Қишни ёмон кўраман
Ўзингизни ис газидан ўзингиз асранг, чунки масъулларга бунинг аҳамияти йўқ
Қишни ёмон кўраман. Ҳа, тўғри эшитдингиз, совуқни умуман ёқтирмайман.
Нега, ахир, ҳамма болалар бу фаслни яхши кўради-ю? Қор ёғса, маза қилиб, сирпанчиқ учишади, қорбўрон ўйнашади, дейсизми? Балки шундайдир. Аммо мен ва укаларим билан ундай бўлмайди. Эсимни танибманки, биз бундан қувонмаганмиз. Тўғрироғи, бу фаслнинг тароватидан бошқалар сингари завқланолмаймиз. Чунки…
Шу фаслда отам қаттиқ қайғуга ботади. Уйни иситиш учун кўмир, ўтин излашга тушади. Уларни сотиб олишга пул орттиролмай, эзилади. Онам изтироб чекади. Қўллари совуқда қақшаб, отам олиб келган ўтинни майдалаб, печкага солади. Буларни ота-онам уйимизни иситиш учун эмас, шунчаки илитиш, бизни совуқдан дийдираб қолмаслигимиз учун қилади.
Бу ҳам етмагандек, қаҳратонда мактабга борарканмиз, оёғимиздан сув, танамиздан совуқ ўтади. Мактабимиз ҳам иссиқ эмас. Кун бўйи жунжикиб ўтирамиз.
Дадам билан ойимнинг бизга иссиқ ва қиммат оёқ кийим олиб беришга қурби етмайди-да. Боиси уларнинг даромади кам. Рўзғорни аранг тебратишга етяпти, холос.
Мен бу гапларни ношукурликдан айтаётганим йўқ. Шукур, ота-онам ёнимда. Тани-жонимиз соғ-саломат. Лекин…
Яқинда ўртоғимнинг ота-онаси ўлиб қолди. Кўмир элтибди. Дугонам роса йиғлади. Унинг дод-фарёди уйимизгача эшитилди. Битта укаси билан ёлғиз қолди. Энди уларнинг ҳоли не кечади? Ким эркалайди, ким боқади уларни? Ўртоғим, айниқса, дадасини қаттиқ яхши кўрарди… Укаси ҳали роса кичкина эди…
Шу воқеадан сўнг дадам шўрлик кечалари ухламаяпти. Тепамизда ўтириб чиқяпти. Биздан хавотирда. Нега шундай бўляпти? Нима учун катталар бизга бунинг сабабларини тушунтириб беролмайди? Ахир, ўтган йили бир амаки (Энергетика вазири) «энди газ ва свет ўчмайди», деб ваъда берган эди-ку! Биз шу гапларга ишонгандик! Лекин ундай бўлмади-ку! Совуқ тушиши билан яна газ пасайиб кетди. Печка қуриб, кўмир, ўтин ёқишга мажбур бўляпмиз. Ёки у одам ҳаммани аввалгидек алдаяптими?
Тўғри, бу бўйича ҳар йили мактабимизда тадбир уюштирилади. Нотаниш амакилар келиб, ташвиқот олиб боради. Ис газидан эҳтиёт бўлиш борасидаги чақириқларни телевидение орқали ҳам кўриб турамиз. Радиодан эшитамиз. Бироқ, шу билан муаммо барҳам топмаяпти-ку!
Мана, масалан, маълумотларга кўра, йил бошидан то ҳозирги кунгача газ билан боғлиқ 74 та (2023 йилда 86 та) ҳолат содир бўлибди. Бунинг оқибатида 82 киши вафот этибди, 80 нафар инсон турли даражадаги тан жароҳати олибди. Булар орасида бир оиланинг барча аъзолари ис газидан заҳарланиб, вафот этган ҳолатлари ҳам бор экан. Афсус, минг афсус…
Ўтган ҳафтада Бухоро вилояти Жондор туманидаги хонадонларнинг бирида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида оила бошлиғи ва унинг турмуш ўртоғи вафот этибди. Оиланинг 4 нафар фарзанди бўлиб, улардан 2 нафари куйиш жароҳатини олибди.
Куни кеча Андижонда содир бўлган машъум ҳалокатдан хабар топдим. Ўқитувчимизнинг айтишича, эр-хотинни кўмир элтибди. Уч нафар норасида боласи етим қолибди. Мен билан тенг қизи дод-фарёд солиб, ота-онасининг тобути ортидан эргашибди… Бу воқеа менга қаттиқ таъсир қилди. Роса йиғладим. Ахир, уларнинг нима айби бор эди? Уларнинг ноласига ким қулоқ тутади? Ота-онасининг ўрнини ким босади? Уларнинг дил ярасига ким малҳам бўлади?
Таассуф, ҳар йили қиш келди дегунча ижтимоий тармоқларни одамни ларзага соладиган, бутун вужудини титратиб юборадиган мана шундай машъум хабарлар тутиб кетади.
Мутасаддилар бунда одамларни айблашади. «Эҳтиётсизлик оқибати», дея ҳалокатни ҳаспўшлашади. «Тақдири шу экан», дея масъулиятни ўзларидан соқит қилишади? Кези келса, аҳолини ўғриликда айблашдан ҳам тойишмайди. Чунки уларнинг уйида ҳамиша баҳор. Газ-светдан муаммоси йўқ. Кўчасида ҳар доим байрам. Болалари ис газидан ўлмайди.
Аслида одамларни айбдор қилишдан осони йўқ… Лекин газ ва электрнинг асосий ўғриси оддий одамлар эмас! Метан заправкалар, ишлаб чиқариш корхоналари, оҳак цехлар, цемент заводлари миллиард сўмли газ-электрни ўғирлаб келгани ҳақида эшитамиз. Хўш, улар кимлар? Қайсидир амалдорни жияни, қудаси ёки юқорида таниш-билиши бор инсонлар… улар биз кабилар эмас. Бироқ айбдор – оддий одамлар… калтак яна шуларнинг бошида синади…
Токи, масъуллар муаммони ўзидан соқит қилишда давом этар, бу бўйича катта минбарларда жиддий гаплар айтилмас экан, ҳаммамиз ўзимизни асрашга мажбурмиз. Масалага енгил қарашга, айниқса, биз олис қишлоқликларнинг «бу ҳолат мен ва оилам билан содир бўлмайди», деб ўйлашга ҳаққимиз йўқ. Чунки олов – тилсиз ёв, деб бежиз айтишмайди. У тўсатдан, айтмасдан, огоҳлантирмасдан, кутилмаганда, кутмаган жойимиздан келади. Шундай экан, ҳар биримиз аввало, ўзимизни, оиламизни мол-мулкимизни бу кўринмас балодан асрайлик. Зотан, қиш энди бошланди. Олдинда бизни нималар кутаётгани ёлғиз Яратганга аён...
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0