъб инсонлар ҳали дунёга келмаганди.
Устига-устак, масалага илмий нуқтаи назардан ойдинлик киритишнинг ҳам иложи бўлмади. Чунки соққалар жуда “ўжар” чиқиб қолди. Таркиби бир нечта лабораторияда турли усулда такрор-такрор текширилса-да, одамзодни ўз сиридан воқиф этмади. Музейларда ноёб ёдгорлик сифатида сақланаётганларидан биттаси эса ҳаммани лол қолдирди. Гарчи ойнаванд қути ичида жимгина тургандек туюлса-да, пинҳоний куч таъсирида ўз ўқи атрофида бир томонлама ҳаракатланишга киришди. У бир марта тўлиқ айлангунча орадан, оз эмас-кўп эмас, роппа-роса 128 кун ўтди.
Шубҳасиз, бу ғаройиботлар катта шов-шувларга сабабчи бўлди. Газеталар саҳифалари минг бир хил тахмин-фаразлар билан тўлиб-тошди. Кимлардир бу золдирлар космосдан тушганини ёки уч миллиард йил аввал ўзга сайёраликлар томонидан олиб келинганини ва сеҳрли кучга эгалигини тахмин қилди. Баъзи башоратчилар “Улар бизнинг заминимизга келажакдан мозийга парвоз қилган вақт машинасида келтирилган. Кейин бу машина соҳиби ё ҳалок бўлган, ёки қайтар чоғи машинасининг айрим қисмлари қолиб кетган” қабилидаги мулоҳазаларни билдиришди. Айрим кишилар “Ушбу жисмлар аллақандай номаълум сайёрадан келиб тушган, ўша сайёра эса ўз орбитасини 128 кунда бир марта тўлиқ айланиб чиқади”, дея бонг урдилар. Таниқли геолог, Йоханнесбург дорилфунини профессори К.Ганс мазкур хулосаларни кескин рад этиб, маъқуллаш учун заррача асос йўқлигини уқтирди. Айни чоғда, ўзи ҳам бу мўъжизалар сабабини тушунтириб беролмаслигини рўй-рост тан олди. Бошқа олимлар эса анча йилча бурунги бир воқеани бот-бот эслайдиган бўлиб қолдилар.
Товушга таъсирчан золдир
Ўшанда 1974 йилнинг 27 марти эди. АҚШнинг Жоржия штатида яшовчи фермер Бетсовлар оиласи аъзолари далада деҳқончилик юмушлари билан шуғулланаётгандилар. Қўққисдан пайкаллардан бирида ёнғин чиқди. Улар ўтни ўчиришга шошилдилар. Лекин зум ўтмай кўнгиллари хотиржам тортди. Чунки ёнғин ўз-ўзидан сўнди. Бу ҳолатни табиатнинг оддий қонунига йўйиш мумкин. Зеро, ерга осмондан кичикроқ метеорит тушса, шунақа бўлади: ўша ерда олов лов этади-ю, шу заҳотиёқ ўчади.
Эртаси куни эрталаб фермернинг ўсмир ўғли ёнғин жойида катталиги коптокдек, усти ялтироқ, вазни анча салмоқли темир соққани кўриб қолди. Азбаройи қизиқиши зўрлигидан, уни амал-тақал қилиб уйга олиб келди. Лекин хонадон эгалари золдирга деярли эътибор беришмади. Эрта-индин нималар рўй беришидан бехабар ҳолда уни кенг залдаги каравот остига думалатиб қўя қолишди.
Ҳафта-ўн кун ўтгач, бояги болакай хонадаги фортепиано олдига ўтириб, мусиқа чалишга чоғланди. Шунда ҳеч кимнинг хаёлига келмаган ақл бовар қилмас ҳодиса кузатилди. Куй янграши биланоқ, устини чанг боса бошлаган соққа бирданига “жонланди”. Тақир-туқир қилиб, каравот тагидан чиқди-да, бамисоли жазаваси қўзиб рақсга тушаётгандек, дикир-дикир сакраб ва ҳали у ёнга-ҳали бу ёнга силжиб, бетартиб ҳаракатланаверди. Бу “текин томоша”ни кўриб, болакай-ку болакай, катталар ҳам тош қотди...
Лаборатория текширувида ўйинчи соққа ўта мустаҳкам номаълум металлдан ясалгани, диаметри 20 сантиметр, оғирлиги 9 килограмм эканлиги маълум бўлди. Унинг сип-силлиқ ва ялтироқ сиртида фақатгина учбурчак шаклли чизиқлар бўртиб турарди. Соққа рентген нурлари воситасида тадқиқ этилганида, ичида бир талай майда золдирлар борлиги аёнлашади. Энг қизиғи, соққа товушга ўта таъсирчан эди. Хоҳ майин оҳангли куй янграсин, хоҳ қаттиқ шовқин-сурон эшитилсин, у дарҳол ўз-ўзидан ҳаракатга келар, ниманидир излаётгандай, ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қиларди. Қия жойлардан тепага ҳам бемалол ғилдираб чиқа оларди.
Табиийки, эшикдан қувилса, тешикдан кириб келадиган тиниб-тинчимас журналистлар бу фавқулодда янгилик ҳақида бутун оламга жар солиб, олимларни ҳар хил саволларга кўмиб ташладилар. Афсус, улардан жўяли жавоб ололмадилар.
Экскаваторчининг ноёб топилмаси
Ғарбий украиналик бир экскаваторчи 1975 йили ер ковлаётганида тупроққа қўшилиб чиққан тухумсимон нарсага кўзи тушди. Аввалига уни ковш билан уриб, майдалаб ташламоқчи бўлди. Ҳарчанд уринмасин, бу ишнинг уддасидан чиқа олмади. Шу боис уни маълум муддат уйида сақлади, кейинчалик маҳаллий музей директорининг ўғлига тортиқ қилиб юборди. Бу йигит эса янги топилмани отасига кўрсатиб, суюнчи олди.
Шундай қилиб, номаълум жисм олимлар қўлига бориб тушди. Унинг ўлчами 85х88 миллиметр бўлиб, қорамтир шишага ўхшаш қаттиқ материалдан тайёрланганди. Олимлар ҳар хил миш-мишларнинг олдини олиш ниятида бу сафар тадқиқот ишларини ими-жимида олиб боришди. Фақат 1991 йилга келгандагина Ю.Морозов “Қадимий астронавтлар излари” сарлавҳали мақоласи орқали кенг жамоатчиликни тухумсимон сирли нарса топилганидан хабардор қилди. И.Петровская, Д.Меньков, В.Фоменко сингари олимлар узлуксиз ва машаққатли изланишлари якунида унинг ёши тахминан 10 миллион йилга тенг деган тўхтамга келишди. Атроф-муҳит узоқ вақт таъсир кўрсатиши туфайли топилма сиртини қоплаган қатламларни ишқорлар билан ювиб ўрганиш асноси аниқланган маълумотлар шундай хулоса чиқариш учун дастак вазифасини ўтади.
Рентген нурлари орқали текширишлар соққа ичида ўзига хос шакл-шамойилли ядро мавжудлигини кўрсатди. Тадқиқотчилар оғирлик маркази назариясига таяниб, унинг зичлигини аниқламоқчи бўлдилар. Таҳлил натижалари уларни аввалгидан баттар таажжубга солди. Негаки, ядронинг зичлиги ҳайратомуз даражада юқори эди. Шунга кўра, олимлар “Эҳтимол, бу соққа антизарралардан иборат материянинг ўзига хос бебаҳо намунасидир?” деган саволни ўртага ташлашди. Лекин жавоб топишга улгуришмади. Чунки соққанинг ноёблигидан огоҳ топган экскаваторчи уни қайтариб беришларини талаб қилиб туриб олди. Алқисса, тадқиқотлар тўхтаб қолди. Вақт ўтиши билан соққа топилган жойдаги излар ҳам ўз-ўзидан йўқолди.
Ҳалокатга йўлиққан сайёра
Бугунги замон олимлари сирли шарлар тавсифидан ўзга маълумотларга эга эмас. Инчунин, аксарияти уларнинг физик хоссалари тўғрисида аниқ гап айтолмайди. Баъзилари эса бу жисмлар қаердан пайдо бўлаётгани ва нималардан далолат бериши хусусида ҳар хил фаразларни ўртага ташлашмоқда. Эзгу мақсадда муайян тушунчалар занжирини яратиб, мантиқий хулосалар чиқаришмоқда.
Уларнинг наздида, аввало, космик жисмлар, яъни метериотлар фазодан ерга қандай тушса, можароли соққалар ҳам айнан шу зайлда пайдо бўлган. Иккинчидан, ердан топилган метеоритларнинг аксарияти Қуёш системасига кирувчи Миррих ва Юпитер сайёралари орбиталари оралиғида жойлашган астероидлар (кичик сайёралар ёки кичик жисмлар) минтақасидан учиб келган. Бу минтақа аслида қандай яралгани номаълум бўлса-да, астероидлар ҳаракатланадиган орбитада юксак даражада ривожланган алланечук сайёра мавжуд бўлгани тахмин қилинади. Фалакиёт илмининг таниқли намояндалари фикрича, ўша сайёра Фаэтон деб аталади. У фазовий фалокат туфайли астероидларга парчаланиб кетган. Заминимизга беозоргина келиб тушган ҳаракатчан соққалар Фаэтонга тааллуқли бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Сирасини айтганда эса, бу жисмларнинг турган-битгани жумбоқ, асл макони қаер эканлиги ва ўзида қандай сирларни мужассам этгани инсониятга ҳозирча аниқ маълум эмас. Аммо уларнинг ерга “ташрифи” ҳамон давом этаётгани, гоҳида Францияда кузатилгани каби турфа рангли шарларга айланиб, ёмғирдек ёғаётгани бор гап!
Абдунаби ҲАЙДАРОВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0