“Иблис тузоғи”га илинган косиб
Бу ғаройиб ҳодиса 1753 йил 3 май куни Сицилиянинг Таконе шаҳарчасида рўй берди.
Қалъада ҳаёт одатдагидай давом этарди. Алберто Гордони исм-шарифли косиб ҳам эл қатори кундалик юмушлар билан шуғулланиб, ҳовлисида куймаланиб юрганди. Бирданига у ҳамманинг, жумладан, хотини ва граф Занеттининг кўз ўнгида ғойиб бўлди-қолди. Таъбир жоиз бўлса, қуёш нурида буғланиб кетган тонгги шабнамдек ном-нишонсиз йўқолди.
Бу ҳодиса гувоҳлари аввалига эс-ҳушларидан айрилаёздилар. Ўзларига келгач, косибни излашга тушишди. Ён-атрофнинг тит-питини чиқаришди. Барибир, фойдаси бўлмади, Албертонинг ўзи тугул соч толаси ҳам топилмади.
Начора, Худонинг қудратига шак келтириб бўлмайди. Йўқ нарсани бор қилиш, ҳарчанд уринмасин, хом сут эмган бандасининг қўлидан келмайди. Аммо ҳаёт кўз кўриб, қулоқ эшитмаган мўъжизаларга, кутилмаган тасодифий воқеаларга ниҳоятда бой.
Ана, исботи: орадан роппа-роса йигирма икки баҳор ўтиб, 1753 йилги ҳайратомуз ҳодиса яна такрорланди. Аниқроғи, Алберто қаерда йўқолиб қолган бўлса, худди ўша жойда пайдо бўлди. Бунданам қизиғи, у заррача ўзгармаган, юриш-туриши, кийиниши, ҳатто кўриниши ҳам 22 йил бурунгидек ўша-ўша эди. Ҳолбуки, вақт деган одил ва бешафқат ҳакам бошқаларга аллақачон ўз таъсирини ўтказиб бўлганди. Албертонинг тенгқурлари соч-соқоллари оқариб, қаддилари букчайган, ёшлар эса вояга етиб, куч-қувватга тўлгандилар.
Табиийки, қариндош-уруғлари ва дўстлари Албертодан нималар рўй берганини, у шунча йиллар мобайнида қаерларда дайдиб юрганини сўрашди. “Қизиқмисизлар? – дея ажабланди Алберто. – Мен ҳеч жойга кетганим йўқ, шу ерда эдим-ку. Орадан кўп эмас, бор-йўғи 5-10 дақиқа ўтди-ку!”
Қарабсизки, бу можаро хунук якун топди. Албертони ғирт жиннига чиқариб, савдойилар уйига йўллашди. Етти ёзу етти қиш уни ҳеч ким эсламади. Фақатгина саккизинчи йили руҳоний Марио ота йўқлаб келди. Бафуржа суҳбат чоғи қарийб ўттиз йил олдинги воқеа тафсилотларини сўради. Алберто яна эски гапларини такрорлади. “Одамлар кўзидан пинҳон бўлган маҳалим, – дея қўшимча қилди, – ўзимни торгина ерости йўлагида кўрдим. Олға юргач, оппоқ нур таралиб турган аллақандай жойга чиқиб қолдим. Кейин шу заҳотиёқ ортимга қайтдим. Бор гап шу!”.
Таажжубга тушган Марио ота Албертонинг сўзлари нечоғлик тўғри-нотўғри эканлигини текшириб кўрмоқчи бўлди. Шу мақсадда у билан бирга Таконе томон йўл олди. Улар ҳовлининг айнан ўша қисмига киришганида мўъжиза такрорланди. Бояқиш Алберто “Ерости йўлаги тахминан манави ерда эди” дея олға бир қадам босди-ю, худди аввалгидек яна кўздан ғойиб бўлди. Шундан сўнг уни қайта кўриш ҳеч кимга насиб этмади. Руҳоний ота ўзича нималарнидир пичирлаб, шоша-пиша чўқинди-да, ёнидагиларга буюрди: “Фикри ожизимча, бу ерга шайтонлар қопқон қўйган, дарҳол атрофини девор билан ўраб, устини беркитиб ташланглар!”
Шу-шу, ўша касофат жой “Иблис тузоғи” деган ном олди.
Абдунаби ҲАЙДАРОВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0