“Ўгайлар мени мактабга юборишмас, тенгқурларим билан ўйнашимга рухсат ҳам беришмасди” – ўспиринлар нега жиноятга қўл уряпти?
Ўтган йили вояга етмаганлар 3,5 мингта жиноят содир этган. Шундан 2 минг 280 нафарини мактаб ўқувчилари ташкил қилади.
Жиноятга мойил болалар рўйхатига киритилган Жавоҳир ҳозир ихтисослаштирилган мактаб-интернатда таълим-тарбия олмоқда. Бизга айтишича, онаси эри билан ажрашгандан сўнг уни 8 ёшида бефарзанд оилага бериб, ўзи ишлаш учун хорижга кетган. Ўспирин шундан кейин рўй берган воқеаларни йиғлаб сўзлаб берди:
– Ўгайлар (у васийларини шундай атади) мени бола ўрнида кўрмас, аксинча, хизматкор деб билишарди. Уй ишларининг ҳаммасини бажарардим. Эвазига деярли ҳар куни калтак ер эдим. Гоҳида мени мактабга юборишмас, тенгқурларим билан ўйнашимга рухсат ҳам беришмасди. Шу боис дўстларим йўқ ҳисоби эди. Оқибатда ҳайвонларга меҳр қўйдим. Кўчадан дайди ит-мушукларни олиб келардим. Ўгайлар эса уларни ташқарига қувиб, мени калтаклашарди. Оила бошлиғи пиёниста эди. Мен сал катта бўлгач, ҳар куни унинг ароғидан ўғирлаб ичадиган бўлдим.
Охири хўрлашларга чидай олмай, ўтган йили уйдан қочиб кетдим. Кўча-кўйда санғиб юрган кунларимнинг бирида ички ишлар ходимлари мени ушлаб олиб, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштиришди. Икки-уч кундан сўнг ўгайларникига олиб боришди. Яна қочдим. Тағин топиб, марказга келтиришди. Агар бу сафар ҳам уларникига олиб боришса, ўзимни ўлдиришимни айтдим. Шундан кейин мени мактаб-интернатга олиб келишди.
Бу каби мисоллар муаммо болаларда эмас, катталарда эканлигини англатади. Уч-тўрт фарзанди бўла туриб, турмуш ўртоғи билан ажрашаётган эркакни ёки аёлни боласини яхши кўради, унга ғамхўр-меҳрибон деб айта оламизми? Арзимаган сабаблар билан келинини уйдан ҳайдаб чиқараётган қайнота-ю қайноналар ўз қилмишлари туфайли невараларини тирик етим қилиб қўяётганини, уларнинг қалбида ўзларига нисбатан нафрат уйғотаётганини ўйлашадими? Рўзғор кемтигини баҳона қилиб (худди ажрим уларни бадавлат қилиб қўядигандек), оиласидан воз кечаётган аёллар-чи? Алимент пулларини фарзандлари қолиб, ўз нафсини қондириш йўлида сарфлаётган айрим оналар-чи? Ўртада сарсон болалар бундай кишилардан қандай тарбия ва қандай ибрат олади?
Хуллас, сабаблар ҳам, саволлар ҳам кўп. Фарзанди ўқийдиган мактаб остонасидан бирон марта ҳатламаган ота-оналар ҳам бор. Улар боласи ножўя иш қилса, «Ўқитувчиларга давлат нега ойлик тўлаяпти?» деб аюҳаннос солишади. Ҳаётдан аламзада ота-оналарнинг айримлари эса ўғил-қизларини калтаклаб, хумордан чиқишади. Буларнинг ҳаммаси ўсмир-ёшлар тақдирида турли-туман муаммолар пайдо бўлишига олиб келади. Энг ачинарлиси, тарбияси чатоқ болаларнинг айримлари муштдай боши билан жиноятга қўл уриб, ҳам ўз келажакларини барбод қилишмоқда, ҳам жамият тараққиётига зимдан жиддий путур етказишмоқда.
“Бир болага етти маҳалла ота-она” деган мақол бор. Биз бугун, қўшнимизнинг фарзанди ҳақида қайғуряпмизми? Йўл бўйида сигарет чекиб турган ўспириннинг ёнидан индамай ўтиб кетамиз. Нари борса, хаёлимиздан “У кашандага айланганини ота-онаси билармикин?” деган фикрни ўтказамиз. Лекин юришдан тўхтаб, унга бирров танбеҳ беришни, насиҳат қилишни ўзимизга эп кўрмаймиз.
Болалар танқидий таҳлил қилишни билмайди, кўрган-эшитган нарсасини тўғри деб қабул қилади. Ёшларнинг тамаки чекишга, спиртли ичимликлар истеъмол қилишга қизиқиши катталигининг сабаби ҳам шунда. Улар алдашни, фириб беришни, зуғум қилишни ҳам катталардан ўрганишади.
Албатта, ҳеч ким фарзанди жиноятчи бўлишини истамайди. Шундай экан, унинг учун сабаб ва шарт-шароит яратиб бермаслик керак.
Таассуфки, охирги пайтларда бизда болалар билан гаплашиш кўникмаси йўқолиб бораяпти. Бировимиз ишимиз кўплигини баҳона қиламиз. Бошқа биримиз телевизорда бемаза сериални томоша қилишимизга халақит бермаслиги учун боламизни кўчага чиқариб юборамиз. Савол берса, аниқ-лўнда жавоб қайтаришдан кўра, жеркиб ташлашни афзал кўрамиз. Булар ҳам аслида навқирон авлод тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи иллатлардир.
Сирасини айтганда, келажагимиз ворислари тақдирига зинҳор-базинҳор бепарво бўлмаслигимиз керак. Билъакс, мудом уларнинг соғлиғи, овқатланиши, кийиниши, юриш-туриши, муомаласи, орзу-ўйлари билан қизиқиб, жамиятнинг бир бўлаги эканлигини чин дилдан ҳис этишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиб берсак, адашганларини тўғри йўлга солиш чораларини кўрсак, улар биз истаган ва кутган инсонлар бўлиб вояга етадилар.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0